БАХТ ТИМСОЛИСИЗ!

Аёл сўзи нақадар азиз. Эшитган кишининг танасини майин шабада силаб ўтгандек бўлади. Чунки инсон онасининг меҳридан баҳра олади,  ул зотнинг ҳимоясида бўлади ва унинг муҳаббатига   таянган ҳолда ҳаёт кечиради.   Зотан, у мунис она, муштипар опа-сингил, севимли рафиқа ва меҳри билан бағрингизга талпингувчи маъсума қизингиздир.

Маърифат опа Ўроқова 1966 йил 4 июлда Иштихон тумани, Чамбил қишлоғида таваллуд топган. Илк таълимни шу қишлоқдаги 3-ўрта таълим мактабида олди. Ўша даврдаёқ  ўқитувчилик касбига меҳр қўйди. 1986 йилда ишдан ажралмаган ҳолда Самарқанд Давлат университетининг биология факультетига ўқишга кирди.

-  Онам ўқитувчи   бўлишимни жуда хоҳлаган эди, уларнинг орзуларини амалга оширдим. Ўттиз йилдан ортиқ  шу касбнинг нонини едик, Оллоҳга шукур кам бўлмадик. Биз таълим берган кўплаб ўқувчилар бугун катта ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишган, биз бундан фақат мамнун бўламиз, -дейди Маърифат опа Ўроқова.

Оилада ҳам меҳрибон она Маърифат опа турмуш ўртоғи Султон ака Жумабоев билан уч нафар ўғилларини тарбиялашди. Уларнинг ҳар бири бугун ўзларининг муносиб касбларини эгаллаб, фаолият олиб бормоқда. Уч нафар келинга қайнона ва етти нафар набиранинг севимли  бувижониси бугун нафақада бўлса ҳам, иш фаолиятини асло тўхтатгани йўқ. 


Яқинда Маърифат опа  таваллуд   айёмини яқинлари ва 3-умумтаълим мактаби ўқитувчилари яъни ҳамкасблари даврасида нишонлади. Серфайз ўтган тадбирда   унга илиқ тилаклар билдирилди, фаолиятидаги ютуқлари фахр билан тилга олинди.

Ҳа, орамизда Маърифат опа Ўроқова каби жонкуяр ва фидойи ўқитувчилар кўплаб топилади. У кишининг келгуси фаолиятларида улкан зафарлар тилаш билан бир қаторда, ёш авлодга таълим беришда сира толмаслигини тилаймиз!

Матлуба РАББИМОВА.