ҲАЛОЛЛИК БАРАКА МАНБАИДИР

    Аллоҳ таоло инсон зотини ер юзида яшашини ихтиёр қилди ва яшаш учун инсонга беҳисоб нематларни ато қилди. Шу нематлар ичида инсон учун фойдали бўлганлари ва зарар етказадиганлари мавжуд.

     Аллоҳ таоло ўз китобида: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз , Биз сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, унга шукр қилингиз!” деб марҳамат қилган. (Бақара сураси, 172-оят).   

     Демак оятдан кўриниб турибдики, нематларни фақат покиза ва ҳалолидан истефода қилишимиз зарур экан. Аллоҳ таоло ўзининг китобида барча нарсаларни ҳалол ва ҳаромини англатиб қўйган. Муқаддас Ислом динимизда ҳалолликка жуда катта эътибор берилади. Ибодат масалаларида ҳам, тижоратда ҳам, муомулада ҳам. Чунки қилган ибадатларимизни Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши албатта ҳалолликка боғлиқ.

    Абу Ҳурайра( розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: “Эй инсонлар, Аллоҳ таоло покдир. Фақат покни қабул қилур. У муминларни расулларни буюрган нарсага амр қилган”, деб қўйидаги оятларни ўқидилар. “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: (Пайғамбарларимизга шундай дедик): “Эй пайғамбарлар! Пок (таом) лардан танаввул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, мен қилаётган ишларингизни билувчидирман” .(Муминун сураси, 51 оят).

       Тижорат масаласи, бу инсонларни доимий хожати тушиб турадиган нарса бўлиб, тижорат билан шуғулланадиган кишилар ҳам ундаги ҳалол ва ҳаромни яхши билишлари лозим, акс ҳолда ҳам ўзларига ва ҳам ўзгаларга зулм қилган бўладилар. Уломолар тижоратнинг таърифида бир бирига яқин бир неча маъноларни айтишган:”Тижорат – бирон нарсани савдога қўйиб, фойда олиш учунг сотиб олишдир”, “Тижорат – олди сотди ила фойда излашдир:, “Тижорат – фойда кўриш мақсадида молни айлантиришдир”.

    Савдода икки тамоннинг розилиги шартдир. Бировни зўрлаш, алдаш, мажбурлаш ҳаром ҳисобланади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “ Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, деганлар.

 Ҳозирги кунда одамлар ичида билиб ёки билмасдан, илмсизлик сабаб турли кўринишдаги  олди бердилар масаласида ҳаромга аралашиб қолиш ҳолатлари мавжуд. Жумладан:

1. Рибо яъни судхўрлик (працентчи ҳам дейилади).

2. Эҳтикор (монополия)

Ислом динида нафақат ҳаром , балки шубҳали ишлардан ҳам йироқ бўлиш лозимлиги айтилади. Шубҳа бу, ҳукми ноаниқ бўлган, аслини билиб бўлмайдиган нарсаларга айтилдади. Бунинг ҳукмини олимлардан сўраб олиб, кейин фойдаланиш лозим бўлади.

Нуъмон ибн Башир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:”Абатта, ҳалол очиқ ойдиндир, ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. Уларни одамларни кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади”, дедилар.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳаётимизнинг турли жабҳаларида, ким бўлишимиздан қатъий назар ҳалолликни ўзимизга лозим тутишимиз, динимиз ва жамиятимизни бундай ҳаромга олиб борадиган иллатлардан сақлашимиз лозим бўлади.


А. Яқубов,

Иштихон туман бош имом хатиби.