ФАҚАТ ҲУҚУҚИМИЗ ЭМАС БУРЧЛАРИМИЗ ҲАМ БОР

Асосий қонунимиз ўзининг халқчиллиги, адолат устуворлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Қолаверса, жамиятда олиб борилаётган ислоҳотлар, кўзда тутилаётган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда вақт-вақти билан халқимиз хоҳиш-истакларига мос равишда Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар унинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини янада оширмоқда.

    Конституциямизда бизнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолатланган.  Бу эса  яшаш, ўқиш, соғлом ҳаёт кечириш, хавфсизлигимизни ҳимоялаш каби энг зарур ҳуқуқларимизни мустаҳкамлайди. Мен мана шундай адолатли жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигимдан фахрланаман.

    Шу ўринда яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтмоқчи эдим. Биз доимо ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни эътироф этамиз, яратилаётган ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Аммо, давлат ва жамият олдида бурчли эканимизни ҳам унутмаслигимиз лозим.  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XI-боби “Фуқароларнинг бурчлари” деб номланган ва бу боб орқали  бизнинг бурчларимиз тўла белгиланган. Ушбу бобнинг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” –деган сатрлар бор.Айтингчи, биз ушбу вазифани қай даражада адо этаяпмиз?

    Менимча, ҳар биримиз ҳуқуқ ва манфаатларимизни амалга ошириш билан бир  вақтда бурчларимиз ҳақида ҳам қайғуришимиз керак. Негаки, ушбу боб ҳам аслида биз фуқароларнинг манфаатларимизга хизмат қилади.


Санобар ПЎЛАТОВА,

2-ИДУМ ўқитувчиси.