УЛАР ЛОҚАЙДЛИК ҚУРБОНЛАРИ...


15 майдан 16 майга ўтар кечаси, тонг яқин. Хонадонларда осойишталик ҳукмрон. Ота-оналар, фарзандлар, бобо ва бувижонлар ором оғушида. Ҳамманинг эртанги кундан кўнгли тўқ, ҳар қандай хавотирдан ҳоли, тонг отганда сабоҳнинг сўлим ҳавосидан баҳраманд бўлиб кўз очишларига ишонган ҳолда ҳузурланиб ухлашаётир. Аммо... Аммо, тарихи олисларга туташ Чимқўрғон адирларидаги бир хонадон аҳлига бу ором насиб этмади. Чексиз умид, орзу ҳаваслар билан бунёд этилган бир оиладаги беш нафар инсон шу кунги тонгнинг бетакрор гўзалликларидан бебаҳра бўлди. Ҳар куни завқланиб кузатадиган, қизғалдоқларга бурканган қирлар нашидасини сурмади... Ўзининг инсонийлик қиёфасини йўқотган жиноятчилар бу хонадонда яшовчи беш нафар инсоннинг умрига зомин бўлдилар.  


Кун чошгоҳга етмай эса ҳудудда ушбу мудҳиш ҳодиса ҳақида турли "миш-миш"лар тарқалди. Одатдагидек, ҳақиқий ҳолатни кўрган ёки кўрмаганига қарамай одамлар бу воқеа ҳақида ўз тахминларини тўқиб-бича бошладилар. Кимдир қотилларни ваҳшийликда айблади, бошқа биров эса  жиноятнинг сабабларини марҳумлар ва номаълум қотиллар ўртасидаги қандайдир муносабатларга боғлашга уринди.

Лекин бу ҳақда сўзлаган-у эшитган борки, фақат битта гапни бир хилда қайта-қайта такрор этди: "Ахир, фарзандларнинг гуноҳи нима эди?!  Нега уларни ҳам ўлдиришди? Агар аламлари бўлса, оиланинг катталаридан олишса бўлмасмиди?!" 

Минг афсуски, ҳақиқат аччиқ, ҳақиқатнинг тиғи оғир! Шу куни тунда туманимизнинг Чимқўрғон МФЙ,Юқори Чимқўрғон қишлоғида яшовчи 1969 йилда туғилган Абдурашид Холбоев хонадонида мудҳиш қотиллик юз берди. Бунинг оқибатида хонадон соҳиби, унинг турмуш ўртоғи 1974 йилда туғилган Зуҳра Холбоева, ўғиллари 1998 йилда туғилган Жаҳонгир Исломов, 2002 йилда туғилган Аббосбек Исломов ва 2006 йилда туғилган Озод Исломовлар оламдан кўз юмганлиги, уларнинг абгор ҳолдаги жасадлари қўшни Қўшработ тумани, Дўстлик маҳалласи,  Боқичиғатой қишлоғидаги "Олтин-мерос" фермер хўжалиги ер майдонида марҳумларнинг оиласига тегишли бўлган "Дамас" русумли автомашинада қолдирилганлиги рост эди.

Тезкор хабар етиб келганиданоқ воқеа жойига зудлик билан Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, Бош прокуратура ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқдилар. Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Иштихон туман прокуратураси томонидан   Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилди. 

Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида тўрт кун ичида жиноят кимлар томонидан содир этилганлиги аниқланди, гумонланувчилар қўлга олинди, қотиллик бўйича далилий ашёлар топилди. Мудҳиш ҳодисанинг сабаблари эса одамлар таҳлика билан шов-шув кўтарганидан бироз бошқача, ҳатто жуда жўн, яъни ўзганинг моддий бойлигини эгаллаш эканлиги эса бу ҳақда ўқиган, эшитган ҳар бир замондошимиз қалбидаги жиноятчиларга нисбатан бўлган нафратини янада оширди. 

Шу муносабат билан вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг тегишли идоралар раҳбарлари ҳамроҳлигида туманимизга ташриф буюриб, фаоллар   ҳамда     Чимқўрғон қишлоғи аҳли билан юзма-юз учрашиши воқеага янада аниқлик киритди.

Аслида ҳеч бир жиноят режаси бир ёки бир неча лаҳзада пишиб етилмайди. Ўзаро тил бириктириш, керакли манзилни кузатиш, зарур ашёларни ҳозирлаш, қулай фурсатни кутиш... Энг муҳими, бу манфур мақсадни амалга ошириш учун руҳан тайёр бўлиш учун албатта, маълум бир вақт керак. Ана шу вақт ичида гумонланувчиларнинг ҳар бири ўз оиласи, ота-онаси бағрида, яқинлари билан мулоқотда, ҳатто таниш-билиш-у дўст-биродарлари билан муносабатда бўлгани табиий. Ажабо, юракларда пишиб етилаётган жирканч иллатнинг илк нишоналари наҳотки бир бор бўлса-да юз кўрсатмаган бўлса?  

Бунга ишониш қийин, жуда қийин! Фақат бунга етарлича эътибор берилмаган. Ҳолбуки, ҳар қандай шароитда бизни эшитадиганлар бор. Ҳар бир қишлоқда "Жамоатчилик назорати маскани", "Профилактика нозири уйи", навбатчилар рўйхати, маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида у-бу йўналишлар бўйича қатор кенгашлар, фаоллар рўйхати,  расмиятчилик   учун ўтказиладиган тадбирлар, маънавий-маърифий тарғиботлар... Эҳ-ҳе, қоғозларда ҳаммаси жойида, ҳаммаси рисоладагидек! Афсуски, бу ҳушёрлик, истиқбол режалари, эътибор ҳамма-ҳаммаси бир вақтлардагидек ҳанузгача фақат қоғозларда ҳисобот учун "яшамоқда". Демак, ҳануз   лоқайдлик, ўзибўларчилик, ҳайбаракаллачиликдек одатий "анъаналар" гирдобидамиз! 

Агар шундай бўлмаганида, оилавий ажримлар, маст ҳолатда ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жиноятга мойиллик, "эҳтиётсизлик оқибатида тан жароҳати етказиш" ва ниҳоят бутун мамлакатнинг эътиборига тушадиган даражадаги шавфатсиз қотиллик юз бермас эди! Агар гумонланувчиларнинг ота-онаси, дўсту-биродари, ҳамюрт қадрдонлари улар қалбига маърифат нурини илинганларида бугун бу навқирон инсонлар бир лаҳзалик нафс балоси гирдобига тушиб тўғри йўлдан адашмас эдилар.

Ҳақиқат аччиқ, аммо, у - ҳақиқат! Юз берган мудҳиш ҳодиса ҳар биримизга ўн, юз бора сабоқ бўлса арзигуликдир. Лоақал энди кўзни каттароқ очиш фурсати етди назаримизда. Зеро, ҳаётда йўл қўйилган ҳар қандай яхши ишнинг мукофоти ўзимизга бўлгани каби, хатоларнинг изтироби ҳам ўз бошимизга ёғилиши ҳақиқат. Ер юзида инсон мўътабар этиб яратилди, унга бошқа ҳеч бир жонзотга раво кўрилмаган ақлу-заковат берилди. Бу фақат яхшилик, яратиш, бунёд этиш учун эди аслида. Бу ҳақда Қуроъони Каримда шундай сатрлар битилган: "Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари - халифаси бўлишини ирода этган экан, демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган зотнинг ишончини оқламоғи, яратган зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак". Ва яна: "Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса - ИЛМ-МАЪРИФАТ.  Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин".

Келинг, дунёга очиқ кўз, ёруғ юз билан қарамоқ учун аввало, ўзимизни ислоҳ қилайлик. Ўзимизни ислоҳ этмас эканмиз, ғойибдан шараф кутиб бўлмайди!

Муқаддам  ҲАЙИТОВА, журналист.