ФАРРОШНИНГ ОЙЛИК МАОШИ МЕҲНАТИГА ЯРАШАМИ?

Шундай тоифа ходимлар борки, уларнинг олаётган ойлик маоши бажараётган ишларининг олдида арзимаган бир миқдорни ташкил этади. Фаррошлар ҳам ана шу тоифага кирадилар. Уларнинг 80-90 фоизи асосан давлат ташкилотларида фаолият кўрсатишади. 

 Тан олиш керакки, фаррошнинг меҳнати енгил эмас. Айниқса, қиш кунларида ўнлаб хоналарни тозалашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг устига тозалаш ишларини  ходимларнинг иш вақти тугаганидан  сўнг ёки эрта тонгда иш куни бошланишидан аввал бажарилишига тўғри келади.  Эрталаб ишга келган ходимлар столда чанг қолиб кетгани ёки хона яхши тозаланмаганини кўрганида ҳатто фаррошни чақириб, унинг дилини оғритишдан тортинишмайди.

 Хўш, фаррошнинг ойлик маоши қанча?

Бюджет ташкилотларида фаррош лавозимига 1-разряд бўйича ҳисоб-китоб белгиланган. Бу  679.330 сўм иш ҳақи тўланади деганидир. Демак, фаррош бир ой давомида қилинган меҳнати учун   ўртача 570 минг сўм атрофида ҳақ олади.

 Шундай савол туғилади:

 -Хўш, бу миқдордаги маош билан оила тебратиш мумкинми?

Афсуски, йўқ. Аммо, ҳар бир ташкилотга фаррош меҳнати керак. Шундай экан, ҳурматли раҳбарлар, бир ўйлаб кўринг-чи, ташкилотингизда ким кўпроқ ижтимоий кўмакка муҳтож? Албатта, фаррошлар. Буни ҳаммамиз биламиз, аммо эътибор бермаймиз.

 Менимча, бу энг долзарб масалалардан биридир. Иккинчи уйимиз бўлган иш жойларимиз озодалиги учун хизмат қилаётган фаррошлар меҳнатини қадрлайлик. Уларнинг маошини ошириш, муносиб рағбатлантириш вақти етди.


Феруза УМРЗОҚОВА,

Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати.