ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ: ТЕЖАМКОР ВА САМАРАЛИ УСУЛ

   Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш усулини кенг  жорий этиш орқали экинлар ҳосилдорлигини ошириш, энг муҳими, сув захираларини тежаш аҳамиятли тадбирлардан бири ҳисобланади. Туманимизда ҳам бир неча  йилдан буён сувни тежайдиган  технологиялардан фойдаланишга киришилди. Жорий йилда жами 1757 гектар     майдонда (шундан 1100 гектар пахта, 57 гектар боғ, 600 гектар токзор)     суғоришнинг янги технологияси жорий этилиши кўзда тутилган.

Хўш, томчилатиб суғоришнинг афзаллик томонлари қандай? Ушбу усулнинг қишлоқ хўжалигига кенг жорий этилишидан мақсад нима?

Маълумки, сайёрамизда сув захиралари ҳажми 1 миллиард 350 миллион куб километрдан ошади. Бунинг 97 фоизи океанларда жамланган. Улар   истеъмол учун яроқсиз шўр сув ҳисобланади. Бундан кўринадики, чучук сув захиралари умумий сув миқдорининг атиги 3 фоизини ташкил этади. Ана шу сув ресурсларининг 2 фоизи шимолий ва жанубий қутб, баланд тоғ музликлари ва атмосфера    намлиги ҳиссасига тўғри келади. Дарё ва кўллар -ичимлик сувининг асосий манбалари бўлиб, дунё сув захирасининг атиги юздан бир фоизига тенг.

Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда ер юзида 2,3 миллиард аҳоли сув тақчиллигидан азият чекмоқда. Дунё аҳолиси сони тобора ортиб, сув захиралари камайиб бораётганлигини инобатга олсак, мавжуд ресурслардан тежаб-тергаб, самарали фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Осиё қитъасининг қоқ ўртасида, океан ва денгизлар қирғоқларидан минглаб километр узоқда жойлашган, асосий дарёларининг манбаи қўшни мамлакатлар ҳудудида шаклланадиган   Ўзбекистонда ҳам истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ оби-ҳаётнинг ҳар томчисидан унумли фойдаланишга катта эътибор берилмоқда. Қолаверса, сувни эъзозлаш, уни увол қилмаслик халқимизнинг азалий қадриятларидан  биридир.

Кейинги йилларда юртимизда сув маданиятини юксалтириш, экинларни суғоришда илғор усуллар, жумладан, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ушбу технологиянинг афзаллик жиҳати шундаки, мазкур суғориш усулида тупроқнинг намлиги ва уни яратиш учун берилаётган сув миқдори бошқарилади. Сув ҳар бир экиннинг маълум   даврдаги эҳтиёжига мос  равишда дала бўйлаб бир текисда тақсимланади.   Бошқа суғориш усулларидан фарқли равишда томчилатиб суғоришда экиннинг илдизи ривожланадиган тупроқ қатламида ўсимлик учун мақбул бўлган сув-физик муҳит яратилади.

Экинга сув ва озиқ моддалар унинг эҳтиёжига мос равишда кичик миқдорларда, тез-тез берилади. Ўсимлик ўзига зарур бўлган вақтда сув ва озиқ моддаларни олади. Бу усул орқали экин илдиз қатлами намлик билан доимий таъминланиб, сув ва озиқ моддаларни олишига имконият яратилади. Бу ҳолда ўсимлик ўз энергиясини тўлалигича ўсиб-ривожланиш ва ҳосилини кўпайтиришга йўналтиради. Натижада ҳосилдорлик боғ ва токзорларда 40, пахта ва сабзавот пайкалларида 60 фоизгача ортади.

Мутахассисларнинг эътироф этишича, томчилатиб суғоришнинг афзаллиги, энг аввало, сув ресурсларини тежашда намоён бўлади. Бунга суғориш режимининг ўзига хослиги, буғланишнинг пастлиги, оби-ҳаётнинг беҳуда оқиб кетмаслиги туфайли эришилади, албатта. Энг муҳими, томчилатиб суғоришда сув ўсимликка шланглар воситасида етказиб берилганлиги учун дала тупроғи қотмайди, натижада қатор ораларига ишлов беришга эҳтиёж туғилмайди. Тупроғи қотмаган майдон эса мавсум охирида сифатли ва осон ҳайдалади. Ўғит сув билан бирга берилганлиги боис, ўғитлаш учун техника ишлатишнинг зарурияти йўқолади. Натижада меҳнат ва ёнилғи-мойлаш материаллари тежалади. Далада сувчиларнинг қўл меҳнати кескин камаяди.

Айтиш жоизки, томчилатиб суғориш тизимини қуриш учун сув насоси, фильтр ҳовуз-тиндиргич, ўғитловчи мослама, магистрал ва тарқатувчи қувурлар, суғориш шланглари, томизгичлар, ёрдамчи ва уловчи қисмлар керак бўлади. Бунга қурилиш ишлари ва лойиҳани тузиш харажатлари киритилади. 2011-2012 йилларда ўтказилган тадқиқотларга асосан, 1 гектар майдонга томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш учун ўртача 6-7 млн сўм атрофида маблағ сарфланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, республикамизда ҳозирги кунда ушбу технология учун талаб этиладиган жиҳоз ва анжомларнинг 95 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Бундан атиги 5-6 йил бурун мамлакатимиз шароитида томчилатиб суғориш тизимининг айрим қисмларинигина ишлаб чиқарувчи биргина "Санипласт" қўшма корхонаси фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунга келиб бундай корхоналар сони бир қадар кўпайди. Агар сув насоси "Сувмаш" заводида тайёрланса, фильтр, ҳар хил диаметрдаги пластик қувурлар, шланглар, ёрдамчи ва уловчи қисмлар "Шўртангаз", "Махсусполимер", "Жиззахпласмасса" ва    бошқа корхоналарда      ишлаб чиқарилмоқда.

Энг асосийси, авваллари тўлиқ четдан келтирилган томизгичлар эндиликда Тошкент шаҳридаги "Pipe tehnologies" МЧЖ корхонасида ишлаб чиқарила бошланди. Маҳаллий хомашёлардан тайёрланаётган ускуналар хорижникидан асло қолишмайди. Бу эса томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш таннархини пасайтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлмоқда.

Деҳқон ва фермерларимиз томчилатиб суғоришнинг афзал жиҳатларини аллақачон англаб етганлиги боис бу усул тобора оммалашиб, нафақат интенсив боғлар, балки пахтачилик, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларида, шунингдек, иссиқхоналарда ҳам кенг жорий этилмоқда. Пировардида, табиий ва моддий ресурслар тежалиши билан бирга, ҳосилдорлик муттасил ошиб бораётир. Бу мамлакатимизда озиқ-овқат  хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз ва арзон нархларда етказиб беришга имконият яратаётгани билан янада аҳамиятлидир.


Аброр РАББИМОВ,

туман ҳокимининг қишлоқ ва сув 

хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари.