НОТИНЧ РЎЗҒОРДАН ФАЛОКАТ АРИМАЙДИ

Рўзғорнинг нотинчлиги нафақат эр-хотин, балки фарзандлар учун ҳам қимматга тушиши мумкин. Ўзаро келишмовчиликлардан афсуски,  кўпинча фарзандлар жабр кўрадилар. Бунга ушбу ҳикоямиз қаҳрамонининг кутилмаганда издан чиққан ҳаёти ҳам мисол бўла олади.
 Унинг ота-онаси жуда кўп жанжаллашишар эди. Ўзаро келишмовчиликларга тўла ҳаётда уч фарзанд дунёга келди. Эр-хотин икки ўғил ва бир нафар қизининг улғайиб қолганини ҳам ўйлаб ўтирмай можарони давом эттираверишди. Охири аёлнинг тоқати тугади. Уч боласини олиб, Иштихонга келди ва ижарага уй олиб яшай бошлади. Икки ўғли мардикор ишлаб, топганларини оила тебратишга сарфлашди. Она эса ижара уйда қизи билан тинчгина яшай бошлади. Уй соҳибининг турмуш ўртоғи ёлғиз яшар, хотини хорижда, фарзандлари эса қайнонасиникида эканлиги учун кўпинча аёл унинг ош-овқатидан хабар олиб турарди.
 Аввалига ҳаммаси яхши эди. Янги йил баҳона ўғиллар уйга қайтишди. Байрамни биргаликда ўтказишгач, оиланинг тўнғич ўғли синглиси ҳамроҳлигида  отасидан хабар олиб келиш учун йўлга отланди. Ука онаси билан  ижара уйда қолди. Бир кун олдин фарзандлари ёнига кетган  уй соҳиби кечга яқин вояга етмаган ўғлини етаклаб қишлоқдан келди. Бир оз кайфи бўлганлиги боис, ўғлини ижарачи йигитнинг ёнига жўнатди. Улар биргаликда бир дўстининг уйига йўл олишди. Уйда эса маст ҳолдаги уй соҳиби ва ижарачи аёл қолди.
 Дўсти билан бир муддат суҳбатлашиб,  уйга қайтган йигит онасининг ёрдам сўраб бақиришидан шошиб қолди. Уй соҳибининг хонасига отилиб кирганида  унинг онасини қийнаб кийимларини йиртиб ташлаганига кўзи тушди ва қўлига илинган ошхона пичоғи билан унга ташланди...
  Йигит нима қилиб қўйганига ақли етмади. Ўзига келганида эса кеч бўлган эди. Уй соҳиби олган жароҳати туфайли касалхонада оламдан ўтди. Эндигина 21 ёшга тўлган, қалбида не-не орзу-ниятлари бўлган йигит жиноятчи деган ном олди.
 Мулоҳаза қилиб кўрилса, бир йигитнинг ҳаёти катталарнинг айби билан барбод бўлганини англаш қийин эмас. Агар уч фарзанднинг ота-онаси бўлган инсонлар тотув яшаганида эҳтимол бу воқеалар юз бермас эди. Аммо, мудҳиш воқеа содир бўлди, жиноятчига эса жазо муқаррар.
 Ушбу воқеани ҳикоя қилишимиздан мақсад, оила қурган ҳар қандай инсонга бу сабоқ бўлсин. Оила муқаддас, фарзандларимиз олдида бурчли эканимизни унутмайлик. 

Б.АЛИҚУЛОВ, 
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси.
К.ПАНСАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Иштихон туман суди раиси.