“ЯХШИ ОТ КЕЙИН ЧОПАДИ!”

   Қиз бола мактабни тамомлади дегунга қадар уйига совчилар ёғилади. Ақлли ва кўркли қизларнинг харидори кўп бўлади. Юлдуз ҳам анашундай қизлардан эди. У тиббиёт коллежининг 1-курсига ўтгандаёқ қўшни маҳалладан совчилар келишди. Албатта, ота-онаси қизининг ҳали ёш эканлигини айтиб совчиларни рад этишди. Ўшанда у икки кун дадасидан уялиб,  кўринмай юрган эди.

  Орадан йиллар бирин-кетин ўтди. Бу орада Юлдуз коллежни тамомлаб, олийгоҳга ўқишга кириб улгурганди. Совчилар келиши эса ҳали-ҳамон давом этар эди. Аммо, Юлдуз сира шошилмас, катта ҳаёт ўйин эмаслигини яхши билар эди. Синфдош қизлардан турмушга чиқмагани  деярли қолмади ҳам. Қариндош уруғлар келган совчиларни рад этаётганидан Юлдузнинг онасидан  бироз ранжигандай бўлишди ҳам. 

  Юлдуз турмушга чиқишга шошилмаслигининг асосий сабабларидан бири унинг опаси эди. Опаси жуда эрта турмушга чиқди. Ёш бўлганлиги сабабли рўзғор ишларида ҳам, янги оила аъзолари билан муроса қилишда ҳам анча қийналди. Бундан ташқари фарзандини дунёга келтираётиб, аҳволи анча оғирлашиб  қолган эди. Ундан ташқари Юлдузниг ўзи тенги янгаси ҳам бироз янги рўзғорда қийналди. Янгасига имкон қадар уй юмушларида қарашар, айниқса ҳомиладор вақтида бутун оила уни авайлар эди. Шундай бўлсада янгаси илк фарзандини йўқотди. Буларнинг барчаси Юлдузнинг кўз олдида бўлиб ўтди.

  Ниҳоят институтнинг охирли босқичида Юлдуз ҳам турмушга чиқди. Янги оилада оғирлик босиқлик билан барчанинг кўнглини олди. Икки нафар фарзандларини дунёга келтирганида эса унга тиббиёт коллежида ўқиганлиги асқотди. Турмуш ўртоғи ва оила аъзоларининг ҳурматини жойига қўйиб, ўзи ҳам ҳурмат топди.

   Мана кўрдингизми қизлар турмушга чиқишга асло шошилманг. Синфдошлар бирин-кетин турмушга чиққанида асло хижолат тортманг. Сизни ҳали энг олий бахтлар кутмоқда. Ҳунар ўрганинг, ўқинг ва интилинг. Анашунда янги ҳаёт остонасидаги қийинчиликлар олдида заифлашиб қолмайсиз, аксинча турмуш ўртоғингизга мададкор бўлиб, катта ҳаёт сари дадил одимлайсиз.

Матлуба   РАББИМОВА.