ИШТИХОННИНГ ҚАДИМГИ ПУЛЛАРИ

Марказий Осиёда Х аср охиригача Сомонийлар сулоласи ҳукмрон сулолалардан эди. Кейинчалик уларнинг ўрнини келиб чиқиши турклардан бўлган Қорахонийлар эгаллади. Сомонийлар сулоласини Наср ибн Али бошқарди. Шунинг учун ҳам Иштихоннинг энг қадимги тангаларида (ҳижрий 401, милодий 1010-1011йиллар) унинг номи келтирилган. Орадан йиллар ўтиб Наср ибн Али оламдан кўз юмади. Унинг ўрнига туғишган укаси Аҳмад ҳокимиятни эгаллайди. Аҳмад ибн Али ҳам Иштихонда 404-405 (1013-1015) йилларда мис тангалар (фалс) зарб эттирган. Наср аксарият тангаларга "адолат ҳимоячиси" деб зарб қилдирган бўлса, Аҳмад акасидан фарқли равишда фалслардан баъзиларига "адолатли хон" деб ёздиради.
1017 йилда Аҳмад ҳам вафот этади. Унинг кўпгина ерлари учинчи укаси Муҳаммаднинг қўлига ўтади. Муҳаммад ҳам 411 (1020-1021) йилда Иштихонда пул зарб эттиради. 
Айтиш керакки, Қорахонийлар сулоласи марказлаша олмади. Мамлакат бўлиниб, уларни сулоланинг хонадонлари    бошқарди. Кўпинча улар бир-бирлари билан уруш олиб борар эдилар. 411 йилда улардан бири Али ибн Ҳасан Муҳаммад ибн Алига тегишли Бухорони босиб олишга муваффақ бўлади. Кейинчалик Али ҳукмронлиги остига Зарафшон воҳаси, жумладан, Иштихон ҳам бирлаштирилади. Бу ҳақда 419 (1028) йилда Али ибн Ҳасаннинг ўғли Юсуф ибн Али номидан зарб қилинган тангалар маълумот беради.
Узоқ вақтлар давомида тадқиқотчилар 419 (1028) йилгача Зарафшон воҳасини Али ибн Ҳасан ўз ўғли билан бошқариб келган деб тушунтиришган. Аммо, Самарқанд маданият ва санъат тарихи музейидаги тангалар бу қарашларни инкор этади. Бу 419 (1028) йилда зарб қилинган Иштихон фалс тангаларидир. Унда шундай сўзлар бор: "Насир ал-Ҳаққ ва-д-Дин Малик ал Машри ва-с-Син". Бу тахминан шундай таржима қилинади: "Ҳақиқат ва дин ҳомийси, Шарқ ва Хитой ҳукмдори". Бу тетул Тошкент ҳукмдори Қодирхон Юсуфга тегишли бўлган. Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, Қодирхон жанубий ҳудудларга, жанубий Самарқанд ҳудудларига ҳарбий юриш уюштиради. Аммо Али ибн Ҳасан душмани йироқлашгач яна ҳокимият тепасига келади ва ўн йил давомида ҳукмронликни давом эттиради.
Қодирхон барча қорахонийларнинг расмий бўлса-да, ҳукмдори,     бошқа ҳукмдорлар эса унинг вассали ҳисобланган.
420-421 (1029-1030) йилларда зарб эттирилган тангаларда Арслон-илоқ-Юсуф номини кўрамиз. 425 (1034) йилда чиқарилган тангаларда эса унинг отаси Табғач Буғро Қорахон титули кузатилади. "Ҳоқон" сўзи князлик маъносига эмас, балки подшоҳ маъносига яқинроқдир. "Қора" сўзи эса рангни эмас, балки "буюклик" маъносини берган. Шундай экан, Али ибн Ҳасан бош ҳукмдор ҳисобланмаган. Бундан шундай хулоса чиқадики, Иштихон шаҳри ўз даврида ҳукмдорларнинг муҳим сиёсий марказларидан бири бўлган. Шаҳар бир ҳукмдорнинг қўлидан иккинчисига ўтиб келган. Унинг бу даврдаги иқтисодий қудратини эса Иштихоннинг ўзида чиқарилган танга пуллари исботлайди. Булар - "фалс" - чақа пуллар ҳисобланган, аммо, чакана савдода ана шу тангалар муҳим аҳамият касб этган. Демак, савдо айланмаси ва молиявий муносабатларда ҳам Иштихон асосий шаҳарлардан бири ҳисобланган.
Иштихон тарихига боғлиқ бўлган тангалар айни пайтда турли музейларда сақланмоқда. Масалан,баъзилари Эрмитажда, Москвадаги Давлат тарихий музейида сақланаётган бўлса, яна бир қисми Самарқанддаги музейнинг қимматли экспонатларидан саналади. 
Биз таълим масканларида ёшларга юртимиз тарихидан сабоқ бераётганда ана шу қимматли маълумотларга ҳам мурожаат қилиб турсак, айни муддао бўлар эди.