ЕР УЧАСТКАСИНИ ИККИЛАМЧИ ИЖАРАГА БЕРИШ ШАРТИ ҚАНДАЙ?

 Маълумки, амалдаги йилнинг сентябрь ойида  “Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ердандан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

 Ушбу қонун билан Ер кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, эндиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш мумкин. Бунда ушбу тоифадаги ерлар бир йилгача муддатга иккиламчи ижарага берилади. 

 Инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шерикчилик асосида ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ёки ўрмон фонди ерларини тарафларнинг келишувига кўра иккиламчи ижарага берилади. Лекин ер участкасини ижарага бериш шартномаси муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

 Ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

 Агар ер участкасини ижарага бериш шартномаси муддатидан илгари бекор қилинса, бу иккиламчи ижара шартномасининг ҳам бекор қилинишига (агар шартномада бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса) сабаб бўлади.

 Ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш тарафларнинг келишувига кўра, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг қарорига кўра амалга оширилади. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.

 “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, фермер хўжалигига берилган ер участкалари қишлоқ хўжалик экинларини оралиқ экиш учун 1 йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкин.

 “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, деҳқон хўжаликлари ўзига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкаларини ёки унинг бир қисмини қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштириш мақсадида вақтинча фойдаланишга бериши мумкин. Бунда ер участкасидан вақтинча фойдаланиш тартиби тарафларнинг келишуви асосида белгиланади.

 Инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида қуйидагилар:

    қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар ва лалми ерлар –Ўзбекистон фуқароларига ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарига;

 ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерлари – жисмоний ва юридик шахсларга;

 яйловлар, бўз ерлар, кўп йиллик дов-дарахтлар – Ўзбекистон фуқароларига, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шунингдек, Ўзбекистон резидентлари бўлган инвесторларга 3 йилдан кам бўлмаган ва 49 йилдан ошмайдиган муддатга ижарага берилиши мумкин.

 Қонун билан “Ўрмон тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, давлат ўрмон фонди участкалари юридик ҳамда жисмоний шахсларга асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш учун давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан шартнома асосида берилади. Бу жараён илгари Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси рухсатномаси бўйича амалга оширилар эди.

 Қонунда шунингдек, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси органларига маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати берилди. 


Ўктам ТУРСУНҚУЛОВ,

 туман ҳокимлиги бош юрист консультанти.