ДИҚҚАТ, ЗИЛЗИЛА! ЕР ҚИМИРЛАГАНДА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Зилзила, ер қимирлаш — ер пўстида ёки мантиянинг юқори қисмида тўсатдан силжиш, синиш ёки ўпирилиш рўй бериши оқибатида вужудга келадиган ва тўлқинсимон тебранишлар тарзида узокларга тарқаладиган ер ости силкинишлари ва тебранишдир. 

   Зилзила вақтида ҳар қандай одам саросимига тушиб қолиши мумкин. Кўпчилигимиз бундай ҳолларда нима қилишни, зилзила вақтида қандай қилиб жон сақлашимиз мумкинлигини билишимиз лозим. 


 Ер қимирлаганда аҳолини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини билиб олинг!


1. Ер силкиниши хавфи бўлганда бинодан чиқиш йўлини олдиндан белгилаб қўйиш керак. Ёдингизда бўлсин - ер сикиниши ярим тунда ҳам юз бериши мумкин.    

2. Чиқиш йўллари,    эшиклар одамлар билан тирбанд бўлиб,    ташқарига тез чиқишни қийинлаштиради.    Бинони зудлик билан тарк этиш биринчи қават деразалари орқали ҳам амалга оширилади.  

3. Уйингиздаги хавфсиз жойларни олдиндан белгилаб қўйинг,   бу - хонанинг асосий деворлари орасидаги бурчаги,   ички эшиклар ўрни,   стол,    каравот,   станоклар ости бўлиши мумкин.   Ер қимирлаганда уйнинг энг хавфли жойлари – ички ва ташқи дераза остилари,   деворларнинг ойна билан қопланган қисмлари,   айниқса охирги қаватлардаги бурчакда жойлашган хоналар,   лифт ва зинапоя майдончалари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.  

4. Оила аъзоларингиз ва болаларга хавфсиз жойни эгаллашни ўргатиш зарур. 

5. Оила аъзоларингиз ва ўзингиз уйингизда газ,   электр,   сувни ўчириш йўлларини билишингиз лозим.

6.  Қария,   ногирон ва болалар хавфсилигини таъминлаш йўлини олдиндан ўйлаб қўйинг. 

7. Хоналардаги шкаф,  китоб жавонларни деворларга маҳкамлаб қўйинг.  Уй жиҳозларини ухлайдиган ўринларга йиқилмайдиган ҳолатда,   эшик ва чиқиш йўлларини тўсиб қўймайдиган қилиб жойлаштириш керак. 

8. Жавонлар,  шкафлар устидаги оғир буюмлар қаттиқ маҳкамлаб қўйилиши ёки одам устига тушиб кетиши мумкин бўлган буюмлар пастга ёки ишончли жойга жойлаштирилиши шарт. 

9. Жавонларни дам олиш ўринларидан,  хонага кириш эшигидан,  раковина ва унитазлардан узоқроқ жойга ўрнатинг. 

10.  Уйга кириш йўлини,  йўлакларни ва зинапояларни буюмлар билан тўсиб қўйманг. 

11.  Тез алангаланувчи ва ўювчи суюқликлар солинган идишларни ер қимирлаб,  бино силкинганда тушиб кетиб,  портлаб ёки ёниб кетмайдиган хавфсиз жойда сақланг.

12.   Жароҳатланганда,  умуман хар қандай хавф бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини ўрганинг.  Доимо уйингизда дори-дармонлар,   биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қутичасини сақланг.  

13.    Гараж ёки дала ҳовли ертўласидан яшириниш жойи сифатида фойдаланиш мумкин.   У ерда офат тугагунга қадар беркиниш,   озиқ-овқат заҳирасини,   кийим кечак ва керакли нарсаларни сақлаш мумкин.   Шу билан бирга, қалтис қияликлар ва кўчки хавфи бўлган жойларда қурилган уйлар хавфли бўлиши мумкинлиги ёдингизда бўлсин.

14.    Уйингиз ҳолатини текшириб чиқинг,    уни мустаҳкамлаш йўлларини аниқланг. 

15. Уйингиз ёки иш жойингиз қишлоқдаги аҳоли яшаётган жойларда жойлашган бўлса,    хавфли жараёнлар,   яъни сел келиши, кўчки хавфи бўлган тоғ худудида,  сув босиши мумкин бўлган худудларда эканлигини аниқлаб,   оила а’золари  ва қўшнилар билан биргаликда хавфсиз жойга чиқиш йўлларини белгилаб қўйинг.    Чунки  ер силкиниши натижасида,   ер кўчкиси,   ўпирилиши,     силжиши,   тош кўчкиси,   ернинг ёрилиши, тупроқ қатламларининг чўкиши,  тупроқнинг сиқилиб,  балчиққа айланиш ҳоллари юз бериши мумкин. 

Энг муҳими ҳар қандай вазиятда ҳам инсон ўзини онгли равишда бошқара олиши, оғир ва вазмин бўлиши лозим. Юқоридаги эслатмалар эса сизга ас қотиши аниқ.


Илҳомжон БОҚИЕВ 

туман ФВБ профилактика ва назорат

инспектори, лейтенант.