ИССИҚХОНАНИНГ МЕҲРИ ҲАМ ИССИҚ - ЧУНКИ У КАТТА ДАРОМАД ВА БАРАКА МАНБАИ

Халқимизда “Қаловини топса, қор ҳам ёнади”-деган гап бор. Барча нақллар каби бу ҳикматли сўз ҳам бекорга айтилмаган. Бундан ўн беш-йигирма йиллар аввал, киви, мандарин, апельсин у ёқда турсин, ҳатто лимон ҳам жуда камёб маҳсулот саналарди. Яшириб нима қилдик, бундай тансиқ неъматлар меҳмон келганида “бадавлат кишиларнинг дастурхони”га қўйилар, оддий одамлар бирор бир дардга шифо сифатида катта шаҳарлардан, фалон пулга топиб келишарди. 

Бугун эса бутунлай бошқа манзара. Лимон, апельсин ва мандарин бозордаги “ўзимизнинг меваларимиз” қаторидан жой олди. Ананас, киви каби мевалар ҳам кундалик истеъмолдаги неъмат бўлиб қолди.

 Бунинг учун албатта, кексаларимиз “дориломон замонлар келгани”га шукрона айтишса, бугунги кун одамлари бу дунё давлатлари эшикларининг кенг очилаётганидан эканини яхши билишади. Албатта, бу қарашларнинг барчасида ҳақиқат бор.

 Лекин чуқурроқ мушоҳада қилинса, бу борада одамларнинг дунёқараши, изланиш ва интилишлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 Хўш, лимон-у апельсинни ким “ўзимизнинг боғимиз меваси”га айлантирди? Албатта, уста боғбонлар, қаловини топиб мана шу ўсимликларнинг гуркираб ўсишига шароит ярата олган ишбилармон деҳқонлар! 

 Биз гапни бекорга узоқдан бошламадик. Чунки, юртимизда илк иссиқхоналар пайдо бўлганида, қизиқувчан боғбонлар таваккал қилиб хонадонида, гул идишларида парваришлай бошлаган лимон кўчатларини катта иссиқхоналарга кўчирганида бу ишга умид билан қарагандан “Э, бу одам анча харажатга куйди-ёв!”-дея ишончсизлик билан кузатганлар кўп эди. Аммо, бугун гектар-гектар майдонлардаги иссиқхоналарда нафақат лимон, балки апельсин, мандаринлар парваришлаб, миллион-миллион сўм даромад олаётган ҳамюртларимиз сафи кун сайин ортиб бораётир. Бу эса бозорларимизда мўл-кўлчилик ва арзончилик деганидир.

 Яқинда “Kun.uz” сайтида “Иссиқхонани ёқилғисиз иситиб, 100 миллиондан ортиқ даромад топаётган андижонлик боғбон. Унинг сири нимада?” сарлавҳали мақолани ўқиб қолдим. Мақолада Андижоннинг чекка ҳудуди бўлган Балиқчи тумани Навниҳол маҳалласидаги Эргашевлар хонадонининг 14 нафар аъзоси булган катта оила   8 сотих томорқада лимонарий ташкил этгани ҳақида ҳикоя қилинган.

 Мақолада ёзилишича, хонадон соҳиби Ғофуржон Эргашев бундан саккиз йил аввал ўқитувчиликдан нафақага чиққан. Аввало, олтмиш ёш эркак киши учун унчалик кексалик қилмайди. Турмуш ўртоғи Шаҳзодахон ая ҳам муаллима,умр бўйи ишлаб ўрганган. Пенсияга чиққач, у киши ҳам анча зерикиб қолган. Уларнинг икки қиз ва уч ўғли, 12 нафар невараси бўлиб, бундай оила ҳозирда анча серфарзанд ва серхаражат рўзғорларидан саналади. Ғофуржон ака 8 сотих томорқасида 4 та иссиқхона ташкил этиб, уларда 134 туп лимон, 6 та мандарин, 6 та апельсин дарахтини парваришламоқда. Иссиқхоналар ёғочдан ясалган.

- Лимоннинг совуққа чидамли, ҳосилдор Хитой ва Кавказ навларини экканмиз,- дейди уста деҳқон. - Ҳеч қандай ёқилғи ишлатилмайди. Кечқурунлари бўладиган аёзлардан сақлаш учун иссиқхонага исириқ солиб тутатамиз. Дарахтларни парваришлаймиз, ўғитлари бериб борилади. Бу йил тахминан 2,5 тонна атрофида ҳосил етиштирдик. Бу эса тахминан 110–115 миллион сўмлик даромад дегани. Вояга етган бир туп лимон дарахтида 700 донагача мева бўлади. Тахминан 90 килограмм ҳосил беради.

 Бу оила 2011 йилдан буён иссиқхонадан яхшигина даромад олар экан.68 ёшли деҳқоннинг таъкидлашича, етиштирилган ҳосилни ертўлада сақлаб, баҳор ойларида сотишни бошлашади. Оила ўтган йилги даромадидан “Дамас” автомашинаси сотиб олишган. Ҳозир иккита “Дамас” ва битта “Нексия” автомашинаси хонадон аҳли хизматида.

“Kun.uz” мухбири Элмурод Эрматовнинг Ғофуржон Эргашев билан кечган ушбу суҳбатида ўқитувчи-деҳқон ўзининг бу тадбиркорлигидан фақат моддий даромад олишни кўзламаганлигини алоҳида таъкидлаган. Иссиқхонадан келадиган бу даромад замирида катта меҳнат, ниҳоллар парваришига бўлган меҳр яширин. 

