БАЙРАМ СЕРФАЙЗ ВА КЎНГИЛЛИ ЎТСИН

Яна бир янги йилга қадам қўймоқдамиз. Якунланаётган йил туманимиз ҳаётида ҳам унутилмас из қолдирганига амин бўламиз. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловлар йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди. 22 декабрь куни юртдошларимиз ўзларининг сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда халқимизнинг муносиб фарзандлари учун якдиллик билан овоз бердилар.
Маълумки, Иштихон мамлакатимиз миқёсида ўз салоҳиятига эга бўлган туманлардан бири саналади. Деҳқонларимиз пахта, ғалла, пилла етиштириш режаларини уддалаб, туман иқтисодининг юксалишига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшдилар. Иштихон шаҳрида иккита енгил саноат корхонаси иш бошлаши натижасида аҳоли бандлигини таъминлашда кенг имкониятлар яратилди.
 Халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, улар учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йил ҳам учта қишлоқда “Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Қайчили массивида эса замонавий  ва барча қулайликларга эга бўлган тураржой бинолари қуриб, фойдаланишга топширилди. Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, нуронийлар, кам таъминланган оилаларга ғамхўрлик кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 
 Юртдошларимиз янги йилни кўтаринки кайфият билан кутиб олишмоқда. Байрам муносабати билан туман ҳокимлиги барча ташкилот ва муассасалар ўртасида танлов эълон қилди. Бугунги кунда биргина Иштихоннинг ўзида ўнлаб дид билан безатилган арчалар шаҳар кўркига кўрк бағишлаб  турибди. Бозорлар, аҳоли гавжум жойларда байрам ярмаркалари ташкил этилди ва уларда харидорларга арзон, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. 
Янги йил айниқса болажонлар учун севимли. Буни ҳисобга олган ҳолда янгидан бунёд этилган Устозлар хиёбонидаги арча атрофида байрам шодиёналарини ўтказиш режалаштирилган. 29 декабрь куни бўлиб ўтадиган байрам тадбирларида кам таъминланган оилалар, ҳарбий ва ички ишлар бўлими таркибида хизматни ўташ чоғида вафот этган ҳамюртларимизнинг фарзандларига Муҳтарам Президентимиз ҳамда туман ҳокимининг совғалари тақдим этилади.
 Шунингдек, барча таълим масканларида янги йил тадбирлари бўлиб ўтади.
 Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни кириб келаётган Янги йил билан муборакбод этамиз. Умид қиламизки, 2020 йил халқимиз учун янада серфайз, баракали йил бўлади.

Аҳмад ҲАСАНОВ,
туман ҳокимининг ёшлар масалалари, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.