Ш.НЕГМАТОВ: МАНА, ИМКОНИЯТ, ҲАРАКАТ ЭСА СИЗДАН..!

Халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишини туман ҳокими    Ш.Негматов  бошқарди.

Сессия иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг  бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да   амалга оширишга  оид  давлат дастури тўғрисида" ги  Фармони ижросини таъминлашда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақида ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича туман ҳокими ўринбосари  О.Тожихоновнинг ҳисоботи тингланди. 

Шунингдек, Иштихон Педагогика коллежи директори Д.Узоқов коронавирус  пандемияси   шароитида  2020-2021 ўқув йили қандай бошланганлиги ҳақида ахборот берди.

ҲУНАРМАНДЛАР БИЛАН ЁНМА-ЁН

Кундалик ўзгаришларни кузатар эканмиз, Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат  идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган тамойили ўз исботини топаётганлигининг шоҳиди бўламиз. Ҳудудларда олиб борилаётган ўзгаришларни кузатган киши шундай хулосага келиши табиий. Ҳар бир оиланинг ҳаёт тарзи ўрганилмоқда. "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган оилаларга  10 сотихдан 1 гектаргача ер берилиши, ўзлаштириш учун  субсидиялар ажратилиши  ёшлар ва аёллар  бандлигини   таъминлаш, камбағалликни қисқартиришда муҳимдир.

 Давлат Дастури ижросини  ўз вақтида ва   сифатли таъминлаш мақсадида   туманда 4  йўналиш ва 60 банддан иборат  дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ёшларни қўллаб-қувватлашнинг  2 муҳим йўналишида, яъни  ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларни  касб-ҳунарга ўқитиш орқали  бандлигини таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш асосий мақсаддир. "Ёшлар дафтари"га  15824 нафар ишсизлар киритилган. Уларнинг 7871нафари  доимий даромади бўлмаганларни ташкил этади. Мурожаатлар инобатга олиниб, Зарбанд МФЙ ҳудудидан ёшларни қишлоқ хўжалиги билан машғул бўлишлари учун  100 гектар ер   ажратилди. Шу билан 200 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Йиллар синовидан ўтган "Устоз-шогирд"    анъанаси бугун ҳам қўл келаётир. Ҳунар ўрганиш истагида бўлган 45 нафар ёшларга  амалий ёрдам кўрсатилди. 24 нафар ёшлар ҳам ҳунармандлар ёнига келиб,шогирд бўлиб иш бошладилар. Оғир ижтимоий  аҳволда бўлган,  рўйхатга олинган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида  341 нафарига ишлаб чиқариш,  165 нафарига хизмат кўрсатиш, 329 нафар ёшларга эса қишлоқ хўжалиги йўналишларида фаолият бошлашлари учун кредит ажратилади. Айни вақтда 22 нафарига 720 млн сўм маблағ берилди. 


ДАМАРИҚ МФЙДА КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИ БЎЛАДИ


Ҳаёт тезкор. Вақтдан унумли фойдаланишни талаб этади. Туман бандликка кўмаклашиш марказига иш сўраб мурожаат қилган 827 нафар ёшлар ўз мутахассисликлари йўналишларида иш билан таъминланди. 188 нафар ишсиз ёшлар ҳам доимий ишли бўлдилар. Норасмий секторда  банд бўлган  2269 нафар уюшмаган ёшлар фаолиятини расмийлаштиришга кўмаклашилди. 394 кишининг маҳорати оширилиб, касбга тайёрланди. 64 нафар ёшлар  турли соҳаларда ўқитилиб сертификат берилди. 29 нафарига кооператив ташкил қилиш, 47 нафарига субсидиялар ажратиш орқали бандлиги таъминланди. Қисқаси, бекорчиликка имкон бўлмайди.

Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида  Дамариқ МФЙ ҳудудида "Ёшлар кичик саноат зонаси" ташкил этилади. Катта имкониятлар яратилиши     кўзда тутилмоқда. Ёшлар турли соҳаларда иш бошлайдилар. Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари тажрибасини қўллаган ҳолда          39-умумтаълим мактабининг  бўш турган бинолари, қўшимча 0,61 гектар ер майдони самарали   фойдаланиш учун ажратилади.

Ҳаракат ва изланишлар самараси шундай бўлди. Туманда "Ёшлар дафтари"ни шакллантириш давомида уларнинг муаммолари ўрганилди, туман маҳаллий бюджети ҳисобидан  675 млн сўм маблағ ажратилди. 241 нафарига эса асбоб-ускуналар берилди. Энди ёшлардан  фақат ғайрат талаб         этилади.


ЯНГИ РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

"Ёшларни қўллаб- қувватлаш ва аҳоли саломатлигини   мустаҳкамлаш йили"  ўзига хос янги режалар билан бошланди. "Меҳрибонлик уйи"нинг      1 нафар тарбияланувчиси уй-жой билан таъминланади. Шунингдек, тумандаги Қирқйигит МФЙ ҳудудидаги МТТ қайта таъмирланади. Тойтуёқ МФЙ Хўжақўрғон қишлоғида   60 ўринли, Азамат МФЙда ҳам худди шундай янги  МТТ қурилиши   режага киритилди. Янги ўқув йилига қадар   64-умумтаълим мактаби ўқувчилари учун 220 ўринли бино қурилади,             35- умумтаълим  мактаби биноси қайта таъмирланиши кўзда тутилмоқда.Бундан ташқари айни вақтда фаолият кўрсатаётган 3 та умумтаълим мактаблари ихтисослаштирилган мактабларга айлантирилади. Жумладан,       51-умумтаълим мактаби химия-биология, 41- умумтаълим мактаби АКТ информатика, 4-умумтаълим мактабида математика фанларига ихтисослашган таянч мактаблари ташкил этилади. Ёшлар бу таълим масканларида ҳар томонлама пухта билим олиш имкониятига эга бўладилар.

Туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч "Тез тиббий ёрдам" бўлимида туманлараро қўшимча       шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази ташкил этилмоқда. Равот қишлоғидаги Сўғот қишлоқ врачлик     пункти қайта қурилади.  "Бўстон-103" шифокорлар оилавий пункти, "Меҳнат-роҳат"-103" шохобчаси қайта таъмирланиб, замонавий тиббиёт масканига айланади. Буларнинг барчаси халқимизнинг фаровон,соғлом ҳаёт кечиришлари учун ғамхўрлик ифодасидир.


ЎЗ МУХБИРИМИЗ.