ТАЪМАГИР ХОДИМНИНГ “ОРЗУ”СИ УШАЛМАДИ

Хом сут эмган бандамиз, баъзан беҳуда орзу-хаёлларга берилиб жиноятга қўл ураётганимизни ҳам унутиб қўямиз. Қаршиев Ўктам Ахмедович (мақоладаги барча исм - фамилиялар ўзгартирилган) ҳам Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Иштихон туман филиалида мутахассис бўлиб ишлаш жараёнида ўз нафсига алданиб қолди. У ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда идорага мурожаат қилиб келган фуқаролар М.Тошбоевадан 2017 йил декабр ойида 600.000 сўм, 2019 йил февраль ойида яна 700.000 сўм жами 1.300.000 сўм, Ғ.Ориповдан 200.000 сўм ва Ш.Мардоновдан 190.000 сўм пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўзлаштириб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бермоқчи бўлди. 
Аммо, ҳуқуқбузар ўз ниятига ета олмади. Ноқонуний олган пулларини ўз эгаларига қайтаришга мажбур бўлди.У суд залида ўз қилмишига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймон эканлигини билдирди ва қонуний енгиллик беришни сўради. 
Қаршиев Ўктам Аҳмедович Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1932-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни  содир этган деб топилди ва унга шу модда билан энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида 1.013.650 сўм жарима жазоси тайинланди.

С.Содиқов,
Маъмурий ишлар бўйича Иштихон туман суди раиси.
М.Раббимова,
“Иштихон овози” газетаси мухбири.