“КИМ ВАТАНГА СОДИҚ БЎЛСА, МЕНДИРМАН ЎША!”

Бўлажак Ватан ҳимоячилари тадбир бошланиш олдидан саф тортган ҳолда кириб келдилар. Барчанинг вужудини ҳаяжон қамради. Уларнинг ўзини тутиши, ҳарбий машқларни чаққонлик билан уддалаши, ҳар бир ҳаракатларида Ватан ҳимоячиларига хос мардлик ва жасорат ифодаси барчани лол қолдирди.

    Ҳа, умр бўйи ҳарбий соҳада хизмат қилган Ихтиёр Тўраев нафақага чиққанидан кейин тумандаги 27-умумтаълим мактабида чақириққа ёшларни тайёрлаш  ўқитувчиси бўлиб фаолит юритмоқда.

      Мактабда соҳага қизиқувчи ёшлардан иборат “Қалқон” жамоасини ташкил этди. Бугун барча соҳада бўлганидек миллий армияни янада такомиллаштириш бўйича жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса замонавий қурол-яроғ, техника билан таъминлаш, стратегик  фикрлайдиган, савияси етук офицер кадрлар ва қўмондонлик, сержантлар  таркибини тайёрлаш жараёни янгича ўқув- техник, маънавий-ахлоқий асосда ташкил этилмоқда. Умумтаълим мактабларида бошланган ҳарбий соҳага ҳозирлик ижобий самараларини кўрсатмоқда. Кўп ёшлар Олий ҳарбий билим юртларида ўқиб,  юртимизнинг турли ҳудудларида хизматни давом эттиришмоқда.

    Ихтиёр Тўраевнинг меҳнатлари муносиб тақдирланди.Ўзбекистон Қуролли Кучлари  томонидан “Ветеран жангчи” кўкрак нишони билан мукофотланди.


     Яқинда мактабда “Мардлар қўриқлайди Ватанни!” номли тадбир бўлиб ўтди. Туман ХТБ мудири И.Фозилов, Афғон жангчиси Қ. Қаноатовлар сўзга чиқдилар. Айниқса “Террористларга қарши кураш” деб номланган саҳна кўринишини барча ҳаяжон билан кузатди. Ҳа, бу илм масканида бўлажак Ватан ҳимоячилари камолга етмоқда деб ишонч билан айтамиз.


Назира Сулаймонова,

27-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.  

Суратда: Ихтиёр Тўраев дарс жараёнида.