ГРИППМИ ЁКИ КОРОНАВИРУС?


Бу саволлар бугуннинг асосий мавзуларидан бирига айланган десак, муболаға бўлмайди. Кимдир енгил шамоллашни қоронавирус деб хулоса чиқаради, бошқа биров эса коронавирусни шунчаки грипп деб, эътиборсизликка йўл қўяди. Шунинг учун бу икки касаллик қайси белгилари билан бир-биридан фарқ  қилишини билиш муҳимдир.

 Куз-қиш фаслида турли касалликлар, хусусан, шамоллаш, грипп хасталиклари ҳам кўп учрайди. Гриппда умумий белгилар кўпинча тумовдан бошланади ва бир-уч кун давом этади. Тана ҳароратининг 38 даражадан юқори бўлиши фақат бир кун кузатилади. Учинчи кундан бошлаб беморнинг аҳволи яхшилана бошлайди.

 Агар грипп оғир кечса унга турли асоратлар қўшилади, яъни йўтал биринчи 3-4 кунда қуруқ, сўнгра балғамли кечади.

 Гриппнинг енгил кечувида бошқа органларнинг зарарланиши, асаб тизими жароҳатланиши кузатилмайди. Аммо оғир кечса, бошқа қатор аъзоларда асоратлар кузатилиши мумкин. Грипп енгил кечганда тикланиш даври 7-10 кун, асоратланган ҳолатда эса бир ойгача давом этиши мумкин.

 Коронавируснинг асосий белгиларидан бири – ҳид ва таъм билишнинг бузилишидир. Тана ҳарорати 38 даражага кўтарилади ва сўнгра 37-37,5 даража бўлиб туради. Даволаш тўғри олиб борилса,беморнинг аҳволи бешинчи-еттинчи кунларда яхшилана боради.

 Covid-19да 8-кундан бошлаб тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади. Қуруқ йўтал зўрайиб, ҳолсизлик кучаяди. Нафас етишмовчилиги, ҳансираш зўраяди. Касалликнинг кечшига қараб қуруқ йўтал2-3 ҳафтадан, 1,5 ойгача кузатилиши мумкин.

 Covid-19да инсон организмининг нафас аъзолари, ошқозон-ичак тизими, юрак-қон томир аъзолари, буйрак, эндокрин безлари, марказий ва периферик асаб тизими жароҳатланади. Қоннинг ивиш хусусияти бузилади. Шу боис организмнинг тўқима ва хужайраларида кислородга эҳтиёж ортади. Беморнинг кайфияти тушиб кетади, тушкунлик, ваҳима пайдо бўлади, асаб тизими ва руҳияти зарарланади. Бундай белгилар грипп касаллигига хос эмаслиги билан ҳам икки хасталик бир-биридан фарқ қилади.

 Коронавирусда тикланиш жараёни ўта оғир кечганида  ўпка интерстицияси, алвеолалаларнинг фиброз тўқима билан қопланиши ойлаб давом этиши ёки уларнинг маълум қисми умуман тикланмаслиги ҳам мумкин. Коронавирув иммун тизимига таъсир кўрсатади ва бемор анча толиқиб қолади.


Фарида ЯКУБОВА,

туман ДСЭО маркази шифокори.