ЁШ БОЛАЛАР ВА ЎСМИРЛАР ЖАБРЛАНМАСИН

  Маълумки, қишлоқ жойларида деярли барча хонадонда ит боқилади. Ҳовлилар олдида “уй қўриқлаб” ётган  итлар ўтган-қайтганга тўсатдан ҳамла қилиб қолиши албатта эҳтимолдан холи эмас. Агар битта-яримтани тишлагудек бўлса, кейин кўринг томошани: ким итни текширтирган, ким шифокорга  чопган...

   Аслида   вазиятни бунгача олиб бормасдан, яъни олдиндан эҳтиёт чораларини кўриш, уй ҳайвонларини боқиш ва сақлаш бўйича мавжуд қоидаларга риоя этиш лозим.

  Туманимизда фаолият юритаётган ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш бўлими мутахассиси Маъмуржон Абдураззоқов  билан суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлди.


Маълумки, қишлоқ жойларида деярли барча хонадонда ит боқилади. Ҳовлилар олдида “уй қўриқлаб” ётган  итлар ўтган-қайтганга тўсатдан ҳамла қилиб қолиши албатта эҳтимолдан холи эмас. Агар битта-яримтани тишлагудек бўлса, кейин кўринг томошани: ким итни текширтирган, ким шифокорга  чопган...

   Аслида   вазиятни бунгача олиб бормасдан, яъни олдиндан эҳтиёт чораларини кўриш, уй ҳайвонларини боқиш ва сақлаш бўйича мавжуд қоидаларга риоя этиш лозим.

  Туманимизда фаолият юритаётган ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш бўлими мутахассиси Маъмуржон Абдураззоқов  билан суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлди.


-Айтинг-чи, туманимизда қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ масалалар эътиборга олинганми? 

-Кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган,  эгасиз ит, мушук ва шу каби йиртқич ҳайвонларни тутиш, уларни вақтинча сақлаш Ободонлаштириш бўлимининг асосий вазифаларидан биридир. Одамлар ёки ҳайвонларга жароҳат етказган ёхуд  ножўя ҳаракат қилинмаган тақдирда ҳам  уларга ҳужум қилган ҳайвонларни карантинда сақлаш эса ветеринария   бўлимларининг  вазифаси ҳисобланади. Биз ИИБ,  ТТБ  ва  СЭС каби ташкилотлар  билан  ҳамкорликда иш олиб борамиз. Чунки бу борада уларнинг ҳам  вазифалари белгиланган.

-Бугунги кунда туманимизда неча турдаги ҳайвонлар мавжуд?

-Айни вақтда туман ҳудудида ҳайвонларнинг  7 тури мавжуд. Хусусан,  қорамол - 127000 бош,  қўй ва эчкилар - 78000,  парранда - 387000, от- лар 900 бош, эшак - 3990,  итлар - 27000  ҳамда   8000 бош мушуклар рўйхатга олинган.

-Мутахассисларнинг таъкидлашича, қутуриш касаллигининг манбаи асосан кемирувчилар, дайди, қаровсиз ит ва мушуклар ҳамда ёввойи ҳайвонлар ҳисобланади. Маълумотларда касалликнинг 95 фоизи қаровсиз дайди итлар томонидан етказилган жароҳат туфайли келиб чиқиши, шундан 80 фоизи қишлоқ жойлардаги аҳоли ҳисобига тўғри келиши эътироф этилган. Энг ачинарлиси, жароҳат олганларнинг 60-65 фоизи 14 ёшгача бўлган болалардир. Бундай ҳолат туманимизда ҳам қайд этилганми? 

