ТАБИАТ ВА БИЗ

Халқ тилида арзимаган қийматга эга бўлган нарса ҳақида гапирилганда одатда “Сув текин” ибораси ишлатилади. Аммо, чуқурроқ мушоҳада юритиб кўрсак “Сув” унчалик ҳам “текин” эмаслигини англай бошлаймиз.

Дунёда кислороддан сўнг сув инсонлар, ҳайвонот олами ва ўсимликлар дунёси учун ҳаётий зарур унсурлар ичида асосий ўринни эгаллайди. Сув қадимдан аждодларимиз томонидан ҳам оби ҳаёт дея қадрланган, тириклик асосларидан бири бўлган муқаддас неъмат ҳисобланган.

Маълумотсиз оддий бир одамга чучук сув муаммоси инсоният учун хавф солувчи улкан муаммо бўлиб кўринмаслиги мумкин. Чунки бу одам сайёрамиз юзасининг катта қисми уммонлардан иборат эканлигини яхши билади. Инсон организмининг 75 фоизи сувдан иборатлигию, истеъмолга яроқли бўлган чучук сув сайёрамиздаги сув захираларининг бор-йўғи 2,5 фоизини ташкил қилишидан эса мактаб партасида ўтирганимиздаёқ хабардор бўлганмиз. Демак, сув бутун инсоният учун ниҳоятда қадрли ва қиммат турадиган табиий бойлик эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз.  

Аммо, буни баъзида унутиб қўямиз. Жаҳонда тоза ичимлик  суви захиралари халокатли тарзда камайиб бормоқда. Сув танқислиги билан боғлиқ муаммо аллақачон умумбашарий  муаммолардан бирига айланиб бўлган. 

Келажакда мамлакатимизнинг сувга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш ва аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш учун ҳозирдан сувдан оқилона фойдаланиш, ифлосланган оқава сувларни тозалаб қайта ишлатиш  бўйича самарали усулларни жорий этиш, деҳқончиликда сув сарфини кескин камайтирувчи илғор технологиялар (томчилатиб суғориш, бетон ариқлар)дан фойдаланиш, қулай жойларда кичик сув омборлари ташкил этиб, экин майдонларини суғориш учун сув захираларини тўплаш лозим. Бу ерда муҳимлиги жиҳатидан юқоридагилардан кам бўлмаган яна бир омил борки, бу аҳоли ўртасида экологик мададаниятни шакллантиришдир.

Афсуски, мамлактимизда экологик маданият, хусусан сувдан фойдаланиш маданияти етарли даражада шаклланмаган. Бу эса мазкур муаммонинг янада долзарблашиши сабабларидан биридир. Ўзбекистон сувдан кўп фойдаланадиган мамлакатлар сирасига киради. Мутахассисларнинг таъкидлашича мамлакатимизда сувнинг асосий қисми қишлоқ хўжалигига, қолгани эса саноат, энергетика ва бошқа соҳаларга сарфланади. Бир кунлик меъёр дунё миқёсида бир кишига 80-220 литрни ташкил этади. Лекин бизда бундан 2-3 баробар кўп сув ишлатилмоқда. Ачинарлиси, аҳоли томонидан ана шу оби-ҳаётнинг тенг ярми зарурий эҳтиёж учун эмас,  балки шунчаки исроф қилинаётганида.

Алоҳида экологик партия ташкил этилди. Бу борада атроф муҳитни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, Оммавий ахборот воситалари, ўқув муассасалари ўртасида мустаҳкам амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим. Аввало ўсиб келаётган ёш авлодга сув ҳаётий зарур унсур эканлигини англатиш, уларда экологик маданиятни шакллантириш бизнинг энг устувор вазифаларимиздан биридир. Токи бизнинг лоқайдлигимиз сабабли юзага келган муаммолардан келажак авлод азият чекмасин.

Азиз ўқувчи! Эсда тутинг, Она-табиат, мусаффо осмон, зилол сув, унумдор тупроқ бизга ота-боболаримиздан мерос қолмаган, балки келажак авлод томонидан омонатга берилгандир. 

Олим ҚЎЧҚОРОВ.