-Мен барча ҳамюртларимга айтардимки, болаларингизни ёшлигидан меҳнатга йўналтириб, тарбия берсангиз, болаларнинг кўчада довдираб юришларининг олдини олган бўласизлар. Шундай нарсаларни ташкил қилсангиз, болаларингиз меҳнатга ўрганади, шу билан бирга, оилангиз бекам-у кўст бўлади. Сиз билан биз кексалар эса уйда хотиржам ўтирамиз, – дейди Ғофиржон ота Эргашев.

  Таъкидлаш лозимки, туманимизда ҳам томорқасининг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб, оила даромадини йил сайин орттираётган, ҳалол меҳнати туфайли фароғатда яшашга одатланган оилалар талайгина. Каттақангли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Диёр қишлоғидаги ўнлаб хонадонларнинг асосий даромади иссиқхоналардан. Нодира Бекназаровалар оиласи иссиқхонада асосан лимон етиштиради. 

 Каттақангли қишлоғининг уста деҳқонлари Зубайдулла Ўтаганов, Эшқобил Каримовлар эса иссиқхонага помидор экиб, яхшигина даромад оладилар. Убайдулла Боймуродовнинг оила аъзолари ҳам ўзини ўзи банд қилиб, асосан ички имкониятлардан унумли фойдаланишга одатланишган. Улар чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланибгина қолмай, иссиқхона фаолиятини ҳам йўлга қўйишган. Қарабсизки, уйда бекор одамнинг ўзи йўқ. Даромад-у, дастурхон тўкинлиги ҳам шунга яраша!

  Кўклам келиши билан ўзлари етиштирган қулупнай мевалари билан Иштихон, Каттақўрғон, Оқдарё ва Қўшработ туманларидаги “Деҳқон бозори”ни тўкин қиладиган ҳам мана шу маҳалланинг уста деҳқонларидир. Ҳудудидаги 5 та қишлоқнинг барчасида одамлар томорқадан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишади.

 Хотамхўжа қишлоғида яшовчи Муродқобил ака Мустанов ўзи ташкил этган иссиқхонада нафақат лимон, балки банан кўчатини ҳам парваришлаётир. У кишининг асл касби дурадгорлик бўлса-да, иссиқхона яратишга бўлган қизиқиши туфайли Қорадарё дарёсига яқин ҳудудда яшаганлиги учун захкаш тупроқ табиатини синчиклаб  ўрганди. Эрта баҳор ҳамда куз келиши билан тупроқда захнинг ошиб кетишини ҳисобга олган ҳолда иссиқхонада томчилатиб суғоришни йўлга қўйди. Бугунги кунга келиб оила иссиқхонадан даромад олишни бошлади. Қолаверса, кўчатлар оралиғига экилган турли кўкатлар фарзанд ва набиралар учун беминнат витамин, саломатлик гаровидир. Уй бекасининг идишларда яшнаб ўсаётган хона гуллари учун ҳам жой етарли. Бу иссиқхонага кирган кишига аъло кайфият бағишлаб, баҳри-дилини очади.

 Бундай меҳнаткаш инсонларни Қорақишлоқ, Баҳрин МФЙларда ҳам кўплаб учратиш мумкин. Улар чорвачилик, паррандачилик, асалари парвариши каби тармоқларни кенг йўлга қўйиб, оила фаровонлигини таъминлашмоқда.Бу маҳаллада ҳам иссиқхона фаолиятига қизиқиш катта.

 Кўтарма қишлоғи аҳли эса асосан кўчатчилик билан шуғулланишади. Уста деҳқонлар оддий помидор, булғор қалампири ва карам кўчати етиштириб, томорқадан икки-уч баравар фойда олишга одатланишган.

Аммо афсуски, ҳамма ҳам ўз ихтиёридаги ер майдонидан мана шундай унумли фойдаланаётир, деб бўлмайди. Онгли одам учун ҳукумат алоҳида қарор қабул қилиб, “Томорқангизга қандай экин экдингиз?” дея маҳалла масъулларининг уйма-уй юриши, ҳатто, экиш уруғлик ёки зарур маблағ етказиб бериши уят эмасми? Бизнинг шароитимизда иссиқхона қуриш ёки томорқадан йил давомида унумли фойдалана билиш учун фақат истак ва ғайратнинг ўзи етарлидир.

 Биз мақоламиз аввалида гапни бекорга андижонлик деҳқонлар фаолиятини таърифлашдан бошламадик. Водийдаги вилоятлари масофа жиҳатидан бизнинг ҳудудимиздан анча олис, табиати, иқлим шароити ҳам анча  фарқ қилади. Иштихондек масканнинг табиати эса деҳқончилик учун бундан ўн карра қулайроқ. Иссиқхоналарни иситиш учун ҳам кўмир, газ ёки электрга мутлақо ҳожат йўқ. Иссиқхона устидаги целлофаннинг ўзи мўътадил ҳароратни таъминлаб беради. Чунки, лимон дарахти парваришлаш учун  ҳарорат кўчатлар совқотмайдиган даражада бўлса, етарли. Иссиқхонани эса оддий ёғочдан ҳам ясаш мумкин.  Демак, мўмай даромад топиш учун ҳар бир хонадоннинг имкони бор. Фақат озгина қизиқиш, эътибор ва ғайрат керак холос!


Муқаддам ҲАЙИТОВА тайёрлади.