КАШАНДАЛИК СОҒЛИК КУШАНДАСИ, УМР ЗАВОЛИ

Сигарет таркибида 196 хил зарарли моддалар мавжуд. Ундан 14 таси гиёҳванд модда ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) томонидан тамаки пассив наркотик деб эълон қилинган. Кашандаларда ўпка саратони, 25 фоизида эса турли юрак хасталиклари юзага келиши тадқиқотларда тасдиқланган.

Юқоридаги маълумотлар даъфатан сизга тааллуқли эмасдек туюлиши мумкин. Аммо, улар орасида ўзингизнинг  яқинларингиз,   фарзандларингиз бўлиши эҳтимолини ўйлаб кўрсангиз, кашандалик       хавфи узоқ эмаслигини ҳис қиласиз. ЖСТ берган маълумотларга кўра, 700 миллион, яъни дунё болаларининг тенг ярми иккиламчи тутун таъсирига учрайди. Ер юзида эса 1,5 миллиард кашанда бор. Бу дунё аҳолисининг ҳар тўрт кишидан бири чекувчи эканлигини англатади.

-Чекишнинг хавфли жиҳатларидан бири шундаки, унинг зарари тезда билинмайди.   У  организмни аста-секин заҳарлаб, унинг қаршилик тизимини ишдан чиқариб боради. Чекиш оқибатида артериялар чўзилувчанлиги йўқолади, мўртлашади, томирлар тораяди. Тамаки таркибидаги қурум ва сақич нафас йўлларида ўтириб қолади. Натижада, лорингит келиб чиқади, овоз бўғилиб, хириллаш пайдо бўлади. Респиратор касалликлар хавфи ошади. Чекиш ўпка саратонининг 71, нафас йўллари сурункали касалликларининг 42 ва юрак қон-томир касалликларидан 10 фоизининг сабабчисидир.

-Чекиш, айниқса, ўсмирлар учун жуда хавфли. Чунки бу даврада организмда ҳали физиологик функциялар шаклланмаган бўлиб, никотин таъсирида улар патологик ҳолда   шаклланади. Энг ёмони, ёшликда ўрганилган кашандаликдан кейинчалик қутилиш қийин. Никотинга боғланиб қолиш гиёҳвандликка қарамликка ўхшайди. "Бир марта татиб кўрсам ҳеч нарса қилмайди", деган ўй ниҳоятда хато. Кашандалик муолажаси гиёҳвандликни даволаш каби жиддий жараён ва бунда руҳий ҳолат билан ирода ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда тамаки маҳсулотлари рекламаси мутлақо тақиқланган. Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган нуқталарда, жамоат жойларида, жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотлари истеъмоли ман қилинган. Шунингдек, 20 ёшга тўлмаганларга уни сотиш мумкин эмас. Тамаки сотувчи савдо объектлари таълим, спорт ва диний муассасалардан камида 500 метр узоқликда жойлашиши зарур. Юқоридаги тартиб-қоидаларни бузган шахслар ва мансабдорлар жавобгарликка тортилади.

Кашандалик худди ичкиликбозлик, гиёҳвандлик иллатлари каби ижтимоий, ахлоқий ва маънавий омиллар билан боғланган. Кашандаликнинг кўпайиши жамиятнинг ижтимоий устунлари зарар кўришига, ахлоқий қадриятлар кучсизланишига ва маънавият емирилишига сабаб бўлади. Кашандалик нафақат шахслар, балки давлатнинг иқтисодиётига ҳам катта зарар етказувчи иллат. Кашандалик орқали нафақат инсон моли, балки соғлиги, умри ҳам ёниб кул бўлмоқда. Соғлик - бойлик. Уни йўқотган ҳамма нарсасини йўқотади.

З.РАҲИМОВ,

Самарқанд вилоят 

диспансери наркологи.

И.ЖУМАЕВ,

туман марказий поликлиникаси шифокори.