КАЙВОНИЛИКНИ ЎРГАНИНГ!

  Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва масъул вазифаларда фаолият кўрсатган Иштихон фарзандлари ҳақидаги китоб нашрга ҳозирланмоқда. Бу китобга истеъдодли раҳбар Мурод Жўраев ҳақидаги ушбу лавҳа ҳам киритилган. 

   Истеъдодли раҳбар Мурод Жўраев ҳаёт бўлганида 102 ёшга тўларди.

  Аслида кайвонилик нима, уни ҳамма ҳам уддалай оладими?  Ўзидан кўра кўпроқ эл манфаатини ўйлаган, ҳудудидаги ҳар бир оиланинг ҳаёт тарзи, унда камолга етаётган фарзандлар тарбияси билан қизиққан, қийин дамларда моддий ёрдам, зарур лаҳзаларда таскин-тасалли билан кўнгил оладиган инсон кўз олдимизга келади.  Дарҳақиқат, ҳақиқий кайвони  деб вақт билан ҳисоблашмасдан меҳнат қиладиган, зиммасидаги масъулиятни чин дилдан ҳис этиб, одамларнинг қалбига йўл топган ҳолда меҳр-муҳаббати, яхшилиги, инсонийлиги билан элнинг қалбидан жой олган бўлса-да ҳеч қачон  бировга миннат қилмайдиган кишиларни айтамиз. Истеъдодли раҳбар, деҳқончилик илмини  пухта билган, умр бўйи юрт ободлиги, элига яхшилик қилиш йўлида асло толиқдим демаган инсон Мурод Жўраев кайвони деб эъзозлашга лойиқдир.

    Бу азиз инсоннинг юрт равнақи, муқаддас замин фаровонлиги йўлида ҳормай-толмай элни чорлагани, ҳозиржавоблик, топқирлик, ҳар қандай даврада ўз фикрини дадиллик билан ифода этиши, нотиқлик санъатининг кучлилигини таъкидлаб ўтиш жоиздир. Йиғилиш, тадбир ва тантаналарда сўз бериларди. Шундай дамларда жимлик, атрофни сукунат қамрар, қандайдир салобатли овози ҳамманинг диққатини тортарди. Қайси соҳада бўлмасин инсоннинг меҳнатини қадрларди. Иштихонликлар ҳали-ҳали ҳақиқий раҳбарнинг ана шу фазилатларини ёдга олишар экан нигоҳларда мамнунлик, табассум порлайди.

     Бугунги авлод Мурод Жўраев ташаббуси билан қазилган ариқлардан сув ичаяпти, у киши ўзлаштирган ерларда деҳқончилик қилаяпти, узумзорлари элни ҳосили билан сийламоқда,экиб кетган чинорлари осмон сари  ўрлаб, қанча-қанча одамлар сояламоқда. Умри жуда қисқа, амалга оширган эзгу ишлари эса абадий бўлди. Йиллар кетидан йиллар ўтиб асрларга билан боғланса-да номи элнинг тилидан тушмайди. Ана юрти, халқини жон қадар азиз билган инсоннинг қилган эзгу ишлари-ю,у кишининг фазилатлари! 

      Иштихон ва Митан туманлари жуда қолоқ бўлиб иккаласи бирлаштирилди. 1956 йилларда Самарванд вилоят ҳокими бўлиб ишлаган Орзу Рустамов  Мурод Жўраевни шу туманга биринчи котибликка тавсия этади.   Қисқа вақтда туман барча соҳада илғорлар қаторига қўшилди.

      Вилоятдаги йиғилишларнинг бирида:

      - Булуғур тумани вилоятдаги энг қолоқ туманлардан биридир. Шу туманга Мурод Жўраевни раҳбар қилиб йўлласак.

      Бу фикр кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Булунғурда ишлар юришиб кетди,  номи тез-тез тилга олинадиган бўлди. 

    1961 йилда ўзи туғилиб ўсган ҳозирги Мурод Жўраев хўжалигига раис бўлди. Одамларнинг кайфияти ўзгарди, янгиланишлардан кўзлар қувонди.

    Ўша вақтларда Давлат арбоби Шароф Рашидов у кишининг ҳузурларига келарди, қилган ишлари билан бирма-бир танишар, режалари ҳақида  мириқиб фикрлашарди. Республиканинг фахри бўлган Бектош Раҳимов тез-таз ташриф буюрарди. Бир неча бор республика қишлоқ хўжалик ходимларининг катта анжуманлари Иштихон туманида ўтказилган,  юрт фаоллари “Халқобод”га таклиф қилинган ва  Мурод Жўраев амалга оширган ободончилик ишлари ибрат қилиб кўрсатилган. “Ўрганинглар, сизлар ҳам юртларингни шундай обод масканга айлантиринглар!” деган фикрлар билдирилганки ҳар бир инсоннинг дилида садоқат туйғуларини аланга олдиради.

    “Халқобод”га яқинлашган кишининг қалбини ҳаяжон қамрарди. Иккинчи жаҳон уруши жангчилари хотирасига ўрнатилган, Тошкент-Бухоро йўли яқинидаги ёдгорлик майдони, қуёш нурида товланиб турган “Сизларни унутмаймиз!”  мармар лавҳани  кунига  неча бор ўқирдик.Москвалик  ҳайкалтарош Т.Б.Тоноян томонидан ишланган, қарийб 1,5 гектар майдонни эгаллаган монумент атрофида суви тўлқинланиб турадиган ҳовуз, кўркам боғ, 5000 кишилик стадион бунёд этилди. Шу ҳудуддаги турли қишлоқлардан 400 дан ортиқ хонадон марказга кўчирилди ва  чиройли иморатларда ҳаёт бошладилар. “Халқобод” қўрғони марказидаги тарих ва ўлкашунослик музейи , ”Мингёнғоқ” санаторийси, помидорни қайта ишлайдиган завод, кутубхона, икки қаватли мактаб интернат, оталар чойхонаси  маҳоратли раҳбарнинг эзгу ишлари самараси эди. Кун сайин шаҳарча қиёфасига кираётган “Халқобод”га ҳамманинг ҳаваси келарди.

