БУГУННИНГ МУАММОСИ: ЕЧИМ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА

Одам савдоси - инсон шаъни, қадр-қимматини камситадиган, дунё тараққиёти учун мутлақо ёт бўлган трансмиллий муаммо, жиноят саналади. Афсуски, кейинги йилларда дунёнинг қатор давлатларида одамлар ана шу муаммо қурбонига айланишмоқда. Одам савдоси туфайли инсоннинг нафақат жисмоний кучи, балки уларнинг тана аъзолари, ҳаттоки маънавий қадриятларини ҳам таҳқирлашдек кечириб бўлмас ҳолатлар юз бермоқда. Айниқса, бу жиноятларнинг асосий жабрдийдалари аёллар эканлиги ачинарлидир.

Аёлларни хорижий давлатларда яхши ҳақ тўланадиган ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб, сўнгра сотиб юбориш, фоҳишалик қилишга мажбур этишдек мудҳиш ҳол юз бераётганлиги эса фақат инсон шаъни, қадр-қимматини таҳқирлабгина қолмай, балки оғир хасталикларнинг юзага келишига ҳам сабаб бўлаётир. Таҳқирланган аёллар аксарият ҳолларда одам иммунитети танқислиги вируси(ОИВ)ни юқтириб олишмоқда. ОИВнинг яширин даври 6-9 йил давом этишини инобатга олсак, масаланинг нақадар муҳим эканлигини ҳис этиш қийин эмас.

Шунингдек, чет мамлакатларга пул топиш илинжида кетган ва одам савдоси домига тушиб қолган эркаклар ҳам бундан мустасно эмас.   Уларнинг оғир меҳнат шароитида ишлаши, зах ертўлаларда яшаши кўпгина юқумли касалликларга чалинишига олиб келади. 

Агар сиз ўзингиз билмаган ҳолда алданиб, юқоридаги ҳолатга тушиб қолган бўлсангиз, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошида одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реаблитация маркази ташкил этилган. Ушбу марказ одам савдоси жабрдийдаларига кечиктириб бўлмайдиган тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа барча ёрдамни кўрсатиш имкониятига эга. Хорижда бўлиб келган фуқаролар поликлиникаларда тиббий кўрикдан ўтказилади, уларга саломатликларини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи юзасидан тегишли тавсиялар берилади.

Чет элда ишлашни истаганлар эса фақат қонуний йўлни танлаганлари маъқул. Ана шунда сиз ўз ҳақ-ҳуқуқларингизга эга бўлибгина қолмай, саломатлигингизни ҳам асрайсиз. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига мурожаат қилинг.

Сайдулла УЛУГМУРОДОВ,

туман тиббиёт бирлашмаси шифокори.