ҚИСҚА МУДДАТЛИ ЎҚУВ МАРКАЗИДА КИМЛАР ҲУНАР ЎРГАНАЯПТИ?

Иштихон шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази ўқувчиларининг дастлабки гуруҳи икки ой ичида ўзлари танлаган соҳа бўйича ўқиб, ҳунар ўргандилар. 115 нафар ишсиз   фуқаролар ошпаз-қандолатчилик, аёллар сартароши, электр-газ пайвандловчиси, тикувчилик, дурадгорлик ва компьютер оператори йўналишлари бўйича махсус сертификатларга эга бўлишди.


ҲУНАРЛИ КИШИ КЎМАККА   МУҲТОЖ БЎЛМАЙДИ

Ҳаётда ҳамманинг яхши яшагиси келади. Лекин бу ўз-ўзидан бўлмайди-да! Ҳар қандай иш унинг устаси бажарганидагина сифатли ва самарали кечади. Оила фаровонлиги, дастурхон тўкинлиги учун унинг соҳиблари меҳнатсевар ва албатта маҳоратли бўлиши лозим.

-Тасаввур этинг, хонадонингизда оддий бир электр асбобларини тармоққа уловчи мосламани ўрнатиш ҳам маълум маҳорат ва билим талаб этади. Агар бу иш қўлингиздан келмаса, албатта устага мурожаат қилишга мажбур бўласиз. Сиртдан қараганда бу арзимасдек туюлади, лекин оилада бундай муаммолар ҳар қадамда учрайди. Мана ҳунар инсонга нима учун керак?-дейди қисқа муддатли ўқув маркази раҳбари Жамшид Расулов.- Эътиборли жиҳати шундаки, Президентимизнинг 2020 йил 11 августда эълон қилинган "Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори мамлакатимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш белгиланган. Ушбу қарор асосида касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ташкил этилиши юртдошларимиз учун жуда қулай ва айни муддао бўлди.


2-сон касб-ҳунар билим юрти биносида машғулот олиб бораётган ушбу марказда айни кунда яна 183 нафар аҳоли 8 йўналишда касб-ҳунар ўрганмоқда. Улар икки ой ичида тикувчилик, ошпаз-қандолатчилик, аёллар сартароши, пайвандчилик, дурадгорлик, электро-газ чилангарлиги, умумқурилиш устаси ва компьютер оператори ихтисосларини эгаллашади. Шунингдек, марказда туман (шаҳар)   бандлик бўлимларидан йўлланма асосида келганларга ойига 239 минг сўмдан стипендия берилади.  

Марказ жамоасининг асосий мақсади - ишсиз, шунинг натижасида ҳаётда ўз ўрнини топишда муаммоларга дуч келаётган ҳамюртларимизга ҳунар ўргатиш, ёрдамга муҳтож оилаларга кўмакдош бўлиш. Шу боис, марказга маҳоратли мураббийлар жалб этилган. Қаҳрамон Бобонов, Баҳора Бобомуродова, Юлдуз Норқулова, Жаҳонгир Аширов, Фарида Жабборова, Муҳиддин Яхшибоев, Шамсиддин Эшқобилов, Динара Моҳирова каби ишлаб чиқариш таълими усталари ўқувчиларга устозлик қилишаяпти. ¤қувчиларнинг ёш даражаси чегараланмаган. Битирувчилар ўзлари эгаллаган касб бўйича назарий ва амалий имтиҳондан ўтадилар.

КИМГА ЁКИ ҚАЕРГА МУРОЖААТ ЭТИШ КЕРАК?

Ўқув марказида таҳсил олишни истовчилар аввало, туман бандлик бўлимида рўйхатдан ўтиб, йўлланма билан келадилар. Натижада битирувчилар ўзлари эгаллаган касб бўйича махсус сертификат ҳамда албатта иш билан таъминланади. Негаки, ҳар бир ўқувчи учун тўрт томонлама шартномалар тузилади ва жараён қонуний тартибга солинади. 

