БАХТИМИЗГА ПОЙДЕВОР

 Ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади.   Конституция ҳуқуқ манбаларидан бири сифатида давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини ифода этиш ва юритиш воситаси ҳисобланади ва асосий ғояларни мустаҳкамлайдиган сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида муайян тарзда шахс тафаккури, дунёқарашининг шаклланишига мафкуравий таъсир кўрсатади.      

   Давлатимиз Конституциясида ҳам замонавий демократик давлатлар Конституцияси сингари барчанинг қонун олдида тенглиги, шахснинг давлатга нисбатан устуворлиги, давлатнинг инсон ва жамият фаровонлиги учун хизмат қилиши каби инсонпарварлик тамойилларига катта аҳамият берилган. Унда жами дунёвий неъматлар орасида энг улуғи инсон эканлиги ёрқин мужассамлаштирилган. Инсонни улуғлаш, уни муҳофаза қилиш ва ҳар томонлама камол топтириш Конституциянинг асосий ғоясига айлантирилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси негизида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси ўтган қисқа даврда давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичига асос солди. Бу муҳим ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш учун асос бўлди. Бунда Конституциямиз Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг асоси сифатида хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳаракатлар стратегияси асосида кейинги йиллар давомида  Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бир неча маротаба муҳим ўзгартиришлар киритилди.

Мазкур конституциявий ўзгартиришлар суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга бўлди. 

Конституциямизга киритилган яна бир ўзгаришлардан бири, Конституциянинг 108-моддасига мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланадиган бўлиб, Конституциянинг 108 ва 109-моддаларига киритилган тузатишларда Конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини текшириш, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш борасидаги Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилди.

  Конституциявий янгиликларнинг ҳаётга татбиқ этилиши давлатимизда судлов тизимини янада такомиллаштириш, Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, бу конституциявий янгиланишлар судьялар ва суд тизими ходимларини ижтимоий рағбатлантиришни юқори даражага кўтармоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Конституциямиз мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётнинг барча соҳаларида изчил ва босқичма-босқич, узвий ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда асосий ҳуқуқий кафолатидир.


Навбаҳор ТУРСУНОВА,

Иштихон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.