“МИЛЛАТ ТАРАҚҚИЙСИ УЧУН ИККИ ЭМАС, ТЎРТ ТИЛ ЛОЗИМДУР...”

Ўзбек драматургиясининг асосчиси Маҳмудхўжа  Беҳбудий аллома, ёзувчи, ношир, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик, яъни янгича ўқув методикаси етакчиси сифатида тарихимизда алоҳида из қолдирган.   У 1875 йил 20 январда Самарқанд шаҳрида, муфтийлар оиласида дунёга келган. Отаси ислом динининг   йирик мутахассиси бўлган ва динга оид қатор мақолалар ёзган, илмий ишлар олиб борганлиги боис, ушбу атроф-муҳит болакайнинг дунёқарашига таъсирсиз   бўлмаган.

Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари билан бирга сиёсатни ҳам ўрганган. Газета ва журналлар орқали дунёда содир бўлаётган янгиликлар билан танишиб борган. У газета ва журналлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, ўз мақолаларини чоп эта бошлаган. Уларда мактаб ва санъатни яхшилаш масалаларини кўтарар эди.

Келиб чиқиши Яссавий авлодидан бўлган Беҳбудий 18 ёшидан қозихонада мирзалик қилади, қози, муфтий даражасига кўтарилади. Макка, Миср ҳамда Истамбулга бўлган саёҳатлари унинг дунёқарашини бутунлай ўзгартириб юборади.

Беҳбудий "Ойна" газетаси асосчиси, муҳаррир И.Гаспиринскийнинг "Таржумон" газетасининг доимий муаллифи бўлган. Маҳмудхўжа 200 дан зиёд ўзбек ва тожик тилларидаги нашрлар муаллифидир.

Тарихнинг шоҳидлик беришича, Беҳбудий ҳаж сафарида бўлган чоғида (1903-1904 йиллар)  Арабистон, Миср ва Туркияни кезиб чиқади. Саёҳат  давомида қалбида янги мактаб (усули жадид) очиш фикри мустаҳкамланиб борди. Юртига қайтгач Самарқанд яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида Ажзий, Ражабаминда Абдулқодир Шакурийлар билан ҳамкорликда янги мактаб очади.   Қозон ва Уфага бориб у ердаги янги усул мактаблари фаолияти билан яқиндан танишади, татар зиёлилари билан алоқа боғлаб, янги мактаблар учун дарсликлар тайёрлашга киришади.

"Рисолаи асбоби савод" ("Савод чиқариш китоби", 1904 йил), "Рисолаи жуғрофияи умроний" ("Аҳоли географиясига кириш", 1905 йил) "Мунтахаби жуғрофияи умумий" ("Қисқача умумий география", 1906 йил), "Китобат ул-атфол" ("Болалар хати, 1908 йил), "Амалиёти ислом" (1908 йил), "Тарихи ислом"(1909 йил) каби китобларни чоп эттиради. Кейинчалик (1908 йилда) Шакурийнинг Ражабаминдаги мактабини Самарқанддаги ўз ҳовлисига кўчириб келтиради.

Беҳбудийнинг ёзувчилик пойдевори нуқтаси 1911 йил Самарқандда ёзилган "Падаркуш"  драмаси саналади. Унда ёш  авлод маълумотли ва маданиятли бўлиши кераклиги келтирилган. Драма илк бор 1912 йил "Турон" газетасида босиб чиқарилган. 1913 йилда эса алоҳида китоб кўринишида нашр этилган.  Бу биринчи  ўзбек драмаси эди. 3 парда, 4 манзарали бу асар мазмунан содда бўлиб, ўқимаган, жоҳил ва нодон боланинг ўз отасини ўлдиргани ҳақида ҳикоя қилади. Беҳбудий бу асар ғоясини "миллий фожиа" деб атаган. Унда билимсизлик ва маънавиятсизликнинг  аянчли оқибати бир инсон ҳаёти мисолида кўрсатиб берилган.

Беҳбудийнинг бу саҳна асари катта муваффақият қозонган ва Самарқанд, Бухоро ҳамда Тошкент шаҳарлари театрларида саҳналаштирилган. Композицион нуқтаи назардан бу асар  ғоявий жуда мураккаб ва драма жанрининг барча талабларига жавоб бера олади. Ўзбек драматургиясининг биринчи қалдирғочи бўлиб, Абдулла Қодирийнинг "Бахтсиз куёв", Мирмухсина-Фикриянинг "Фарзандсиз Очилдибой" ва Ҳамзанинг бир қатор асарлари яратилишига ушбу драма туртки бўлди.

Беҳбудий 1914 йилда "Самарқанд" газетасини чиқаради. Газета ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада 2 марта чоп этилади.    45-сони чиқач, моддий танқислик туфайли нашр тўхтади. Шу йил  20  августдан бошлаб "Ойна" журналини чиқара бошлади.  Ҳафталик, суратли бу журнал асосан ўзбекча бўлиб, шеър, мақола (форсча), эълонлар (русча) ҳам бериб борилади. Журнал Кавказ,Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркиягача тарқалади. Беҳбудий китоб нашрини ҳам йўлга қўяди. Фитратнинг "Баёноти сайёҳи ҳинди"сини рус тилига таржима қилдириб, бостиради. 