Шу ўринда яна бир маълумотга тўхталиб ўтиш жоиз. Маълумки, ўтган яқин йилларда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ҳам худди шу каби шартномалар тузилар эди. Афсуски, бу шартномалар юзаки, шунчаки диплом олишда фақат расмиятчилик учун   тузилгани боис унинг ижроси деярли таъминланмаганлигига барчамиз шоҳидмиз. 

-Меҳнат шартномалари тўрт томонлама, асосли ҳолда тузилмоқда,-дея изоҳ беради суҳбатдошимиз Жамшид Расулов. - Марказга ҳар бир ўқувчи махсус буюртма асосида, туман бандлик бўлими йўлланмаси билан келаётир, яъни қайсидир корхонага пайвандловчи керак, бошқа бир жойда тикувчига эҳтиёж бор. Ана шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда бўлажак мутахассисларга касб сирлари ўргатилаяпти. ¤зини ўзи банд қилиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида, имконияти ва яшаб турган ҳудудидаги талабдан келиб чиққан ҳолда аниқ мақсад билан ҳунар ўрганишга жазм қилганлар ҳам бор. Бундай ҳолатда уч томонлама шартнома   имзоланади ва тегишли тартибда ўз фаолиятларини йўлга қўйишади.

СЕРТИФИКАТ БИЛАН ХОРИЖДА ҲАМ ИШЛАШ МУМКИН

Халқимизда "Ҳар ерни қилма орзу, ҳар жойда бор тош билан тарози"-деган ҳикматли сўз бор. Бу бежиз эмас. Бирор касб эгаси бўлган кишига юртимизда ҳам истаганча иш топилади. Касбу-кори бўлмаган одам эса, қаерга бормасин орзу қилган даромадига эга бўлолмайди. Бу йиллар давомида ўз исботини топган ҳақиқатдир. 

Бугун мустақил мамлакатимиз фуқаролари учун ҳам дунё давлатларининг эшиклари очиқ. Кўплаб ҳамюртларимиз хорижий давлатларга бориб меҳнат қилишмоқда. Аммо, пандемия шароитида давлатлар ўртасида кириб-чиқиш тартиби ҳам ўзгарди. Масалан, Россия Федерацияси айни дамда мигрантлардан бирор касб соҳиби эканлигини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилмоқда. Яқин-яқингача ҳар хил йўллар билан хорижий давлатларга бориб, турли юмушларни бажариб юрганлар, аммо, ўзи орзу қилганидек катта маблағ топаолмай, ортга қайтаётганлар кўпчиликни ташкил этарди.  Касб-ҳунарга ўқитиш марказида пайвандчилик, умумқурилиш устачилиги каби хорижда ҳам талаб катта бўладиган йўналишларда таҳсил олаётганларнинг аксариятини ана шундай кишилар ташкил этади. Марказда ўқиш истагини билдираётганлар учун ёшларининг чегараланмаганлиги эса айни муддао. Чунки, хорижда бориб ишлайдиганларнинг аксарияти оилали фуқаролардир. 

Бу ерда ўқувчиларга айнан бир ҳунар ўргатилаётганлиги, машғулотларнинг кўпроқ амалий тарзда бориши эса уларнинг икки йиллик коллеж дастурини қисқа муддатда ўзлаштиришига имкон яратаётир. Битирувчилар ўзларига берилган сертификат орқали хорижда ҳам бемалол ушбу касбда ишлашлари мумкин. 

Бир сўз билан айтганда, ушбу марказ ишсиз фуқароларнинг қисқа муддатда, ҳеч бир тўлов-харажатларсиз ўзлари истаган йўналишда ҳунарли бўлишлари учун қулай имкониятдир.

Муқаддам ҲАЙИТОВА,

"Иштихон овози" мухбири.

Суратлар муаллифи:  Олимжон НАМОЗОВ.