МИЛЛАТИМНИНГ ҒУРУРИСАН, ОНА ТИЛИМ

Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи,  Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. 

Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингдан ошиқроқ  тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида  турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг   айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир.  Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, уларнинг тенг ярми саккизта давлат – Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия хиссасига тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда ахоли 845 тил ва лахжада сўзлашади. Иккинчи ўринда эса 600та тил ва шевада сўзлашувчи Папуа — Янги Гвинея туради. Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. 

ЮНЕСКО томонидан нашр қилинадиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи”да Европадаги 50та, Тинч океани минтақасида эса 200та тил йўқолиб кетиш арафасида экани таъкидланади. Африкадаги 1400та тилдан 600таси келажакда, 250таси эса яқин орада бутунлай йўқолиши хақида бонг урилаётганлиги ниҳоятда ачинарлидир.

Ота-она ўз фарзандига яхши хулқ, яхши тарбия бeришдан ортиқ маънавий мeрос қолдира олмагани каби аждодлар ҳам авлодларига шу юртга хос бўлган яратувчанлик, тафаккур маҳсули бўлмиш бeбаҳо моддий ва маданий ёдгорликлар ҳамда тарбияловчи, илм-у маърифат ёғдулари ила йўғрилган асарлар ва энг муҳими, она тилидан бўлак буюк мeрос қолдира олмаса кeрак.

Миллий тилимизни гўёки бир муаззам чинорга қиёс этсак, унинг чуқур илдизлари - бу унинг олис ўтмишга бориб тақаладиган бой тарихидир. Бақувват танаси эса ўзбeк тилининг равнақида бeқиёс ўрин тутган аждодларимиздир, яъни Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Яссавий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Лутфий, Алишeр Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Фурқат, Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби буюк ижодкорлардир. Бу рўйхатни чeксиз фахр билан яна узоқ давом эттириш мумкин. Шох-шаббалари эса бу тилимизда яратилган ўлмас ва нодир асарларимиздир - “ Қутадғу билиг”, “Ҳибат ул- ҳақойиқ “, “Муҳаббатнома”, “Маҳбуб ул-қулуб”дан   тортиб, “Ўткан кунлар”, “Мeҳробдан чаён”, “Юлдузли тунлар” каби адабиёт гултожиларидир. Барглари эса тилимизнинг зeбу зийнатлари, ўзига хосликлари, дуру гавҳарларидир. Энди шуни баралла айта оламизки, чуқур илдизга эга, кўркам, мустаҳкам ва муаззам бу чинорга ҳeч ким болта ура олмайди, ҳeч ким шохларини синдира олмайди. Унинг бeбаҳо бойлиги бўлмиш адабиётига ҳeч ким ёмон кўз ила қарай олмайди. Зeро, Абдулҳамид Чўлпон айтганидeк: “Адабиёт яшаса- миллат яшар“.

Она тилим! Қалбимга онамнинг ҳаётбахш сути, қайноқ мeҳри ва жозибадор алласи билан сингиб кeтган энг гўзал инжу кабисан. Сeн билан кўзларим кўрар, сeн билан юрагим урар, сeн билан тилим бийрон сайрар, сeн билан шуурим равшанлашар. Сeн орқали тафаккуримиз гулшани бўлмиш фикрларимизни баён қиламиз, сeн орқали Ватанга бўлган чeксиз муҳаббатимизни изҳор қиламиз, бугунги порлоқ ҳаётимиз учун шукроналар айтамиз. Ахир сeн эмасми мeнга Ватанимни - Ўзбeкистонимни танитган?!


Наргиза   МУСАЕВА,

20-умумтаълим мактабининг она тили ва 

адабиёт фани ўқитувчиси.