ИШТИХОНЛИК ПАРААЛИМПИЯЧИ БАА ДАН КУМУШ МЕДАЛЬ БИЛАН ҚАЙТДИ!


Баъзан инсон иродаси қаршисида лол  қоласан киши. Зотан, ҳаёт одамларнинг иродаси, ақл-идрокини турли синовлар орқали имтиҳон қилади. Кимдир бу синовларни матонат билан енгиб, истиқболга эришади, бошқа биров эса тушкунликдан чиқа олмай изтиробга тушиб қолади. Мансуржон Ғойибназаров ёш бўлишига қарамай, кўпгина синовларни енга олди ва Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Гран-При мусобақаларининг кумуш медали билан тақдирланди.

 - Фарзандимнинг бу ютуғини эшитганимда, очиғи ишониш ёки ишонмаслигимни ҳам билмай қолдим,-дейди Мансуржоннинг онаси Ойширин Тўйчиева. – Чунки, унинг чиқишларини телевидение орқали кузатиб бора олмадим. Ҳар куни телефонлашиб турсам-да, ўзи то уйга қайтгунича бу ҳақда ҳеч нарса демади. Ўғилларим ва келинларим “Онажон, Мансур ғалаба қозонди!”-дейишади. Мен эса буни фарзандимнинг ўзидан эшитишни кутдим. 15 февраль куни тунда уйга қайтиб келди. Бағримга босиб кўришдим, олиб келган совғаларини топширди. Мен эса ундан хушхабар кутаман, денг! Ниҳоят ғолиблик медалини тақиб,ёнимга келди. “Мени табрикланг, онажон!” деди. Уни табриклар эканман,  йиғлаб юбордим. Неча йиллик изтиробларим унутилди, ниятимга етдим!

 Дарҳақиқат, фарзанднинг биринчи ва яна чин дўсти унинг ота-онасидир. Ота-она учун оилада ҳар бир фарзанднинг ўз ўрни бор. Фақат Ойширин Тўйчиева Мансуржонни барча фарзандларидан ҳам кўра кўпроқ ардоқлашга ҳаракат қилди.Мактабдан, тенгдошлари ёнидан қайтганида аввало, унинг кайфиятига эътибор берди, кўнглини кўтаришга интилди. 

 Мансуржон 1-ИДУМнинг 9-синфини битиргач, Иштихон Қурилиш ва коммунал хизмат касб-ҳунар коллежида ЭҲМ оператори йўналиши бўйича таҳсил олди. Дўстлари билан иноқ бўлди,одобли, мулоҳазали йигит бўлиб улғайди. Коллеждаги машғулотлар ниҳоясига етганидан сўнг уйда қолгач унинг зерикаётганини, ҳаётдан ўз ўрнини топиш ҳақида кўп ўйлашини сезган она қандай йўл тутишни билмай қолди. Бирор бир таклиф айтишга эса иккиланди, боласининг дилини оғритиб қўйишдан қўрқди. Шундай кунларнинг бирида телевизорда параалимпиячиларнинг ютуқлари ҳақида кўрсатув бўлди. Кўрсатувдан сўнг Мансуржон:

-Она, мен ҳам спортга жуда қизиқаман. Бир ҳаракат қилиб кўрсаммикан...-деган мулоҳазани айтганида она унинг бу ниятини қўллаб-қувватлади.

 Шундай қилиб, аввал Ўзбекистон Республикаси Параалимпия ассоцацияси Самарқанд бўлимига мурожаат этишди. Бўлим ходимлари Мансуржон  Ғойибназаров ҳақидаги маълумотларни Тошкентга етказишди. 2019 йилнинг 3декабрида уни Тошкентга таклиф этишди ва ассоцация бош мураббийси   Сардор Абдухолиқов Мансурга енгил атлетиканинг ядро улоқтириш тури билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратиб берилишини таклиф этди. Мансуржон ёрдамчи мураббий Мавлон Ҳайдаров ёрдамида ғайрат билан машғулотларга киришиб кетди. Дастлабки натижалар ёмон бўлмади. Тинимсиз машқлар ўз натижасини берди. Саралаб олинган  спортчилар қаторида у Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган Халқаро Гран-При беллашувларида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритиб, 5 нафар кумуш медали соҳиблари қаторидан муносиб ўрин эгаллади.

 - Мусобақаларда 39 нафар спортчи иштирок этдик,-дейди Мансуржон Ғойибназаров.- Жамоамиз 13 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 24 та медалларни қўлга киритиб, Таиландлик спортчилардан кейин фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

 Ҳа, ушбу ютуққа Иштихон фарзанди Мансуржон Ғойибназаров ҳам муносиб ҳисса қўшди. Ғалабадан руҳланган ҳамюртимиз айни кунда навбатдаги мусобақаларга тайёргарлик кўришни бошлаб юборди. Шу билан биргаликда у эндигина спорт оламига кириб келаётган жияни Жавоҳирнинг ҳам қўл жанги спорти сир-синоатларини пухта ўрганишига яқиндан ёрдам бермоқда. Фарзандининг ҳаётда ўз ўрнини топаётганидан унинг ота-онаси Маманазар ака Шерназаров ва Ойширин Тўйчиевалар жуда мамнун.

- Бу оила яхши фарзандлар ўстириб, маҳалламизда алоҳида ҳурмат қозонган,- дейди Қорақўйли МФЙ фаоли, нафақадаги ўқитувчи Усмон Омонов,- Ягона қизлари Озода намунали оила бекаси. Хонадоннинг икки ўғлони Умиджон ва Мақсуджонлар ҳарбийликни танлаб, юрт тинчлиги йўлида хизмат қилишмоқда. Мансуржоннинг ютуғидан фақат унинг ота-онаси эмас, бутун маҳалла фахрланди.

Инглиз драматурги Бернард Шоу таъбири билан айтганда, ирода йўқ жойда, муваффақият ҳам бўлмайди. Мансуржон ҳам ҳаёт синовларини ўзининг кучли иродаси билан енгил, олға интилмоқда. Биз унинг янада катта ютуқларга эришишига игонамиз!

Муқаддам ҲАЙИТОВА.