ЁШЛАРГА ҲАМНАФАСМИЗ

Ёшларга бўлган эътибор, уларнинг порлоқ истиқболини таъминлашга эришиш мамлакатимизда устувор вазифалардан бири саналади. Истиқлол йилларида бу борада жуда кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилди. Йигит-қизларимизни ягона мақсад йўлида бирлаштириш,уларнинг ўз орзу-мақсадларига эришишлари учун муносиб шароит яратиш, истеъдодларини муносиб баҳолаш ва тақдирлаш, тадбиркор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда.

 Бу борадаги режаларни тўла амалга ошириш мақсадида амалдаги йилнинг 30 июгь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида  ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқарма ҳамда бўлимлари ташкил этилди. Агентлик ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга татбиқ этади. Ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини олиб боради.Ҳудудлар кесимида ишсиз ёшлар рўйхатини шакллантиради ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга оширади.Юқори касбий салоҳиятга эга, ташаббускор ва ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этувчи кадрлар захирасини шакллантиради.

 Таъкидлаш жоизки, бугун аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Туманимизда айни пайтда 45090 нафар ёшлар истиқомат қилишмоқда. Улар билан доимо ҳамнафас бўлиш бизнинг асосий вазифамиздир.

 Шу кунларда биз туманимиз ёшлари ҳаётига янада чуқурроқ кириб бориш, уларнинг интилиш ва муаммоларини аниқлаш, истиқбол режаларини рўёбга чиқиши учун кўмаклашиш бўйича фаолият олиб бормоқдамиз. Фаолиятимизнинг кенг қамровли ва самарали кечишини таъминлаш мақсадида

Маҳалла фуқаролар йиғинлари билан мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилмоқда.Маҳаллаларда  аҳоли турмуш шароитини ўрганиш мақсадида “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” юритиш, аҳоли рўйхатини шакллантириш жараёнида ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш ишларида бевосита иштирок этиб,   ҳақиқий ҳолат ўрганилмоқда. Ёшларга оид дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳозирга қадар Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилаётган 5 ташаббус ижроси юзасидан туманда алоҳида тадбир ташкил этилди ва ғолиблар муносиб тақдирланди.

 Белгиланган режага кўра, 2021 йилдан эътиборан агентлик фаолияти янада кучайтириш назарда тутилмоқда. “Ёшлар келажагимиз!” жамғармаси мустақил ННТ сифатида қайта ташкил этилади.Эндиликда лойиҳаларни кредитлаш бозор тамойиллари асосида тўғридан-тўғри тижоратбанклари томонидан амалга оширилади.

 Ҳа, йигит-қизларимиз – юрт таянчи, келажак ворислари. Эртанги кунимиз бугунги ёшларнинг интилишларига боғлиқ. Шу боисдан ҳам ҳар бир соҳада биз уларга ҳамнафасмиз.


Жавлон БЕДИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги

Иштихон туман бўлими бошлиғи.