“ЗАМОНАВИЙ ЖУРНАЛИСТИКА” КЕЧАГИСИДАН ФАРҚ ҚИЛМОҚДА

Шу йилнинг 18-25 декабрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб "Ёшлар фестивали" ўтказилмоқда.

    Бугун туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида “Ёшлар фестивали”  доирасида “Замонавий журналистика” шиори остида  ёшларни ижтимоий тармоқлардан ва улардаги маълумотлардан тўғри фойдаланиш, замонавий журналистика соҳасини ривожлантириш мақсадида ёш ижодкорлар учун мастер-класс  ташкил этилди.

          Дастлаб сўз олган “Иштихон овози” газетаси муҳаррири Гулчеҳра Усмонова бугун ўз сўзида  оммавий   ахборот воситаларида  меҳнат қилаётган ижодий ходимлар давлат билан халқ ўртасида ўзига хос кўприк  вазифасини талаб даражада бажаришга масъул эканлигини  таъкидлади. 


  • Бугун юртимизда ёшларга эътибор ниҳоятда муҳим масалалардан бири бўлмоқда. Уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун бугун ҳар биримиз ҳаракат қилишимиз зарурдир, -дейди туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Обид Тожихонов. 

Журналистлар Олим Қўчқоров, Матлуба Раббимова   анъанавий, замонавий журналистика ҳақида фикр юритдилар. Тадбир давомида "Ижод кечаси" лойиҳаси   доирасида адабиёт ва санъатга қизиқадиган, наср-назм йўналишида фаолият юритаётган ҳаваскор шоир ва шоиралар иштирокида " Ижод кечаси" ташкил этилди.

Шаҳриддин Умиров  истеъдодли ижодкор. Умр бўйи ўқитувчилик касбини эъзозлади ва кези  келганда ўзи ҳам ҳурмат топди. Айни вақтда  “Қалбим қуёши”, “Умр карвони” тўпламлари аллақачон мухлисларига етиб борди. “Синглимга мактуб” номли  янги китобини ҳам нашрга ҳозирлаб қўйган ижодкорнинг нафақадаги ҳаёти ижод билан ҳамоҳанг кечаётир.

 Шунингдек, 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ҳусниябону Қувватова бир неча бор  ижодкор ўқитувчилар кўрик танловида қатнашди. Ўзи бошлангич синф ўқитувчиси бўлганлиги учунми шеърлари ҳам жуда содда, равон. Унинг  “Ғунча юзларим”, “Соғинч ёғдуси” шеърлар тўпламлари чоп этилган. Ижодкор ўқиган шеърларни тадбир қатнашчилари мароқ билан тингладилар.


  “Ёшлар фестивали” қатнашчилари “Ёшлар кутубхонаси”да ҳам бўлдилар. Кутубхона директори Улуғбек Нурмуҳаммедов бугун китобхонларга яратилган имкониятлар ҳақида сўзлади. Янги китоблар билан таништирди.   -Тумандаги ҳар бир умумтаълим мактаби билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бунинг учун   кутубхонамизга аъзо бўлишнинг ўзи етарли. Китоблар бепул  берилади,-деди  У.Нурмуҳаммедов. Бундан ташқари энг ноёб китобларни ҳам агарда қоғоз шакли бўлмаганида  электрон шаклини топиб бериш имкони борлигини ҳам таъкидлади.


Илҳомжон БОБОЕВ.