ИСТИҚБОЛИМИЗ КАФОЛАТИ

  Бизнинг фаолиятимиз энг муҳим конституциявий қоида – ижтимоий адолат тамойилини таъминлашга қаратилиши шарт. Ижтимоий адолат – бу сиёсий қарашлари, жинси, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъий   назар, қонун олдида барча фуқароларнинг тенглигини таъминлашдир.    

Ш.Мирзиёев.

  Бу оламда турфа фикр ва дунёқарашга эга бўлган, яшаш тарзи ва хоҳиш истаклари тубдан фарқ қилувчи инсонлар яшайди. Бу турфа хиллик баъзи бир зиддиятлар ва келишмовчиликларни юзага келтириши табиий. Шу боис узоқ даврлардан бери кишилик жамияти ўзаро муносабатларни тартибга келтирувчи турли қонуниятлар, одоб-ахлоқ меъёрларидан фойдаланади. Асрлар давомида вужудга келган бу каби қонуний меъёрлар дин пешволари, шоир ва донишмандлар, зиёлилар томонидан   қонуний тартибга солиб келинган. Бу йўриқномалар бугунги кунга келиб мустақил давлатнинг Асосий қонунига айланди.

  Мамлакатимиз тарихида кўп асрлар мобайнида давлат бошқарувида шариат қоидалари муҳим рол ўйнаган. Бундан ташқари “Қутадғу билиг” (Юсуф хос Ҳожиб), “Темур тузуклари” (Амир Темур), “Маҳбуб-ул қулуб” (Алишер Навоий), “Мубаййин” (Бобур) каби буюк асарлар ҳам ўз даврининг қомуси вазифасини ўтаган. Мустақил давлатимизнинг Асосий қонунини яратишда бу асарларнинг туб моҳияти, қолаверса, дунёнинг етакчи давлатларининг Конституциялари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳужжатлар тўла ўрганиб чиқилди ва ўз аксини топди.

 Конституциямизнинг энг муҳим хусусиятларидан бири шуки, у халқчил, адолатли ва ҳамюртларимизнинг асрий орзулари учун кенг йўл очадиган қонуний ваколатлар мажмуидир.

 Шу боисдан ҳам у қалбларимиздан ўрин олди, ҳаётимизнинг мазмунига айланди, нурли истиқбқолимиз учун асосий даструламал бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Унда ўз аксини топган олийжаноб мақсадлар шу юрт фарзандиман деб билган ҳар бир фуқаронинг мақсадига айланиши ҳам шундандир.


Феруза ТОҒАЕВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши

 депутати.