Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!

Янги йил арафасида Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаши йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Юртбошимиз ўз Мурожаатномасида ҳозирги кунга қадар амалга оширилган ишлар, бугунги куннинг энг муҳим вазифалари ҳақида алоҳида тўхталиб, барча соҳаларда ҳал этилишини кутиб турган муаммоларга чуқур ёндошганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. 

Ушбу Мурожаатномани туманимиз аҳли ҳам катта қизиқиш билан кутиб олди. Айни кунда ҳар бир юртдошимиз уни чуқур ўрганиб, ўз ҳаёти, хизмат вазифаси, жамиятда тутган ўрнидан келиб чиққан ҳолда эртанги кун режаларини ишлаб чиқаётир.

Президентимиз барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.  Жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар натижасида судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган     жазолар тайинланган.

Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро авф этилган. Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида ўтган йили 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми  чиқарилган.

Адолат - давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун  устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Давлатимиз раҳбари бу борада қилиниши лозим бўлган ишларга ҳам тўхталди.

2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган "бир суд-бир инстанция"  тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва     барқарорлигини таъминлайди, шу пайтга қадар  вилоят судлари чиқарган қарорлар устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилган. Энди бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади. Фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги учта судлар битта суд сифатида бирлаштирилади.

Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликлар яратади.

Шунингдек, 2021 йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни      дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

Мамлакатимизга келадиган ҳар бир инвестор корхона ташкил қилиб, фуқароларимизни иш билан таъминлайди, давлатимиз иқтисодини ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади, эндиликда       инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилади, инвесторлар юзага келган низоларни ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга     мурожаат қилиши мумкин.

Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, "онлайн" тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади.  Фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.

Бу ислоҳотлар туфайли аҳолининг судларга бўлган ишончи ортмоқда.


К.ПАНСАТОВ,

жиноят ишлари бўйича 

Иштихон туман судининг раиси.