АСР ВАБОСИНИ ЕНГАМИЗМИ?

  Маълумки ОИВ вируси ва ОИТС хасталиги бугун бутун дунёни ташвишга солаётган муаммолардан бири. 1988 йилдан эътиборан 1 декабрь – ОИТС касаллигига қарши кураш куни сифатида эътироф этилишидан мақсад ҳам одамлар эътиборини ушбу долзарб муаммога қаратиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдир.

  1972 йилда Африка ҳарбий базаларидаги америкалик ҳайрбийлар ўртасида  илк бор ОИТС қайд этилганида бу масала омманинг эътиборини унчалик жалб этмаган эди. Лекин кейинчалик ушбу хасталик шиддат билан бутун ер юзига тарқала бошлади ва бугунги кунга келиб жаҳон ҳамжамиятининг энг катта ташвишларидан бирига айланди.
 ОИВ – одам иммун танқислик вируси бўлиб, у одамдан одамга уч йўл билан юқишиши кузатилган. Булар – жинсий, парентерал ва вертикал йўллардир. Аҳоли миграцияси кучайиши уларнинг ташқаридан вирусни мамлакатимиз ҳудудига ташиб келтиришига асосий омил бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини яхши биламиз. Шунингдек, гиёҳванд моддаларни томир ичига жўнатиш, бетартиб жинсий ҳаёт, сартарошхоналарда соч-соқол олдириш, гўзаллик салонларида зарарсизлантирилмаган асбоб-ускуналар орқали мижозларга хизмат кўрсатиш, кўп марта ишлатилган тиббий анжомлардан фойдаланиш  ҳам баъзан касаллик вирусини юқтириб олишга сабаб бўлиши мумкин.  ОИВни юқтирган онадан ҳам хаста болалар туғилиши табиий.
 Касалликнинг яширин даври  уч ойдан ўн йилгача  давом этади. Бемор мана шу давр мобайнида ўзи билмаган ҳолда қон ва қон суюқликлари бериш, ички аъзоларни кўчириб ўтказиш ёки жинсий йўл билан касалликни бошқаларга юқтиради. Негаки, дастлаб вирус инсон организмига ножўя таъсир кўрсатмайди. Улар оқ қон таначалари бўлмиш лимфоцитлар ичига кириб, бир кеча-кундузда ҳар бир вирус 10 миллион донагача кўпаяди ва шу орқали организмнинг иммун тизимини ишдан чиқаради. Натижада инсон организмига тушган ҳар қандай инфекция яйраб ривожланиши учун имкон яратилади. Энг ачинарлиси шуки, ҳалига қадар ушбу касалликка на даво, на эмдори топилмаган. Мавжуд дорилар эса фақат инсон организмига тушган вирусларни вақтинча ўсиш ва кўпайишдан тўхтатиб туриши мумкин холос.
   Хўш, бу аср вабосини енгиш мумкинми? 
  Очиғини айтиш керак, бу касалликдан инсон фақат ўзини ўзи асраши мумкин. Соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этиш, муолажа олганда тиббий асбобларнинг фақат бир марта ишлатиладиганидан фойдаланиш, ҳар хил ножўя одатлардан тийилиш лозим. Ана шундагина биз ушбу хавфсиз касалликдан йироқ бўламиз.

Л.ЭРМАМАТОВ,
вилоят ОИТСга қарши кураш марказининг
туманлараро лабораторияси мудири.