ID- КАРТАСИ ҚАНДАЙ ОЛИНАДИ?

Жорий йилнинг 4 январидан бошлаб Ўзбекистонда фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат сифатида ID- карталар берила бошланди. Биометрик фуқаролик паспортини ID-картага алмаштириш жараёни ҳақида юртдошларимизга кенгроқ маълумот бериш мақсадида туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Зафар Нурмуҳаммедов билан суҳбатлашдик.


-Зафар ака, ID- картанинг ўзига хос жиҳатлари нимада?

-  ID- карта шахсни ва фуқароликни тасдиқлайдиган шахсий биографик ва биометрик маълумотлар киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжатдир.

-  ID- карталар берилиши тартиби, муддатлари ҳақида ўқувчиларимизга маълумот берсангиз?

-  Республикамиз Президенти томонидан 2020 йилнинг сентябрь ойида “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID- карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, фуқароларнинг биометрик паспортларини ID- карталарга алмаштириш жараёни бошланди. Бу жараён бир неча босқичда амалга оширилади. Яъни амалдаги биометрик паспортлар 2031 йилнинг 1 январигача бўлган вақт мобайнида икки босқичда амалга оширилади. Жумладан:

-  айни пайтдан 2022 йилнинг 31 декабригача ихтиёрий равишда;

-  2023 йилнинг 1 январидан 2030 йилнинг 31 декабригача мажбурий равишда; 

Амалдаги биометрик фуқаролик паспорти 2031 йилнинг 1 январидан ҳақиқий ҳисобланмайди. ID- карталар 1 ёшгача бўлган болаларга (ота-оналар, васийлар ихтиёрига кўра) 2 йил муддатга, 1 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларга (ота-оналар, васийлар ихтиёрига кўра) 5 йил муддатга, 16 ёшдан катталарга 10 йил муддатга берилади. 

ID- карталари белгиланган барча ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин, бир иш куни давомида расмийлаштириб берилади.


-  ID- карталарнинг берилиш учун ундириладиган давлат тўловлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

-  ID- карталарини олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

-  Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат. Ўйлаймизки, сиз берган маълумотлар ID- картаси олишни мўлжаллаётган юртдошларимиз учун айни муддао бўлди.


Олим ҚЎЧҚОРОВ.