-Афсуски, бундай ҳолатлар  кузатилган. Ўтган 2020 йилда туманда 546 нафар фуқаро ит ва бошқа ҳайвонлардан жабр кўришган.  Жорий йилнинг 16  февралига қадар  40 нафар фуқарода шундай ҳолат қайд этилди. Жабрланувчиларнинг асосий қисмини ёш болалар (3- 4 ёш) ва ўсмирлар (10-15 ёш) ташкил этади.  Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳодисалар асосан  кўчалар, ҳудудининг қамрови  кичик бўлган ҳовлиларда, МТТларга қамраб олинмаган болалар билан юз берган.   Назоратсиз қолдирилиши оқибатида айрим қизиқувчан ва шўх болалар билиб-билмай ҳайвонларнинг ёнига боришади ва жароҳат олишади.

Тутиб олинган бундай итлар зотидан қатъи назар, 10  кун мобайнида ободонлаштириш бўлимида  сақланади.   Ит эгаси мурожаат қилиб жонивор эгаси эканлиги (рўйхатга олиш гувоҳномаси, ветеринария гувоҳномаси) тасдиқланганидан сўнг сақлаш харажатлари тўланган тақдирда қайтарилиши мумкин. 


-Агар ушбу муддат тугагандан кейин ҳам итнинг эгаси аниқланмаса, ҳеч қандай касаллик белгилари бўлмаган соғлом итларнинг кейинги тақдири қандай кечади? 

-Бундай ҳолатда туманимизда қаровсиз ҳайвонларни доимий сақлаш имкони бўлмаганлиги сабабли, уларни вилоят ободонлаштириш бошқармасининг ана шундай бўлимларига юборилади.

-Мабодо ҳайвонларда бирор хавфли  касаллик  аломатлари бўлса-чи?  Мана шундай ҳолатлар ҳам юз берганми? 

-Кейинги ўн икки йил давомида бундай ҳолат қайд этилмаган. Охирги маротаба 2009 йилда   Орлот МФЙ, Орлот қишлоғида истиқомат қилувчи Толлибоевлар хонадонида сақланган итда "қутуриш" касаллиги аниқланган.  Бу ҳақида   бўлимда мавжуд "Эпизоотик ҳайвонларни қайд этиш журнали"да ҳам  қайд этилган. Бундай ҳолатда ҳайвон отиш орқали йўқ қилинади. Унинг жасади куйдирилиб, бош қисми  Самарқанд вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси лабораториясининг Вирусология бўлимига юборилади. Лаборатория ҳайвон қутурганлигини тасдиқлагандагина, биз ҳам уни қайд этамиз.

- Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз... 

-Айни пайтда 62 та МФЙ ҳудудларини қамраб олган ҳолда 49 та  ветеринария пунктлари ишлаб турибди.  Бўлимда эса 15 нафар озиқ-овқат ташхиси маркази ходими ва 61 нафар ветеринария мутахассислари фаолият юритмоқда. Уларнинг 80 фоизи олий тоифали ветеринар шифокорлардир. 

-Маълумки, жойларда "Қутуриш касаллигига қарши кураш" ойликлари ўтказилади. Ойлик давомида аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилади, итлар эмланади, назорат тадбирлари ўтказилади. Хўш, бу борадаги ишлар қандай ташкил этилмоқда?

-Жорий йилнинг ўтган даврида  барча МФЙларда жами  26621 бош ит қутуриш касаллигига қарши профилактик эмланди. Якунланган йилда ҳам худди шундай тадбирлар ўтказилган эди. Бундан  ташқари бўлим ходимлари томонидан  37 та МТТ ва 91 та мактабларга қутуриш касаллигининг келиб чиқиш сабаблари, унинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида эслатма ва буклетлар тарқатилди. Бу каби тадбирлар ҳар йили йил бошида ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, унинг асосий мақсади болаларнинг ёшидан келиб чиққан ҳолда  тушунтириш ишлари олиб борилади. Туманимизда ҳам ушбу жараёнлар давом этмоқда.

- Самимий суҳбатингиз ва бизга тақдим этган маълумотларингиз учун раҳмат!


Матлуба РАББИМОВА

суҳбатлашди.