УЙИНГИЗ ИССИҚ, КЎНГЛИНГИЗ БЕХАВОТИР БЎЛСИН

Кутилмаганда қишнинг аёзли кунлари бошланди. Тан олиш керак, куз фаслининг иссиқ ва қулай келганлиги боис одамлар ҳали бундай совуқни кутмаган эдилар. Шунинг учун ҳам ногаҳон бошланган совуқ  одамларни бир оз шошириб ҳам қўйди. Иситиш тармоқларини ҳозирлаш эса ҳар қандай шароитда оила соҳибларидан катта масъулият талаб этади. 

 Кейинги йилларда ижтимоий тармоқларда ис газидан заҳарланиш, ёнғин ҳодисалари ҳақида кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Бу бир қанча оилаларнинг бошига кутилмаган ташвиш, мусибат тушганидан далолатдир.

 Хўш, бу каби ҳодисаларга нима сабаб бўлмоқда?

 Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бунга асосан фуқароларнинг қўлбола иситиш печлари, газ чиқиб кетиши мумкин бўлган носоз ёки резина шлангли газ ускуналаридан фойдаланиши сабаб бўлмоқда.

 Аҳоли хонадонларида қўлбола сув иситиш қозонлари, махсус сертификати бўлмаган иситиш печлари, улардан ясама дудбуронлар орқали фойдаланиши, газ плиталарининг духовкасини ёрдамида хоналарни иситиш мақсадида ёқиб қўйиш, газ асбобларини тармоққа резина шланглар орқали улаб қўйиш натижасида сизиб чиққан газ ҳидидан бўғилиш, заҳарланиш, ёнғин ва портлаш каби бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши кузатилмоқда.

     Бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш аввало, ўзимизга боғлиқ. Олов билан боғлиқ ишларда асло эътиборсиз бўлмаслик керак. Қишлоқларда кўмир билан иситиладиган печлар соз ҳолатда бўлиши шарт. Ўт ёқиш, газ ускуналаридан фойдаланиш каби юмушларни вояга етмаган болаларга асло ишониб топширманг.

 Иситиш тизимлари, газ плиталари, баллонларининг ишлашида озгина носозлик сезсангиз, дарҳол уни мутахассисга кўрсатиб, соз ҳолатга келтиринг. Ана шундагина уйингиз иссиқ, кўнглингиз бехавотир бўлади.



Адҳам ХУШВАҚТОВ,

Отабек ХУДОЙНАЗАРОВ,

ЖКБ ВА НСМ ОЁХТТЭБ инспекторлари.