КУЗГИ ҒАЛЛА ЭКИШНИ ҚАЙ ТАРТИБДА АМАЛГА ОШИРДИНГИЗ?

        Экинни ўз вақтида экиш мўл ҳосил гаровидир. Айниқса бошоқли  дон экинларининг экиш муддатларини тўғри белгилаш ниҳоятда  муҳим ҳисобланади. Кузнинг қулай кунларида экилган уруғнинг униб чиқиши келгуси йил ҳосили тақдирини белгилайди.

       Кузги буғдой уруғини экиш ҳар бир минтақада, тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда мақбул муддатларда ўтказилиши, уруғни бир текис ундириб олиш, қишки тиним даврига кириш учун тайёргарлик ҳолатининг яхши ўтиши, меъёрида қишлаш юқори ҳосил олишни таъминлайди.

   Тумандаги 4 та сектор ҳудудидаги 221  фермер хўжаликларида жами 7380 гектар  майдонларга буғдой уруғи экилди. Шундан 4318 гектар майдонда аллақачон буғдой майсалари униб чиқди. 

   Ғалла экиш муддатидан ўта эрта экилганда куздаги иссиқ ҳаво ҳарорати ва тупроқдаги намликдан буғдой ўсиб, қалинлашиб кетиши натижасида майсалар димиқиши ва уни қишда, эрта баҳор олдидан бўладиган совуқ олиши мумкин. 

  Кузги бошоқли дон экинларининг экиш меъёрини белгилашда минтақа тупроқ-иқлим шароити албатта ҳисобга олтинади. Нав хусусияти, уруғлик сифати, экиш усули, экишга тайёрланган майдоннинг сифати, бегона ўтлар билан ифлосланганлиги, ўтмишдош экин тури ва экиш муддати амал қилиш зарур.

   Уруғ экиш мосламаларда ғалла уруғларини экиш, уларни бир текис тушишини таъминлаши билан бирга майда ишчи органлари воситасида тупроққа яхши аралашиши, саёзроқ, енгил эгат олишни ташкил этиш лозим.

    Экиш пайтида кесакли майдонларга уруғ сепиш тавсия этилмайди. Худди шундай эгатлар тўлиқ бузилмаган, 15–18 см чуқурликда юмшатилмаган майдонларда ғалла экиш ўта салбий ҳолатларни келтириб чиқаради. Биринчидан уруғ белгиланган чуурликка тушмайди. Шунингдек, кўк майсаларнинг ўсиши, керакли миқдорда озиқланишига имкон бўлмайди.


           Иккинчидан, 20–30 фоиз уруғ ғўзапоя тагидаги юмшатилмай қолган ҳимоя зонаси устида қолиб кетади. Учинчидан, кесакли майдонларда 30–40 фоиз уруғлар тупроқ билан аралашмай, кесак устида қолади. Бундай ҳолатларнинг олди олинмаса, ниҳол белгиланган меъёрдагидан кам бўлади.

     Экиш билан бирга гектарига 200-250 кг меъёрда азотли ўғитларни беришни ташкил этиш, ғалла ниҳолларининг яхши ўсиш, ривожланишини таъминлайди.

      Энг биринчи, яъни уруғ сувидан кейин тупроқ намлиги етарли бўлса 8–9 кунда  уруғ бир текис униб чиқади. Мақбул муддатда экилган майдондаги уруғ бир текис ундириб олинганда ўсимликларнинг кузги авжи, илдиз тизими яхши ривожланади, қишдан яхши чиқади ва кейинги ривожланиши, ҳосилдорлиги юқори бўлади. Ўртача 1 гектар майдонда 4,5–5 млн ёки 1 м2 да 450–500 дона ниҳол ҳосил қилинганда дала қониқарли, деб баҳоланади. Бунда очиқ майдонларга эртаги муддатларда 200–220, ўрта муддатларда 220–240, ғўза қатор ораларига экилганда эса 240–250     кг. дан уруғ экиш тавсия этилади.

     Майса униб чиққандан кейин 20–22 кун ичида туплаш фазаси бошланади. Ниҳолларнинг қишловга туплаган ҳолда кириши уларнинг қишки совуқларга чидамлилигини ошириш билан бир қаторда юқори ҳосилдорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Кузги парваришдан асосий мақсад, ғалла экин майдонларида мақбул кўчат қалинлигини сақлаш, лозим бўлса, уруғ униб чиқмаган дала қисмларида қўшимча уруғ экиш йўли билан кўчат қалинлигини шакллантиришдир.

      Юқоридаги агротехник тадбирлар ўз муддатида, сифатли амалга оширилиши билан бошоқли дон экинларидан юқори ҳамда сифатли ҳосил олишга пухта замин яратилади. Бизнинг тавсияларимизга тўғри ёндашсангиз алабатта мўл ҳосил эгасига айланишингиз  мумкин.


Зоҳид Байитов,

туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи.