“АЛЛО, БУ ШОШИЛИНЧ ЁРДАМ ХИЗМАТИМИ?”

Кичкинтойлар ҳам фавқулодда вазиятни бартараф этиши мумкин

Тасаввур қилинг, кутилмаганда тобингиз қочиб, аҳволингиз оғирлашди. Уйда эса боғча ёшидаги набирангиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Яхшиямки, унга тарбиячи опаси “101” рақами орқали “Шошилинч тез тиббий ёрдам” бўлими шифокорларига мурожаат қилишни ўргатган экан!                  

 Бола ҳамма нарсани жуда тез қабул қилади ва хотирасида мустаҳкам сақлай олади. Шу боис юртимизда болажонларни мактабгача таълим муассасаларига тўла қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тарбиячилардан эса чуқур билим, интеллектуал салоҳият ва кичкинтойларга нисбатан меҳр-муҳаббат талаб этилаётир.

 Шаҳримиздаги 3-МТТ тарбиячиси Иқбол Убайдуллаева ушбу хислатларни ўзида мужассам эта олган мураббий сифатида ҳурмат қозонган. Кечагина шогирд сифатида иш бошлаган тарбиячининг ёнида бугун касб сирларини ўрганиш истагида бўлган ёшлар талайгина. Яқинда Иқбол опа томонидан ўтказилган “Шошилинч тезкор ҳаракат хизматлари” номли очиқ машғулот ана шундай ёш тарбиячилар учун чинакам маҳорат сабоғи бўлди.


      Бу машғулотда болажонларга фавқулодда вазиятларда шошилинч телефон хизматидан фойдаланиш амалий тарзда болажонларга ўргатилди. Бунинг учун аввало, “101”, “102”, “103”, “104” каби телефон рақамлари орқали фуқаролар билан мулоқотда бўладиган касб эгалари ҳақида тўлиқ тушунча берилди. Ҳаётда юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ва бундай пайтда ўзини қандай тутиш лозимлиги қизиқарли саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди. Машғулотнинг самарали кечишида турли ўйинчоқлар, либослар, жиҳозлар, кўргазма ва суратлардан унумли фойдаланилди. Замонавий технологиялар ёрдамида телекўрсатувлар орқали ҳолатлар таҳлил этилди.

   Энг муҳими, бу жараёнларда болажонларнинг ўзлари бевосита иштирок этдилар. Тарбиячи машғулотдан кузатилган мақсадга эришди ва очиқ машғулотни кузатиб борган ота-оналарни ҳам мамнун этди.

Сарвиноз АБДУРАЗЗОҚОВА.