КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Айни пайтда жамиятдаги ижобий ўзгаришлар, фуқароларнинг яшаш шароитининг яхшиланиши билан бирга, жиноий даромадларни легаллаштириш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш кўрсаткичлари ҳам ўсаётганлигини кузатиш мумкин. Коррупция давлат хизматчиларининг ўз вазифаларини тазйиқ ёки ихтиёрий равишда бузиш йўли билан содир этиладиган жиноятдир. Коррупцион ҳолатларнинг кўпайиши фуқароларнинг бефарқлиги натижасида ҳам юзага келади. 

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича сўнгги йилларда бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 

  Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида суд тизимида ҳам амалий ишлар тарғиб қилинмоқда. 2019 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида Судьялар олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев мамлакатимиз судьялари ва суд тизими ходимларига соҳада коррупцияга қарши курашиш борасида Мурожаат билан чиқди ва унда судни коррупциядан батамом ҳоли қилишга ва одил судлов самарадорлигини ошириш, судья ва суд тизими ходимлари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Энди таъмагирлик қилган судья сиёсатга, мамлакат Президентига ва халқига хиёнат қилган деб баҳоланади” деган сўзларининг моҳиятини чуқур англаб етишлари шартлигини алоҳида таъкидлади.  

  2017 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги  қонуннинг 3-боби коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга бағишланган. Жамиятни коррупциядан сақлаш учун авваламбор фуқаролар онгида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларни ҳуқуқий онгини юксалтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланиши, хуқуқий таълим соҳасидаги мутахасисларни касбий таёрлашнинг сифатини яхшилаш ҳамда доимий равишда такомиллаштирилиб  боришига қаратилган тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

 Қонун иқтисодиётимизда муҳим ўрин тутаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини янада кучайтирди. Бу борада маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш, лицензияга доир тартиб-таомиллар соддалаштирилди ва уларнинг тезкорлиги оширилди. Давлат органларининг назорат-текширув вазифалари янада мақбуллаштирди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тизими такомиллаштирилиб, уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда. 

Юқоридаги ҳаракатларнинг замирида фақат битта мақсад, у ҳам бўлса  коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олишдир.

 


А. ДЖАБРИЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича  

Иштихонтуманлараро судининг раиси.