“РАИС БОБОНИНГ ЎҒЛИ”

Меҳриддин Алламуродов   ўрта мактабни битираётган чоғида орзулари бошқача эди. Оилада унинг қайси касбни танлаши, олийгоҳларнинг қай бирига ҳужжат топшириши ҳақида гап кетганида ҳам у:

 -Ҳуқуқшунос бўлмоқчиман!-дея ўз қарорини эълон қилди. Отаси Назар ака ўғлининг бу қарорига қаршилик билдирмади. Лекин негадир астойдил маъқулламади ҳам. Эҳтимол кўп йиллардан буён колхоз раиси бўлиб, катта жамоани бошқариб келаётган отанинг кўнглида  “Ўғлим агроном ёки иқтисодчи бўлиб, менинг ишларимни давом эттирар ”-деган ниятлари бўлгандир. Аммо, ўғлига буни сездирмади.

Меҳриддин ака олийгоҳга қабул қилинмагандагина мана шу ҳақда ўйлади ва отасининг орзуларини рўёбга чиқаришга қарор қилди. Кейинги йили ҳужжатларини  Самарқанд Қишлоқ хўжалик институтининг агрономия факультетига топширди. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб талабаликка қабул қилингани ҳақидаги хушхабарни  биринчи бўлиб отасига айтди. Талабалик йилларида ўқиш-ўрганиш билан бир вақтда дам олиш кунларини ўзи туғилиб ўсган Йўғонтепа қишлоғи далаларида ўтказадиган бўлди.   Бу қишлоқ аҳлининг асосий   машғулоти  ва даромади ердан бўлганлиги учун ҳам далалари серҳосил, хўжаликнинг  энг илғор бригадаларидан саналарди. Меҳриддин ака дала-деҳқончилик ишларини илгари шунчаки кузатган бўлса, энди экинларнинг ривожланиши,  агротехник тадбирлар, зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш жараёнларини синчиклаб ўрганди. 

 1984 йилда меҳнат фаолиятини участка агрономи сифатида бошлади. Бу пайтда отаси қарилик нафақасига чиққан, ўғлига маслаҳатлар беришга вақти ҳам бор, шунга яраша ундан астойдил ишлашни ҳам талаб қилар эди.

 Меҳриддин ака ишга астойдил киришди. Хўжалик бош агрономи вазифасига тайинланганида у ҳудуддаги барча далаларнинг ҳолатини аллақачон беш қўлдек билиб улгурган эди. Қайси далада нималарга эътибор бериш лозимлигини доимо ўзи билан бирга олиб юрадиган дафтарига қайд этиб қўйишга одатланган агроном ҳар бир тадбирни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга ҳаракат қилар эди.

 -Агрономнинг албатта ён дафтари бўлиши шарт,- дейди Меҳриддин ака ўша йилларни хотирлар экан. – Бу унинг дарс жадвалидир. Экинларнинг нави, парваришлаш технологиясини билмаган, кунлик ҳолатини кузатмаган, уни дафтарга қайд этиб бормаган агроном мақсадига эриша олмайди. Ҳозир нафақада бўлсам-да, ҳамон йиллар давомида ёзувлар билан тўлган дафтарларимни асрайман. Уларда ерларимизнинг тарихи бор ва бу тарих ҳали кўп керак бўлади.

 Меҳриддин Алламуродов 1994 йилгача  собиқ “Туркистон” жамоа хўжалигида  бош агроном  бўлиб ишлади. Сўнгра ҳудудда ташкил этилган ММТП раиси бўлди. Бир вақтлар уни “раис бобонинг ўғли” дейишган бўлса, энди ўзи “раис бобо”га айланди. Отаси нега унинг агроном бўлишини истаганини,  бу у кишининг ерга бўлган меҳри туфайли эканини англаб етди. Бу эса Меҳриддин аканинг янада берилиб ишлашга даъват этди. Айни пайтда у киши “Туркистон элита пахта” уруғчилик хўжалиги раиси сифатида мамлакатимизда сифатли пахта ҳосили етиштирилишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хўжаликка қарашли 100 гектар майдонда ҳам йили уруғлик учун пахта етиштиради. Мана олти йилдирки, “82Х86” пахта нави экиб парваришланади. 

 - Бу навни Намангандан келтирганмиз. Эртапишар, касалликларга чидамли ва туманимиз тупроқ-иқлим  шароитига мос. Ҳосилдорлиги ҳам юқори,-дейди Меҳриддин ака.- 2006 йилдан буён кўпгина навларни синовдан ўтказдик. Уруғлик учун экилган ғўза парвариши барча ишларнинг қатъий назоратда бўлишини талаб этади. Суғориш, бегона ўтлардан, зараркунандалардан асраш, ишлов, ўғит бериш каби тадбирлар агротехника қоидалари асосий олиб борилиши керак. Ғўзанинг кунлик ривожланиши, ижобий-салбий хулосалар алоҳида дафтарга қайд этиб борилади. Олимларнинг изланишлари самараси бизнинг сифатли меҳнатимиз ва эътиборимизга боғлиқ.

 Албатта, бу мураккаб жараёнда бутун жамоанинг ишга масъулият билан ёндошиши муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда хўжаликда ўн нафар асосий ишчи меҳнат қилади. Шунингдек, мавсумий ишчилар кўмагидан ҳам фойдаланилади. Уларнинг меҳнат ҳақи эса нақд пул ва натура ҳисобида тўлаб борилади.

 Меҳриддин ака Алламуродовнинг оиласи Йўғонтепа маҳалла фуқаролар йиғинидаги намунали хонадонлардан бири. Турмуш ўртоғи Гулнора опа қатор йиллар қишлоқдаги 31-умумий ўрта таълим мактабида фаолият кўрсатди. Айни пайтда қарилик нафақасида. Оилада беш нафар фарзанд вояга етди. Ўғиллари   Равшанжон туман Халқ таълими бўлимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Райҳон, Фарида ва Гулшодалар ҳам она касбини танлашган.   Эътибор эса тиббиёт ходими. 

 -Ишдан толиқиб келган чоғимда набираларимнинг шод-хуррамлик тўла шовқинларидан ором оламан,-дейди Меҳриддин ака. – Шунда отамнинг ишдан келгач биз билан суҳбатлашиб яйраганлари ёдимга тушади. У кишининг ишончини оқлаганимдан қувонаман. Аммо, барибир ҳамон ёшликдаги орзуларимдан воз кечганим йўқ. Набираларимдан ҳеч бўлмаса биттаси ҳуқуқшунос бўлиб етишишини, адолат  ҳимоячиси бўлиб юртимизга хизмат қилишини истайман. Энг муҳими, уларнинг барчаси ҳаётда ўз ўрнини топиши, ҳалол, ўз касбига садоқатли, билимли инсонлар бўлиб етишини тилаб дуолар қиламан.

 Бу тилакларга биз ҳам бажонидил қўшиламиз ва ҳамюртимизнинг ниятлари ижобат бўлишини истаймиз.


Муқаддам ҲАЙИТОВА.