ТАЗЙИҚҚА УЧРАГАН АЁЛ КИМНИ ҲИМОЯ ҚИЛМОҚДА?

    Aёлни эъзозлаш ўзбек халқининг азалий қадрияти ҳисобланади. Тарихимизда буюк саркарда, давлат арбоблари ҳаётида, буюк сулолалар тарихида аёлларнинг ўрни беқиёс бўлган. Марказий Осиё халқлари тарихида ўчмас из қолдирган аёллардан Ситора бону (Aбу-Aли Ибн Синонинг онаси), Гавҳаршодбегим (Мирзо Улуғбекнинг онаси), Сароймулкхоним (Aмир Темур хотини), Қутлуғнигорхоним (Бобур Мирзонинг катта онаси), Гулбаданбегим (Бобур Мирзонинг қизи), Валий Орифахон (Баҳоуддин Нақшбанднинг онаси), Робия Балҳий, Қурбонжон Додҳо, Зебунисо, Нодирабегим каби муқаддас аёлларнинг маънавий дунёси, ўша даврларнинг ижтимоий, сиёсий ва ҳарбий жараёнларида тутган ўрни ҳақида юзлаб тадқиқот ва изланишлар қилинган. 

 Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида жуда кенг миқёсда иш олиб борилмоқда. Шунга қарамай ечимини кутаётган муаммолар ҳамон етарлича топилади. Aмалга оширилаётган маърифий ишлар ҳар доим ҳам ўз самарасини бермаётгандек назаримда. Ҳалига қадар зўравонлик қурбони бўлаётган, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий билим ва журъати етишмайдиган замондошларимиз бор. Aёллар аксарият ҳолларда уйдаги зўравонлик изларини кутилмаганда йиқилиб тушгани билан изоҳлашади турли баҳоналар билан ўзига қўл кўтарганларни ҳимоя қилишга уринадилар. 

    Тўғри, улар оиласи, фарзандларининг эртанги кунини ўйлаб шундай қилишади. Аммо, зўровон одам бу билан инсофга келиши даргумон. У ўз қилмишини давом эттирмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. 

 Бундай шароитда хотин-қизларни қонун ҳимоя қилади. Бу ўринда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлган ”Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши жамиятимизда аёлларга бўлган тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олишга замин яратмоқда. Ушбу қарорда Гендер тенглик аёлларни камситиш тушунчаси ва турлари мутасадди органларнинг ваколатлари, давлат бошқарувида иштирок этиш ишга қабул қилиш ёки ёллашда кредитлар олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар бундай тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ўз аксини топган.  

Хотин-қизларнинг эркаклар билан тенглиги кўпгина демократик давлатларнинг асосий қонунларида,  жумладан, Ўзбекистоннинг Конституцияси, БМТ Устави(1945- йил 26- июн), Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси (1948- йил 10-декабр), Фуқаролик ва ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги фактлар, БМТ томонидан 1966-йилда қабул қилинган иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро фактлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро тизимини ташкил этувчи кўпдан-кўп халқаро битимларда ҳам бу масала ўз аксини топган. Уларда эркак ва аёллар учун ягона бўлган инсон ҳуқуқлари умумий консепсиясини ташкил этувчи салкам 70 та халқаро стандартлар қайд этилган.  Бундан ташқари жамиятимиздаги аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш ва улардаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг янги механизми ишлаб чиқилди. ”Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Эндиликда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек  улар махсус марказларда, ишонч  телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятига ҳам эгадир.


Хуршида РАҲМОНОВА,

Самарқанд Давлат университети талабаси.