ФАРЗАНДЛАРИМИЗ МИЛЛИЙ РУҲДА УЛҒАЙСИН

Инсондаги барча фазилат ва нуқсонлар аввало, тарбиянинг маҳсули. Донишмандларимиз дунёга келган чақалоқни бамисоли ҳали бир сатр ҳам сўз битилмаган оппоқ қоғозга қиёс этишади. Оқ қоғозга чиройли сатрлар битиш ҳам, ёки уни яроқсиз чизгилар билан тўлдириш ҳам ота-она ва мураббийлар меҳнатига боғлиқ. Юртимизда мактабгача таълимга бўлган эътиборнинг кун сайин ошиб бораётганидан асосий мақсад ҳам комил инсон тарбиясидир.

Мактабгача таълимда йилнинг ҳар бир ҳафтаси маълум бир мавзуга йўналтирилган ва барча машғулотларда ушбу мавзу кенг қамраб олинади. Қувонарли жиҳати  шундаки, иш режасидаги мавзулар болаларнинг ёшига, жисмоний ва руҳий қувватига, йил фаслларига ва таълим талабларига жуда мос келади.Айниқса, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг  уйғунлаштирилганлиги янада муҳим аҳамият  касб этади.

 Маълумки, бола инсон учун энг керакли бўлган барча маълумотларнинг қарийб 70 фоизини мактабгача таълим ёшида ўзлаштиради. Айниқса мақоллар, тез айтиш ва топишмоқлар болажонларнинг хотирасини мустаҳкамлайди.

Шунинг учун ҳам биз машғулотлар давомида халқ оғзаки ижоди, миллий удумлар, сўз санъатининг халқона йўналишларидан кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Муассасамизда икки буюк зот – Алишер Навоий ва Захириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд айёми муносабати билан алоҳида тадбир уюштирдик. Болажонларимиз турли саҳна кўринишларида фаол қатнашишди, шеър ва рубойиларни ёддан ўқидилар.  Айниқса,тайёрлов ва катта гуруҳларда тарбиячилар Хуршида Деҳқонова ва Малоҳат Шукуровалар болажонларни миллий руҳда тарбиялашга алоҳида эътибор қаратишмоқда.Жисмоний тарбия машғулотларида турли халқона ўйинлардан фойдаланамиз. 

 Муассасамиз туманнинг дашт ҳудудида жойлашган бўлиб, аҳолининг асосий қисми деҳқончилик ва боғдорчилик ишлари билан шуғулланади. Кичкинтойларни табиат билан ошно қилишда боғларга сайрлар уюштириб, ўсимликларнинг қандай ривожланиши, дарахтлар, гул ҳамда кўкатларнинг табиатдаги ўрни каби энг муҳим маълумотларни уларга етказиш мақсадимиз бор.

Энг муҳими, мурғак қалбларда Ватан туйғусини уйғотиш, она юртга муҳаббат руҳида тарбиялаш ниятидамиз.


Гулпошша ХУДОЙБЕРГАНОВА,

7-сон мактабгача таълим ташкилоти раҳбари.