ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ “ИС ГАЗИ КЎРИНМАС ҚОТИЛ ”!

Ис гази – рангсиз, ҳидсиз ва ҳаводан енгил заҳарли газ бўлиб, ёнувчи махсулотларнинг яъни кўмир, ўтин, табиий газ ва бошқа шу каби маҳсулотларнинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади. Ис гази ҳидсиз газ бўлгани билан, ўта ўткир ва таъсирчан бўлади. Унинг заҳарланиш ва ўлимга олиб келиш ўртасида концентрация оралиғи жуда қисқа. Масалан, хона ҳавоси таркибида 0,1 фоиз ис гази йиғилса, хонадаги барча кишиларнинг ҳалок бўлиш эҳтимоли жуда юқори бўлади. 

Ис гази билан заҳарланган организмда углерод ва оқсил алмашинуви бузилади, натижада ацидоз аломатлари юзага келади. Қон таркибида калий ва калций мувозанати ҳамда марказий нерв системаси фаолияти бузилиши ва шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Ис газидан заҳарланишда биринчи ёрдам.

Барча ҳолатдаги оғир заҳарланишларда зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматини чақириш зарур. Шифокор етиб келгунга қадар қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

– жабрланувчини зудлик билан газланган ҳудуддан тоза ҳавога олиб чиқиш керак;

– жабрланувчининг қўл ва оёқларини кўтарилган ҳолатда ётқизиш;

– нафас олишига ҳалақит берувчи барча нарсаларни йиғиштириш (тугмаларни ечиб, ёқани очиш,  камарни бўшатиш ва бошқалар);

– жабрланувчининг ухлаб қолмаслигини назорат қилиш керак, жабрланувчини юргизиш эса тақиқланади;

– жабрланувчи нафас олмаётган бўлса, унга тоза ҳавода ёки ҳавоси яхши айланадиган хонада сунъий нафас олдиришни бошлаш лозим;

– нашатир спиртини ҳидлатиш;

– ҳушига келган вақтида йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чоралар кўриш;

– жабрланувчининг ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш;

– кислород ёстиғи ёрдамида кислород бериш.

Халқимизда бир нақил бор “Касални даволагандан кўра олдини олган яхши”. Шу сабабли Ис газидан захарланишни олдини олиш учун эса қуйидаги оддий қоидаларга қатъий амал қилиш зарур:

  • иситиш мавсуми бошланиши олдидан печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларининг тозалигини текшириб чиқинг;
  • носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланишига асло йўл қўйманг;
  • болалар ва имконияти чекланган кишиларни назоратсиз қолдирманг;
  • табиий газдан фойдаланишда турли хилдаги резина шланглар, турли хил газ сўргичлардан фойдаланманг;

         Иситиш мосламаларидан фақат йўриқнома билан яхшилаб танишиб чиққандан кейингина фойдаланинг.


  Туманимизда ҳам ФВБ ПваНБ инспекторлари аҳоли яшаш хонадонларига ташриф буюриб, у ердаги  мавжуд камчиликларни бартараф этишмоқда. Аҳолига қўлбола иситиш печлари хавфли эканлиги ва келгусида аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тушунтирилмоқда.

  Азиз фуқаролар юқоридаги қоидаларга риоя қилиш орқали ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини, мол-мулкингизни Фавқулодда вазиятлардаги ёнғин ва бошқа нохуш ҳолатлардан асраб қоласиз.



ИЛҲОМЖОН БОҚИЕВ,

Иштихон туман ФВБ ПваНБ

инспектори, лейтенант.