“ЗАРАФШОН ТЕКСТИЛ” ИШ БОШЛАДИ


Яқинда туманимизда йирик енгил саноат корхонаси “Зарафшон текстил” МЧЖ Иштихон филиали иш бошлади. Яхши ниятлар билан пойдеворига тамал тоши қўйилган, халқимиз анчадан буён орзиқиш билан кутаётган енгил саноат корхонасининг очилиш маросимида туман ҳокими Ш.Негматов иштирок этди ва туман ижтимоий-иқтисодий ҳаёти учун муҳим бу воқеа билан барчани қутлади.

 Маълумки, шу йилнинг 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ёшлар таълим тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказдилар. Ушбу ташаббусларнинг бешинчиси айнан ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари лойиҳасидир. Унга кўра, 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёлларни банд этиш масаласи кўзда тутилган.


Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу хайрли ният ва узоқни кўзлаб амалга оширилаётган режалар замирида халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, қишлоқларимизга саноатни олиб кириш, она заминимизда етиштирилаётган маҳсулотларни шу ернинг ўзида қайта ишлаш ва истеъмолчиларга тайёр маҳсулот  етказиб бериш, шу йўл билан хўжаликнинг қуйи тизимларида реал даромадни ошириш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини тўла таъминлашга эришиш, фаровонлигини янада оширишдек улуғ мақсадлар мужассамдир. 


Бугун туманимизда янги бир саноат корхонаси иш бошлайди. “Зарафшон сифат текстил” корхонаси очилиши муносабати билан туманимизда истиқомат қилаётган 420 нафар опа-сингилларимиз, қизларимиз доимий иш ўрнига эга бўлишди. Айтиш жоизки, бу кунга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Ушбу корхонанинг иш бошлаши муносабати билан кўплаб хотин-қизларимиз бир неча ойлар давомида Самарқанд шаҳрида алоҳида ўқув амалиётидан ўтдилар. Бу жараёнда улар енгил саноатда ишлаш сир-асрорларини қунт билан ўрганишди, амалий машғулотлар ёрдамида ўз маҳоратлари оширдилар. Ана шу даврда ҳам уларга белгиланган миқдорда ойлик маошлар бериб борилди, касб-сирлари тўла ўргатилди.

Демак, бугун янги корхона ўзининг малакали мутахассислари, тикувчилик касби синоатларидан тўла хабардор маҳаллий кадрлар билан таъминланган ҳолда иш бошлайди. Бу эса дастлабки кунларданоқ янги саноат корхонасининг тўла қувват билан ишлашини таъминлайди, келгусида уни янада кенгайтиришга мустаҳкам замин яратади.

Энг қувонарли жиҳати фабрикада ишлаб чиқариладиган тайёр трикотаж маҳсулотларининг асосий қисми жорижий давлатларга экспортга йўналтирилади, - дейди корхона директори Самариддин Шаропов.

Олим ҚЎЧҚОРОВ.