КИМЛАР МЕРОС ОЛИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА ЭМАС?

Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради. Фуқароларнинг қонун билан тақиқланмаган барча мулки ва мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари хусусий мулк сифатида мерос таркибига тегишлидир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1116-моддасига кўра, мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади.

Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.

 Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар шу фарзандларидан қолган мерос мулкига ворис бўлиш ҳуқуқига, шунингдек, мерос қолдирувчини таъминлаб туриш юзасидан қонун асосида ўзларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаган ота-она (фарзандликка олувчилар) ҳамда вояга етган фарзандлар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.


И.Еткиров,

Иштихон туман адлия булими катта маслахатчиси.