МЕҲРИ ДАРЁДЕК ЖЎШҚИН

    Йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва масъул вазифаларда фаолият кўрсатган Иштихон фарзандлари ҳақидаги китоб нашрга ҳозирланмоқда. Бу китобга Тошпўлат Усмонов ҳақидаги ушбу лавҳа ҳам киритилган. 

  Болаликни унутиб бўлмайди,умрнинг қайтиб келмас  дамлари бўлиб қалб тўридан жой олади. Ҳамиша ёдингга олганингда баҳор шабадалари каби дилинг беғубор туйғулардан  яйрайди. Болалик - беғуборлик деб шуни айтадилар-да! 

 Оддийгина қишлоқ хонадонида ўсдик. Отам  Усмон Жабборов деҳқон, Бибисора онажоним оила бекаси эдилар. Улар ҳаёт тақозосига кўра Ургут туманидан кўчиб келишган бўлса-да, қишлоқ одамлари билан худди қариндошдек яқин бўлиб кетишди.  Бизнинг болалик давримизда телевизор жуда  саноқли хонадонларда бўлган. Лекин уйимиздан газета-журнал аримасди. “Шарқ юлдузи” журналини олардик,  ҳар бир сонини опам, акам  учаламиз навбати билан ўқиб чиқардик. Китоб, журналларни қўлга олганда  қайта-қайта кўриб сайқал бергандек бўлардим, уйимизнинг токчаси- китоб жавончамга тахлаб қўярдим. Бу китоблар бойлигимиз эди.

   Онам раҳматли  жуда меҳрли инсон бўлганлиги ҳали-ҳали кўз олдимда. Уйимизнинг ён-атрофи пахта далалари, боғ-роғлардан иборат эди. Хўжалик идораси, қишлоқ тиббий пунктига яқин бўлиб,    ким ишга келса ота-онам ўз фарзандидек қабул қиларди. Қишлоқ монтёри Қурбон ака Рустамов, пилоллик Насриддин ака, ургутлик  фелъдшер Одил ака, қишлоқдош  Юсуф Абдураҳимовлар бир умрга оиламизнинг қариндошдек яқин  кишилари бўлиб қолди. Ота- онамнинг оқибатлилигини ҳамқишлоқларимиз ҳамон тилларидан туширмайди.

   Акам Тошпўлат Усмонов ҳам жуда вазмин эди. Биров билан қаттиқ сўзлашганини билмайман. Раҳматли  муаллим Отақул Тоғаев 18- умумтаълим мактаби директори, у кишининг турмуш ўртоғи Мариям Хайирова  бошланғич синф ўқитувчиси эдилар. Зиёли оила,  қолаверса, қишлоқда жуда ҳурматли инсонлар бўлишган. “Тошпўлат, сени яхши кўраман!”- деб 1-синфдан ёлғиз ўғиллари Рустам ака билан дўстлаштирди, иккисини бирга ўтқазиб қўйди ва мактабни битиргунларича партадошлик  давом этди. Акам оппоқ куйлагини озода сақлар,  қора кастюм-шимининг тахи  сира бузилмасди.

   Қиш кечалари узун, совуқлар жуда қаҳрли бўларди. Ўтинимиз  тугаб қолса онам раҳматли акамга жуда яқин келиб, мулойимгина овоз билан “Тошпўлатжон  ўтин ёриб бергин”-дея беозоргина қилиб айтарди. Онагинам қошлари туташиб кетган ўғлини қанчалар яхши кўрарди! 

   У киши  бошланғич таълимни  18-сонли саккиз йиллик мактабда олди, кейин 4- ўрта мактабда ўқишни давом эттирди.   Мариям Хайирова, Бобомурод Рўзиев, Отақул Тоғаев, Асом Собиров, Турдиқул Турсунқулов, Роҳила Зарифжонова, Туйғуной Азизова, Холмирза Ўроқов, Тошқувват Ражабов каби  ажойиб ўқитувчиларни ўзига устоз деб билди.  

   Тошкент   Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини тамомлаб, “Сельхозтехника”, яъни туман техникаларни таъмирлаш корхонасида турли вазифаларда ишлади. 1987- 2003 йиллар давомида туманда техника назорати бўйича бош муҳандис, “Агромашсервис” ҳиссадорлик жамияти раиси вазифаларига тайинланди. Туман ҳокими Собир Муродов  раҳбарлигида  қишлоқ хўжалик техникаларининг ярмидан кўпини янгилашга муваффақ  бўлдилар. 1996 йилда  туманга Америкада ишлаб чиқарилган “Кейс” компаниясининг юқори унумли ҳайдов тракторлари ва дон ўриш   комбайнлари олиб келинди.   Тошпўлат Усмонов  бундай ҳамкорлик ишларини бошлашдан олдин  соҳани пухта биладиган, тажрибали устозлари  Назар Аҳмедов, Азамат Сағдуллаев, Озод Шириновлар билан фикрлашиб оларди. Вилоятдаги раҳбарлар Анвар Мирзаев,  Суюн Қўлдошев, Шодиқул Нишонов, Исроил Омонов, Холмурод Муҳаммадиевларнинг ўз вақтида кўрсатган ёрдамларини ҳали-ҳали мамнуният билан эслайди. 

      1999-2001 йилларда  туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, 2001-2003 йилларда туман мева-сабзавот бирлашмаси раиси, 2012-2016 йиллар орасида туман “Агротехсервис” жамияти раиси вазифаларида  фаолиятини давом эттирди. Туман ҳокими Шуҳрат Негматов   қишлоқ хўжалигини  механизациялашни тубдан ўзгартиришда ташкилотни моддий  томондан қўллаб-қувватлади. Чет элда ишлаб чиқарилган замонавий техникалар келтирилди ва барча соҳаларда юқори самарадорликка эришилди.

   Ўзи устозларини жуда ҳурмат қилади ва қанча-қанча шогирдлар  қалбида устоз бўлиб меҳр уйғотди. Раҳматли оила бекаси Турдихол янгамиз билан 7 нафар ўғил-қизларни камолга етказдилар. Невараларни эркалатиб  бахтли ҳаёт насиб этганининг ўзи қувонч. У киши отамдек улуғ, онамдек меҳрлари жўшқин, ҳар дийдорлашганда қалбим баҳра олади.

    Акам қалбини тўлдирган хушнудликларини доимо биз билан баҳам кўришга ошиқадилар.  Неваралари Самарқанд Давлат университети магистранти Севарани,  Сайёрани узатди. Азизбек Тошкент Давлат тиббиёт Академиясига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Севинч ҳам синовлардан муваффақиятли ўтиб  СамДУ қошидаги академик лицейда таҳсил олишни бошлади. 

  Инсон ҳаётида жигарларнинг, айниқса аканинг ўрни бошқача бўлади. Менга тоғдек суянч бўлган акам ҳақида айтадиган гапларим жуда кўп. Уларнинг барчасида мен учун энг қадрли бўлган бу инсонга бўлган меҳрим мужассам. Негаки, МЕҲРдан қалб ором олади ва ҳамиша меҳрли инсонларга омонлик сўраймиз!                                                                                                                                                           Гулчеҳра УСМОНОВА.