Беҳбудий 1914 йил 29 майда иккинчи марта Араб мамлакатларига саёҳатга чиқади. Саёҳати давомида Байрамали, Ашхобод, Красноводск, Кисловодск, Пятигорск, Железноводск, Ростов, Одесса шаҳарларида бўлади. 8 июнда Истанбулга келади. Ундан Адарнага ўтиб, яна Истанбулга қайтиб келгач, 20 июнда Исмоилбек Гаспиринский билан учрашади. Сўнг Қуддус, Байрут, Уфа, Халил ар-Раҳмон, Порт Саид, Шом шаҳарларида  бўлади. Саёҳат хотиралари "Ойна" журналида ёритиб борилади. Бу хотиралар ҳар жиҳатдан муҳим бўлиб,  анъанавий тарих-мемуар жанрининг йигирманчи аср бошидаги ўзига хос намунаси эди. Муаллиф унда йўл таассуротларига, кишилар билан учрашувларнинг ибратли жиҳатларига кенг ўрин беради. Қайси шаҳарга бормасин, унинг тарихи, обидалари, у ердан етишиб чиқан буюк зотлар ҳақида маълумотлар тўплайди. Турли миллатларнинг урф-одат, удумлари, маданияти билан қизиқади.

Таъкидлаш жоизки, "Ойна" журналида миллат, унинг ҳақ-ҳуқуқи, тарихи, тил ва адабиёт масалалари, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар,  баҳслар бериб борилган. Беҳбудий миллат тарақийси учун бир неча тилларни билиш шарт деб ҳисоблаган. Журналнинг биринчи сонидаёқ "Икки эмас, тўрт тил лозим" номли мақола билан чиқиб, ўзбек, тожик, араб, рус ва ҳатто бирор узоқ хориж (масалан, француз) тилини билиш лозимлиги ҳақида ўз фикрларини баён этган. Айни пайтда тилнинг муҳофазаси ("Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар", 1914 йил, № 35-сон,) ўзаро муносабатлари ("Тил масаласи"-1915 йил,            № 11,12-сонлар) ҳақида муҳим ва зарур мақолалар чоп этган. Адабий танқидга катта эътибор берган, унинг хусусиятларини белгилашга интилган.      Бошқа адабий жанрлар  билан тенгҳуқуқлилиги масаласини ("Танқид   сараламоқдир"- 1914,  №27), миллат шаънини оёқ ости қилувчи фикр ва қарашларга зарба бериб, Туркистон халқини ўз номи билан атамоқ лозимлигини ("Сарт сўзи  мажҳулдир") талаб қилиб  чиқди.

Беҳбудий 1919 йил Қарши саёҳати даврида қўлга олинади ва 44 ёшида қатл этилади.

Садриддин Айний алломанинг фожиали вафоти муносабати билан бундай ёзган: "Жафокаш шоир Беҳбудийнинг номини мусулмон Шарқи ҳурмат билан тилга олади, чунки у 20 йил мобайнида ўзининг онги ва инсоний қадру- қимматини билган барча мавжудотни эркин ҳаёт, нур ва маърифат учун курашга чорлаб келди".

Қарши шаҳри 1920-1930 йилларда Беҳбудий номи билан аталган. Беҳбудий номи 1937 йилга келиб қатағон қилинади   ва 1956 йилда оқланади.

Ҳозирги кунда аллома қолдирган бой ва ранг-баранг адабий, маданий ва маърифий мерос   ўз   халқининг истиқлолига хизмат қилмоқда.

1977 йил Беҳбудийнинг "Сайланма"си чоп этилди. Ушбу тўплам ўз ичига   дарслик ва ўқув-қўлланмаларини олган. Ҳозирги кунда кўчалар ва мактабларга унинг номи берилган.

У 1899 йилда ҳажга бориб, у ердан муфтий унвонига эга бўлиб қайтган. Беҳбудий ўзбек ва форс-тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Қарши шаҳри 1920-1930 йилларда Беҳбудий номи билан аталган.

Беҳбудий ўзбек ва форс-тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Жумладан, "Мунтахаби жуғрофияи умумий" ("Қисқача умумий жуғрофия" 1903), "Китоб-ул-атфол" ("Болалар учун китоб", 1904), "Мухтасари тарихи ислом" ("Исломнинг қисқача тарихи", 1904), "Амалиёти ислом" (1905), "Русиянинг қисқача жуғрофияси" (1908) каби дарслик ва китоблар ёзган.

Унинг 1901 йилдан бошлаб   "Туркистон   вилояти газети", "Тараққий", "Хуршид", "Шуҳрат", "Тужжор", "Осиё", "Ҳуррият", "Турон", "Садои Туркистон", "Улуғ   Туркистон", "Нажот", "Меҳнаткашлар товуши",      "Тирик сўз", "Таржумон", "Шўро", "Вақт", "Тоза ҳаёт", "Самарқанд", "Ойна" каби газета ва журналларда чоп этилган мақолалари эса тарақийпарвар   кишилар ва айниқса, ёшларнинг диқат-эътиборини қозонган. У айни  чоғда янги усулдаги мактабларнинг асосчиси ва  тарғиботчиси, янги дарсликларнинг илк муаллифи ҳам бўлди. 

Хуллас, Маҳмудхўжа Беҳбудий буюк маърифатпарвар ва етакчи жадидчи сифатида миллий   маданиятимиз тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллайди.



Муқаддам ҲАЙИТОВА,

журналист.