Таклиф этилган уйларни рад этаётган Г. Абдухалилова ва Kun.uz мухбирларига!

РАДДИЯ

     Kun.uz таҳририяти Иштихон тумани “Деҳқон бозори”даги музқаймоқ дўконига кириб олган аёл ҳақида эълон қилган мақолалари, мақолага берилган раддияда асоссиз ва бир ёқлама ўрганилганлиги аниқ-равшан бўлди. Ўзларининг асоссиз мақолаларини ёқлаш мақсадида такрор-такрор чиқиш қилиб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, эл орасида турли гап-сўзлар кўпайишига сабаб бўлишаётир.

     Авваламбор, шуни айтиш лозим-ки, Иштихон туманининг ҳар бир фуқаросини, уларнинг ҳуқуқларини Kun.uz ёки бошқа бирор оммавий ахборот воситаси эмас, Иштихон туман ҳокимлиги ва ҳуқуқ идоралари пухта ўрганган ҳолда, ҳужжатларга асосланиб ҳимоя қилади. 

      Шу туманнинг фуқароси бўлган Гулмира Абдухалиловага   Kun.uz нашри  ёритмасдан олдин ҳам унга турли шаклдаги ёрдамлар бериб келинган,  МФЙ эътиборида бўлган.  Хусусан,

1.  У пандемия даврида 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган;

2.  Фуқарога 220 000 сўмдан пул маблағи ўз вақтида берилган;

3.  Бундан ташқари “Дамариқ” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан 2020 йил март ойидан бошлаб 2020 йил октябрь ойига қадар,  ҳар ойда 376 000 сўмдан моддий ёрдам нафақаси бериб турилган;

4. Жамоат ишига жалб қилиниб, 6 ой мобайнида 750 000 сўмдан ойлик маош берилган;

5.  У уй-жойга муҳтож хотин-қизлар рўйхатига олинган.

6. Унга бир эмас, бир неча жойдан барча шароитлари бор уй таклиф қилинган.

      Эслатма : Гулмира Абдухалилова унга таклиф қилинган уйларни асоссиз равишда рад қилиб келган. Айни дамда иккинчи турмушидан ҳам ажрашган Г.Абдухалилова  “Дамариқ”  МФЙ,  Қорача қишлоғида яшовчи онаси 1941 йилда туғилган Абдухалилова Тўркинга тегишли 18 сотихли томорқаси бўлган  хонадонда  доимий рўйхатда туради. Катта ҳовлида Гулмира Абдухалилова, унинг онаси ва ўғлидан бошқа ҳеч ким турмайди. (Қизиқ, 80 ёшли Тўркин момо дунёдан ўтгач, бу ҳайҳотдек ҳовлида ким яшар экан?)  Г.Абдухалилова ҳеч кимнинг гапига қулоқ тутмайди.  Унга бозордаги ўша музқаймоқ дўконида ётиб юриш маъқул чунки даромадли жой, иккинчидан журналистларни жалб қилиб, можаро қўзғаш учун қулай!

     Яна битта гап: Гулмира Абдухалиловага Kun.uz мухбирларидан кўра, унинг туғишган акаси, айнан  у “яшаётган”  “Деҳқон бозори”нинг директори  Икром Абдухалилов ёки Самарқанд шаҳар ҳокимлиги фавқулодда ҳолатлар ва сафарбарлик масалалари бўйича мутахассис укаси Акбар Абдухалиловлар яқинроқ эмасми?  Сўраса ёрдамини аямас. Қолаверса у бозорнинг истаган жойида савдо қилади. Пандемия шароитида бозор унинг ихтиёрида бўлди, катта бозорда савдо қилиш учун фақат Г.Абдухалиловага рухсат берилди. 

      Афсуски, Гулмира Абдухалилова ака-укаларининг  гапларига  қулоқ солмайди,  улар билан чиқишмайди. Оиласида  яқинлари билан аҳиллик йўқ, туғишган ака-укалари билан гаплашмайди. Kun.uz мухбирлари воқеани тўғри ўрганган  ҳолда изоҳлашлари керак.

    Энди Kun.uz мухбирлари ёпишиб олган, гўёки Г.Абдухалилованинг кўп маблағи сарф бўлган, хусусий мулки ва бу мулк хусусидаги ҳоким қарори ҳақида. Авваламбор, Г.Абдухалилованинг қўлида мухбирлар даъво қилаётган ерга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи бирор юридик ҳужжат йўқ! У даво қилаётган жой Ўташев Зикириллога тегишли бўлган. Туман ҳокимининг 2008 йил 22 декабрдаги 2059-қ сонли қарори ҳам ўша одамга, мухбирлар иддао қилаётганидек, уй-жой қуриш ва бу ерга “умрбод эгалик қилиш” учун эмас, балки илгаридан мавжуд бўлган бино ва унинг атрофидаги ер майдонига бўлган ҳуқуқни белгилаш назарда тутилган, холос. 

      Туман ҳокими қарорини бекор қилувчи, ҳокимликдан устун турувчи идоралар ҳам бор.

         Иштихон тумани ҳокимлиги 2008 йил 22 декабрь 2059-қ сонли қарорининг таъсир кучи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервисини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 277-сонли қарори билан ўз кучини йўқотади. Жумладан, ушбу қарорнинг 5 банди, 2 хатбошига асосан: “лойиҳалаш ташкилотлари томонидан берилган йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларининг тасдиқланган лойиҳаларидан ҳар қандай четга чиқиш юқорида кўрсатиб ўтилган Комиссия томонидан ушбу объектларнинг харажатларини тўламасдан бузиб ташланиши юзасидан қарор қабул қилиниши учун асос ҳисобланади”, деб белгилаб қўйилган.

