СОҒЛОМ ТИШЛАР - ИНСОН КЎРКИ

Соғлом тишлар, чиройли табассум инсон кўркидир. Аммо гоҳида бизга ҳусн бағишлайдиган, саломатлигимиз билан боғлиқ бўлган тишларимизни эҳтиётлаш, парвариш қилишни унутиб қўямиз. Тишларнинг  соғлом, қолаверса чиройли бўлишида шу соҳа мутахассисларининг маслаҳати ва кўмаги ҳамиша зарур. Овқат ҳазм қилиш жараёнида биринчи ва асосий вазифани бажарувчи тишларнинг соғлом бўлиши  кўпгина  хасталикларнинг олдини олади. Яхши биламиз оғиз бўшлиғи жуда нозик аъзо. Ҳазм жараёнларининг нормал кечиши, турли ошқозон касалликларининг рўй бермаслигида соғлом тиш ва милкларнинг аҳамияти катта. 

Бугун шу соҳага ихтисослашган стоматология поликлиникалардан ташқари, кўплаб хусусий тиш шифохоналари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳам аҳоли орасида тиш касалликларининг олдини олиш, даволаш ва профилактикасида катта ижобий аҳамият касб этади. 

Митан шаҳарчасида фаолият юритувчи тиш шифокори Шохрух Шароповга мурожаат қилган мижозлар уни жуда билимли ва қўли енгил шифокор дейишади. У 2015 йилда Тошкент Давлат Стоматология институтининг Бухоро филиалини тугатиб меҳнат фаолиятини бошлади.

– Соғлом тиш ҳар қандай кишини ёш ва чиройли кўрсатади. Инсоннинг муҳим аъзоларидан  бўлган тишлар гигиенасига болаликдан бошлаб ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Тўғри олдин тиш олиш, даволаш оғриқли кечган. Ҳозир эса бу борада ўзгаришлар кўп. Ҳеч қандай оғриқсиз даволаш имкониятлари мавжуд. Тиббий аппаратлар такомиллашган.   Бор-йўғи 10-15 дақиқа ичида бемор оғриқсиз даволанаётир , -  дейди шифокор Шохруҳ Шаропов.


Олим ҚЎЧҚОРОВ.