КОРРУПЦИЯДАН ЙИРОҚ БЎЛАЙЛИК!

    

Ўзбекистон "Адолат" СДП ташкил топганлигининг 26 йиллиги кенг нишонланди. Кенг жамоатчилик билан "Биз   коррупцияга қаршимиз!" шиори остида ўтказилган тадбир барчада қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Иштихон туман Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари    билан учрашув бўлиб ўтди.

Уларнинг онгига коррупциянинг жамият ривожланишига салбий    таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда   ҳуқуқий билимини ўстириш,  коррупцияга қарши      нафрат уйғотиш мақсадида иншолар танлови ўтказилди

"Биз коррупцияга қаршимиз!" мавзуидаги иншолар танловида тумандаги 92 та умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан 400 тага яқин иншолар қабул қилинди. Ўтказилаётган танлов натижалари бўйича мактаб ва туман босқичлари ғолиблари аниқланиб тақдирланмоқда. Танлов якунида юқори ўринларни қўлга киритган ғолиблар ва уларнинг ўқитувчилари суратлари билан Республикада чоп этиладиган иншолар тўплами китобига киритилиши режалаштирилди.

Танловнинг туман босқичида 6-8 синфлар ўртасида 89-умумтаълим мактаби ўқувчиси Б. Баҳриддинов 1-ўринни қўлга киритди, 9-11 синфлар ўртасида 2-ИДУМ ўқувчиси Т.Синдарованинг иншоси "Энг яхши" деб баҳоланди ва вилоят босқичига йўлланма берилди. Шунингдек, ғолиблар эсдалик совғалари,  ташаккурнома ҳамда китоблар жамланмаси билан тақдирланди. 

- Коррупцияга қарши курашишда энг аввало аҳолини ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш муҳимдир,-дейди танлов қатнашчиси Маржона Қосимова.- Бугунги танлов ҳам биз ёшларни  Ватанга садоқат, касбига фидойилик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эгадир. Иншони ёзар эканман, ўз олдимга келажаги буюк мамлакатимизда   коррупцияга ўрин йўқлиги, унга қарши курашиш учун муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилиб олдим. 

Ўтказилган тадбирларда иқтисодий суди раиси Н.Умаров, туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси И.Еткиров, туман ИИБ тезкор гуруҳ вакили  Ш.Шаймановлар сўзга чиқдилар. Ўқувчилар билан ҳуқуқий  саводхонлик дарслари ўтилди. Мактабларда "Коррупцияга биргаликда курашамиз!" мавзусида расмлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.


Ш. АСТОНОВ,

Ўзбекистон  "Адолат"СДП Иштихон туман Кенгаши раиси.

М.РАҲИМОВ,

Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати.