МТТ: ЕТКАЗИЛАЁТГАН ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ СИФАТЛИМИ?

Болалар саломатлигини сақлаш, улар учун юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш кун тартибидаги энг муҳим вазифалардан бири. Мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат, айниқса сифатили гўшт таъминотини яхшилаш бўйича Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши қошида алоҳида назорат гуруҳи иш олиб бормоқда. 

   Гап шундаки, гўшт ва гўшт маҳсулотлари сифати инсон саломатлигида муҳим ўрин тутади. Болажонлар учун етказиб берилаётган гўшт маҳсулотлари сифатли, тоза ва албатта, хавфсиз бўлиши шарт. Шунингдек, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҳам худди ана шундай талаб қўйилган.


Мақсадга эришишда эса таъминотчининг аниқ бўлиши, яъни масъулиятни ўз зиммасига ола билиши асосий масаладир. Айни пайтда туманда фаолият кўрсатаётган  МТТларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш масъулиятини “Qo`chqorov Husniddin chorvalari” ФХ, “Akobir agro xizmati”, “Bahor Fayz maskani” МЧЖ, “Safarboy Tirkashev” ва “Marg'iyona Fazindasi” фермер хўжаликлари, “Ishtixon Lazzati Plyus” MЧЖлар ўз зиммасига олишган.

 Бу борада туманимизда барча зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Айни пайтда “Болалар соғлиги ва хавфсиз овқатланиш шўъбаси” ва “Иштихон лаззати” МЧЖ   МТТларга сифатли гўшт етказиб берилиши бўйича масъулиятни ўз зиммасига олишган. Сўйилаётган чорва молларининг ёш ва соғлом, барча касалликларга қарши эмланган, ветеринария кўригидан ўтказилган бўлиши назорат қилиб борилмоқда. Таъкидлаш лозимки, МТТлар учун ҳар қандай чорва молининг гўшти тўғридан-тўғри жўнатилишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, уч ёшдан ошган сигирларнинг гўшти ҳам истеъмолга яроқли ҳисобланмайди. Сўйилган ҳар бир чорва моли гўштининг сифати аввало, ветеринария экспертиза -лаборатория текширувидан ўтказилади. Сўйиш корхонаси раҳбари У.Тойиров, ветеринария шифокори З.Шариповларга  келтирилган моллар махсус беркитилган мутахассис ва депутат иштирокисиз сўймаслик вазифаси топширилди.


Ўз навбатида мактабгача таълим муассасаларининг раҳбарлари, хўжалик мудирлари, ҳамширалар ва ошпаз ва энагалар ҳам бу масалада масъул ҳисобланадилар. Муассаса омборларида маҳсулотларни сақлаш, овқат тайёрлаш ва уни кичкинтойларга беришда барча қоидалаларга риоя этилиши шарт. Бузилган озиқ-овққат маҳсулотларини ишлатиш асло мумкин эмас. 


Дилбандларимиз саломатлигини асрашда улар учун етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг зарарсиз ва сифатли бўлиши катта аҳамиятга эга. Буни таъминлаш эса бизнинг зиммамиздадир. Шундай экан, ушбу масалага эътиборли бўлайлик.


Фахриддин АБДУРАЗЗОҚОВ,

Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати.