ДЕҲҚОНЧИЛИК ҚИЛАЯПСИЗМИ? КАСАЛЛИК ВА ЗАРАРКУНАНДАЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШНИ ЎРГАНИНГ

Бир вақтлар мева ва айрим сабзавот ҳамда кўкатларни фақат ёзда истеъмол қилар эдик. Бугунги кунда бозор расталарида худди ёздагидек маҳсулотлар сероб, нархлар ҳам ҳамёнбоп. Бу аввало, деҳқонларимизнинг тадбиркорлиги ва меҳнатсеварлиги самарасидир. 

 Айни пайтда шаҳар четидаги аҳоли пунктларидагина эмас, балки қишлоқлардаги хонадонларнинг деярли барчасида мўъжазгина иссиқхоналар мавжуд. Уларда турли кўкатларгина эмас, балки сабзавот ва полиз экинлари ҳам етиштирилмоқда.

 Аммо, бу экинлардан мўлжалдаги ҳосилни олиш учун иссиқхонада белгиланган ҳароратни таъминлаш етарли эмас. Унутмаслик керакки, иссиқхоналар сабзавот ва кўкат экинларини етиштириш учунгина эмас, балки турли касаллик ва зараркунандалар қишлаб қолиши ва кўпайиши учун ҳам қулай жой ҳисобланади. Бундай шароитда кишлаб қоладиган зараркунандалардан  оққанот, ўргимчак, занг кана, ширалар, ҳар хил турдаги тунламлар, шунингдек, касалликлардан ун шудринг, қўнғир доғланиш ва фомоз каби замбуруғли ҳамда вирусли касалликларни келтириш мумкин. 

  Бу зараркунанда ва касалликлар иссиқхоналардаги помидор, бодринг ва бошқа экинларга катта зарар келтиради. Шу билан бирга эрта баҳорда иссиқхона атрофидаги бегона ўтларга тарқалиб, кейинчалик катта майдонларда барча турдаги сабзавот, полиз ва картошка экинларини ҳам зарарлайди.

 Оққанот сабзавот экинларига икки томонлама зарар келтиради, яъни тичинкаси ўсимлик баргининг орқа қисмига жойлашиб, тайёр озуқа моддаларини сўриб олади. Етау ҳашаротлардан (личинкасидан)чиқадиган суюқ моддалар барглар устига тушиб, ёпишқоқ ширалар ҳосил қилади. Бу ширалар устида қора замбуруғлар кўпайиб, ўсимликнинг нафас олишига йўл бермайди. Натижада барглар қуриб қолади. 

Оққанотнинг хавфлилик жиҳатларидан бири шундаки, у бир мавсумда 12-14 маротаба авлод бериб, жуда тез кўпаяди. Бу зараркунандаги қарши “Трихопорус” 1:5 нисбатда  ёки 10 фоизлик “Моспилан” (1 гектарига 0,4 килограмм) ёхуд “Карбафос” препаратидан 1,5 литрни 1 тонна сувга қўшиб  1 гектар майдонга пуркалади. 

Иссиқхоналарда шираларнинг икки тури катта зарар келтиради. Булар полиз  ва акация шираларидир.Бу шира билан зарарланган ўсимлик барги бужмаяди, ўсиши секинлашиб, ҳосилдан қолади. Бу шириларда шундай одат борки, улар эрта баҳордан то кеч кузгача тирик личинка туғиб кўпаяди ва кеч кузда қишлаб қолиш учун 4-5 та тухум қўяди. Шунинг учун ҳам ширалар бир мавсумда 16-18 марта авлод беради. 

 Иссиқхонада намлик ортиши ва ҳароратнинг кўтарилиши туфайли бодрингга ун шудринг ва сохта ун шудринг касаллиги зарар келтирса, помидор баргларини қўнғир доғланиш ва фомоз кўпроқ зарарлайди. Помидорнинг фомоз касаллиги, яъни ҳосил бандининг чириши намликнинг ортиши, чакки томчиларнинг кўпайиши натижасида пайдо бўлади.


Асрор АМИРОВ,

вилоят Ўсимликлар карантини Иштихон туман

инспектори.