      1968 йилда Иштихон туман  партия қўмитаси биринчи котиби бўлди. Маданият ва истирооҳат боғи, туман ҳокимлиги, почта-алоқа бўлими, қишлоқ хўжалик бўлими учун кўп қаватли иморатлар қурилди, “Миёнқол” ўйингоҳи ташкилотчи раҳбарнинг  саъй-ҳаракатлари билан бунёд этилдики ўша инсонни эслатиб турувчи хотирадир.  

  Қир-адрларда бўш ётган ерларни ўзлаштиришга ташкилотчилик қилди. ”Янгикент”, “Мингчинор”, “Зарбанд” хўжаликлари ташкил этилди, бир-бирига туташиб кетган узумзорлар секин-аста  ҳосилга кирди. Соҳибкорларнинг хонадонларига қут-барака энди.

    —Ҳамма гап одамларнинг дилига йўл топишда. Тўғри сўз, тўғри йўлланма берсангиз бас. Қайси туманда ишламайин одамларни яхши ўрганаман. Ҳатто фарзандларининг исмини биламан. Уларга худди яқин кишингдек исмини тўлиқ айтиб топшириқ берсангиз, шунинг ўзи ҳам кишига ҳурмат эътибор ифодаси, ихлосини оширади, ғайрат сари ундайди, -дерди Мурод Жўраев.

     Дарҳақиқат, раҳбарнинг ўзи далага чиқиб ишламайди, унинг тили ва дили ишлайди. Буни ҳамма раҳбар ҳам уддасидан чиқмайди. “Одамни лавозим эмас, одам лавозимни улуғлайди”, “Раҳбарнинг бағри кенг, кўзи тўқ бўлиши керак” деган сўзларни кўп   такрорларди. Чунки ўзи шундай инсон эди. Юртига садоқати, қилган ҳалол ва фидокорона меҳнати эвазига ҳурмат ва эъзоз топдики орадан йиллар ўтиб асрлар билан боғланса-да ҳамон ҳаёт, худди орамизда юргандек. Эзгулик йўлидаги ишларнинг умри шундай узун бўлади.

     Мурод Жўраев ҳақида жуда кўп очерк ва лавҳалар ёзилди. Қанча-қанча ижодкорлар асарларида истеъдодли раҳбарнинг инсонийлик фазилатлари қаламга олинди. Аммо, ҳали у кишининг қаламга олинмаган хислатлари  кўпдек туюлаверади. Аслида ҳам шундай, яхши инсон ҳақида қанча ёзсанг, сўзласанг-да қайсидир фазилати қолиб кетгандек бўлади.

      Бир куни Мурод Жўраев ҳовлисида дўстлар  билан суҳбатлашиб ўтирганида почтальон телеграмма келтириб беради. “Туғилган кунингиз билан табриклайман. Бахтимизга омон бўлинг!” Тошкентдан Милтиқбоев.

     Ўқиб бўлгач, телеграммани авайлабгина стол устига қўяр экан  ўша инсонга қандайдир ёрдам кўрсатган бўлса керак-да: “Одамлар қандай яхши, кичкинагина хизматингни унутишмайди, дўстликни ўринлатиб қўяди” дейди. Кўриниб турибдики Мурод Жўраев ниҳоятда камтарин инсон бўлган. Бундай мамнунлик мактублари, миннатдорчиликлар беҳисоб бўларди.

     Йиғим-терим пайти Шейхлар пахта қабул қилиш пунктига боради. Ҳеч нарсага эътибор қилмасдан ишлаётган кекса отахон Бобомурод Дадаевнинг ёнига бориб, ишини кузатиб туради. Баланд қилиб  босилган пахтанинг ҳаво олиб туриши учун ўртаси қазиб қўйиларди. Секин  эгилиб қарайди, ичкарида ҳарорат жуда баланд.

  • Қандай ишлайсан бундай иссиқда, -деб сўрайди. – Кейин

“Жуда қийин экан” деган маънода бошини чайқаб  қўяди.

  • Фарзандларингга айт, эртага ҳужжатларини тўғрилаб борсин, машина бераман, -дейди.

     Қатъиятлилик, инсоннинг меҳнатини қадрлаши, сўзининг устидан чиққанлиги ҳали-ҳали тилдан-тилга ўтади. Мурод Жўраев қаерда ишламасин ўзига билдирилган ишончни оқлашга интилди. Меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган бўлса 1942-1945 йилларда  Оқдарё туман   комсомол қўмитасининг котиби, 1950-1952 йилларда Оқдарё туман Кенгаши ижроия қўмитаси раиси вазифалари, Фориш, Митан, Жиззах, Булунғур туманларига раҳбарлик қилди.

   Мана, буни кайвонилик деса бўлади. Чунки умр бўйи элнинг ташвиши билан яшади, орадан йиллар ўтиб асрларга туташса-да  юртдошлари қалбидан жой олди. Кўрганлар кўнглида фахр кечади, эшитганлар дилини ёғду қамрайди. Элни ардоқлаш, яхшилик қилиш, юрт ободончилиги борасидаги ишларини ҳаётининг ҳар лаҳзаси тажриба мактаби бўлган Мурод Жўраевдек инсондан ўрганинг деймиз!


Гулчеҳра Усмонова.