       Шу қарорга асосан, М-37 автомагистрал йўлининг қўриқланадиган зонасига туташ ҳудудда жойлашганлиги, шаҳарсозлик норма ва қоидаларига жавоб бермаслиги сабабли, 2010 йилда бино Ўташев Зикириллонинг шахсан ўзи томонидан бузиб олинган ва эски қурилиш материалларини ўз уйига олиб кетган.  

       Қизиғи, мухбирлар далил қилиб кўрсатаётган гўёки олди-сотди ё ҳадя қилиш тўғрисидаги далолатнома 24.12.2019 санада тузилган ва бундан тўққиз йил олдин З.Ўташев томонидан бузиб олинган бино учун расмийлаштирилган. Бу ҳолат туман ҳокимлигида сақланаётган М-37 автомагистрал йўлини реконструкция қилиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар ва фотосуратларда аксини топган. Бу ерда Г.Абдухалилова томонидан ҳеч қандай қурилиш ишлари амалга оширилмаган.      

      Г.Абдухалилова ва Kun.uz сайти томонидан даъво қилинаётган сарф-харажат ёки пул сўммаси аниқ фактлар билан асосланмаган. Kun.uz мухбирлари эса, аслида, Г.Абдухалилова томонидан қурилмаган пойдевор ҳақида “Г.Абдухалилова ана шу ерга бор топган-тутганини сарфлаб, саховатпеша инсонлар кўмагида пойдевор қуради” каби ёлғон жумлаларни келтирмоқда. Г.Абдухалилова бузиб юборилганлигидан норози бўлаётган бетон пойдевор аслида, ҳозирги кунда ҳам қандай бўлса шундайлигича  турибди.

      Шунингдек, Г.Абдухалилованинг 2019 йилда ер майдони сотиб олганлиги баён этилаётган ҳолатга қўйидагича изоҳ бериш мумкин:

Аввало, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахслар ўзаро ер майдонини сотиш ёки сотиб олиш ҳуқуқига эга эмас. Мулкларга нисбатан ҳар қандай ҳадя, олди-сотди ҳужжатлари тегишли тартибда нотариал идораси орқали амалга оширилсагина қонуний ҳисобланади.

     Ўташев Зикирилло томонидан ер майдони Г.Абдухалиловага совға тарзида берилганлиги қайд этилган тилхат ҳамда  МФЙ вакиллари иштирокида тузилган далолатнома ушбу ер майдонида қурилиш ишларини амалга ошириш учун ҳеч қандай ҳуқуқ бермаслиги маълум. Шундай  бўлса-да, нашр мухбирларининг қонуний кучга эга бўлмаган ушбу қораламаларни ёқлаб чиқишлари натижасида фуқароларда қонунларимизга нисбатан нотўғри тушунча ва қарашлар вужудга келганлигини кўриш мумкин. 

      Кўриниб турибдики ҳолатга нохолис баҳо берган мухбирлар сайтда берилган  тилхат бўйича “совға” сифатида, далолатномада эса “ҳеч қандай гувоҳларсиз ўзаро келишганлиги”ни исбот этувчи далилларни иддао қилишмоқда.  Г.Абдухалилова фуқаро З.Ўташевдан қайтарилишини талаб қилаётган маблағ эса ҳеч қаерда қайд қилинмаган. Исбот топмаганидан кейин маблағни қайтариш  туман ҳокими ёки бошқа бирор шахснинг ваколатига кирмайди. Бунинг учун фақатгина  суд органларига мурожаат қилиш лозим.

      Юқоридагиларга асосан, Kun.uz таҳририяти фуқаронинг мурожаатини юзаки ўрганган, оғзаки гап-сўзларга асослангана ҳолда, масалага  ойдинлик киритадиган қарорларга нисбатан юридек тарафдан ҳуқуқий баҳо бериш ўрнига иккала мақоласида ҳам туман ҳокимлигини айбдор қилишга қаратган.    Энг ёмони, Kun.uz мухбирлари ер тўғрисидаги  олди-сотди муносабатлари тўғрисидаги бирор қонунни билмасликлари очиқ равшан бўлиб қолса-да, ўз  фикрларини такрор-такрор ҳимоя қилишларидир.

      Шу ўринда Kun.uz нашри мухбирларига ўзлари яхши ўқишмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги эълон қилган Расмий баёнотдан айрим сатрларни эслатиб ўтмоқчимиз:

“Демократия ва сўз эркинлиги – бу исталган нарсани қонунга хилоф равишда, ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтавериш дегани эмас. Сўз эркинлиги – бу, аввало, қонунга амал қилиш, айтилган ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулиятидир. Ҳар бир журналист, блогер ОАВ орқали айтаётган гапи, бераётган маълумоти учун қонун олдида жавобгардир”.

      Биз мухбирларнинг туман ҳокимини обрўсизлантиришга қаратилган чиқишларига тегишли баҳо бериш учун ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларига мурожаат қилишга қарор қилганимизни билдириш билан бирга, яна бир бор такрорлаймиз:

Иштихон тумани ҳокимлиги ОАВ ходимлари учун доимо очиқ ва биз журналистлар билан ҳар қандай масалани холислик ва шаффофлик билан муҳокама қилишга тайёрмиз. Аммо шошилинч равишда қуруқ гап билан барчани овора қилмасдан ҳужжатларга асосланган ҳолда шикоятни пухта ўрганиш керак.  Асосли, ўз исботини топганида ҳеч ким инкор этолмас, ўринсиз гап-сўзларга имкон бўлмас эди!


“ИШТИХОН ОВОЗИ” ГАЗЕТАСИ  ТАҲРИРИЯТИ