“ЭКРАН”НИНГ ЭГАСИ ЙЎҚМИ?

Айни пайтда ҳар бир хонадоннинг тенг ҳуқуқли оила аъзосига айланган ва ота-оналар фарзандларидан ҳам кўра кўпроқ вақт ажратаётган ойнаи жаҳоннинг томошабинни ўзига жалб этадиган асосий жиҳатларидан бири бу кундалик намойиш этиладиган сериаллар ва турли олди-қочди шоулар эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Яхши кўрсатув томоша қилган киши вақтини кўнгилли ўтказади, маданий ҳордиқ чиқаради. Аммо, аксинча бўлса-чи?!

Ҳа, аввал ҳам кўп ва хўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бу шубҳасиз телевидение орқали намойиш қилинаётган хорижий ва “миллий” сериаллар, турли савиясиз, мазмуни саёз кўнгилочар кўрсатувлар, барча каналларда урчиб кетган “қимор шоу”лардир. Бу мавзу бугун ҳам турли ижтимоий тармоқ саҳифаларида “тренд”да бўлиб қоляпти. Мен ҳам оддий бир томошабин сифатида аксарият томошабинларнинг кўнглидаги фикрларни айтмоқчиман.

Айни вақтда барча хусусий каналлар орқали намойиш этилаётган фильмларнинг асосий қисмини турли хорижий сериаллар ташкил этади. Аммо, бу сериаллардан аксарияти на умуминсоний қадриятларга, на миллийлигимизга тўғри келади. Уларда чигал ишқий муносабатлар-у, қаҳрамонларнинг шахсий муаммоларидан бошқа нарса йўқ. Бу гаплар ҳеч кимга ва ҳеч биримизга янгилик эмас. Хориж, айниқса турк сериаллари ҳақида ҳар доим кескин мулоҳазалар ўртага ташланмоқда. Аммо афсус, бу танқидий чиқишлар сериаллар намойишига таъқиқ бўлолмаяпти. Энг афсусланарлиси, кейинги вақтларда шу каби хориж сериалларидан андоза олинган ғояси ва сюжетида “миллий”ликдан асар ҳам бўлмаган “миллий” сериалларимиз ҳам кўпайиб бораётгандек. Уларнинг номиданоқ  бу фильм нима ҳақда эканлиги аён. “Кундош”, “Иккинчи хотин”, “Ишқ ўйинлари”...

Бу сериалларнинг кечки пайт, айни оиланинг ҳамма аъзолари йиғилган вақтда намойиш этилиши эса халқ тилида айтганда “еттидан етмишгача” бўлган томошабинларни ўзига жалб этади. Фарзандлар билан мулоқот қилинадиган оқшом чоғида эса катталаримиз болаларига вақт ажратиш ўрнига экран тагига “мих”ланишади. Афсуски, фарзандларимиз бугун ота-онасидан олиши керак бўлган тарбияни ҳам  улар севиб томоша қилаётган сериаллардан олмоқда.



Телеэкранларни забт этган яна бир нарса кундан-кунга оммалашиб, одамлар шуурини банд этиб бораётган лотереялар ва турли савдо белгиларининг ютуқли ўйинларидир. Улар четдан қараганда кўнгилочар дастур, реклама ёки рақобат майдонидаги ўзига хос курашга ўхшаб туюлса-да, моҳиятан муқаддас китобларда тақиқланган қимор ўйинининг айнан ўзидир. Шакл жиҳатдан бироз фарқ қилса-да, аммо барчасининг негизида кўпчиликнинг пулидан камчиликка фойда келтириш, меҳнат қилмасдан осон пул топиш, ўзгаларнинг ҳисобидан бирпасда бойиб кетиш – машинали ёки уйли бўлиб қолиш каби инсонни худбинликка бошловчи, ҳалол  меҳнат қилишдан чалғитувчи ғоялар мужассам.

Мен бу кўрсатувларни тайёрлаб эфирга чиқараётган инсонларга ҳасад билан боқмайман. Оддий инсон сифатида кўрсатувни катта қизиқиш, қўполроқ қилиб айтганда “азарт” билан томоша қилаётган ота-оналар, уларга қўшилиб завқланаётган ва ич-ичидан осон машинали, қимматбаҳо буюмли ёки уйли бўлиш истаги туғилаётган фарзандларимизнинг ўй-хаёлларидаги ўзгаришлар кўпроқ ташвишга солади.

Инсон визуал (кўзи билан кўрган) ахборотни яхши эслаб қолади. Шу сабабли, телевидение оммага таъсир этишнинг энг самарали воситаларидан  биридир. Бироқ, бугун хусусий каналларда ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек урчиб кетган бундай турли кўнгилочар лойиҳалардан  баъзиларининг паст савияси, улардаги бошловчиларнинг эфирда гапириш ва кийиниш маданияти, ўзини тутишини кўриб “Телевидение эгасиз қолибди-да” деган хаёлга боришингиз шубҳасиз.

 Хўш, телеканалларни назорат қиладиган тегишли ташкилотлар йўқми? Агар бўлса, бундай ҳолатларга нега панжа орасидан қарашмоқда?

Балки бундай кўрсатувлар ва сериалларнинг бозори чаққон эканлигига уларнинг катта аудиторияни жалб қилиши сабабдир. Бироқ, экранга чиқарилаётган кўрсатувларнинг асосий вазифаси томошабиннинг диди, маънавиятини юксалтириш бўлиши керак. Шу маънода томошабиннинг ортидан эргашадиган эмас, аксинча уни эргаштирадиган кўрсатувлар тайёрлаш телеижодкорларимиз зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир.

Афсусланарли жиҳати шундаки бундай енгил-елпи кўрсатувлар энди шахс сифатида шаклланиб келаётган ёшларда ҳаётга нисбатан нотўғри, енгил қарашни шакллантириши мумкин. Биз ёш оилалар орасида ажрашишлар кўпайиб кетаётганлигини гапирар эканмиз, бунинг сабабини асосан иқтисодий муаммолар билан изоҳлаймиз. Аксинса бунинг асосий сабаблариэкранлардаги сериалларда ҳам. Бир сўз билан айтганда бу каби соати-соатига уланувчи сериаллар ва турли бачкана “шоу” лар ўз “мева”сини бера бошлаган аниқ. 


Олим ҚЎЧҚОРОВ.